Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати яна кўтарилиб, айрим ҳудудларда 41–42 даражагача етиши кутилмоқда. Тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва сел-сув тошқинлари, шимол ҳамда чўл ҳудудларида эса кучли шамол ва чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
«Ўзгидромет» маълум қилишича, сўнгги кунларда кузатилган нисбатан қулай об-ҳаводан кейин дам олиш кунлари республика бўйлаб ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади.
Бугун кундузи ҳаво ҳарорати асосан 34–37 даража бўлади. Шанба ва якшанба кунлари эса 37–40 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида 41–42 даражагача исиши кутилмоқда.
Шу кунларда республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Фақат тоғли ҳудудларнинг айрим жойларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Шунингдек, Тошкент вилояти ҳамда Фарғона водийси вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли бор.
8–9 август кунлари республика шимоли ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги сониясига 13–18 метргача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳам ёғингарчилик кутилмайди. Бугун кундузи ҳаво ҳарорати 36 даража атрофида бўлса, дам олиш кунлари 37–39 даражагача кўтарилади. Кечалари ҳаво 21–24 даража илиқ бўлади. Шамол шарқдан сониясига 3–8 метр тезликда эсади.