Халқаро анжуман икки давлат ўртасида олий таълим, илм-фан, инновация ва академик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.

Форум Бухоро давлат техника университетида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Туркиянинг 60 га яқин олий таълим муассасалари раҳбарлари, ректорлар, проректорлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Туркия Республикаси Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар ҳамда Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова иштирок этиб, форумнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган бўлиб, бу жараён таълим соҳасида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Айниқса, олий таълим муассасалари ўртасида қўшма дастурлар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳалар сони тобора ортиб бормоқда.

Форумнинг асосий қисми пленар йиғилишлар ва тематик муҳокамалардан иборат бўлди. Уларда университетлар раҳбарлари ўз тақдимотлари билан қатнашиб, олий таълим тизимидаги замонавий тенденциялар, глобал рақобат шароитида университетлар ўрни, таълим сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон–Туркия таълим ҳамкорлигида амалга оширилаётган муваффақиятли лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Хусусан, қўшма таълим дастурлари, академик мобиллик, илмий ҳамкорлик ва инновацион ишланмалар бўйича янги ташаббуслар кўриб чиқилди.

Форумнинг муҳим натижаларидан бири сифатида икки давлат университетлари ўртасида 50 дан ортиқ ҳамкорлик меморандум ва шартномалар имзоланди. Бу келишувлар келгусида қўшма факультетлар ташкил этиш, икки дипломли таълим дастурларини кенгайтириш, лабораториялар ва илмий марказлар фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Форум учта асосий секция бўйича давом этди. Жумладан, “Келажак муҳандислари: университет – саноат интеграцияси ва қўшма технологик ечимлар”, “Олий таълимда бошқарув, сифат ва ижтимоий трансформация”, “Тиббий таълим, спорт ва педагогикада инновациялар ҳамда рақамли технологиялар” мавзуларида муҳокамалар ташкил этилди.

Мазкур секцияларда икки мамлакатнинг етакчи олимлари ва мутахассислари олий таълимда учраётган долзарб масалалар, уларнинг ечимлари ҳамда келгуси ривожланиш йўналишлари юзасидан фикр алмашди. Айниқса, университет ва саноат кооперациясини кучайтириш, таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ошириш, бошқарув механизмларини такомиллаштириш ва рақамли технологияларни таълим жараёнига кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Форум қатнашчилари учун Бухоро шаҳрининг бой тарихий-маданий мероси билан танишиш мақсадида махсус маданий дастур ҳам ташкил этилди. Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига ташриф буюриб, Бухоронинг тарихий обидалари бўйлаб экскурсия қилди.

Мутахассислар фикрича, мазкур форум Ўзбекистон ва Туркия олий таълим тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. У икки давлат университетлари ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятни ошириш ва халқаро таълим маконида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун янги имкониятлар очиб берди.

Шунингдек, форум ёшлар учун халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар кўламини ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.