2026 йил 5 – 6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) ҳамда Корея жамоат фонди ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун жамоат саломатлиги масалалари бўйича ўқув-тренинг ташкил этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида жамоат саломатлиги бўйича хабардорлик ва тиббий саводхонликни оширишга қаратилган кенг қамровли лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа 2026 йил апрель-декабрь ойларида Тошкент шаҳри, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади аҳолининг профилактика, эмлаш ва юқумли касалликлардан ҳимояланиш бўйича билимларини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимидаги тиббиёт ходимларининг аҳоли билан мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ОАВ вакилларининг тиббий маълумотларни холис ва масъулиятли тарзда ёритиш салоҳиятини кучайтиришдан иборат.

Журналистларнинг жамоат саломатлигидаги ўрни

Тадбирда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот котиби Мафтуна Саидова жамоат саломатлиги масалаларида ахборотнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, юқумли касалликларни қасддан тарқатиш ёки тарқатиш хавфини юзага келтириш ҳолатлари учун амалдаги қонунчиликда ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Шунингдек, мамлакатда эмлаш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этиши, қолган аҳоли қатламини ҳам тўғри маълумот билан қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди.

Мафтуна Саидова тиббий суғурта тизимини ривожлантириш профилактик тиббиётни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

— Биз Корея билан бежиз ҳамкорлик қилмаяпмиз. У ерда профилактика ва тиббий суғурта тизими аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда катта самара берган. Масалан, бачадон бўйни саратони эрта аниқланиши ҳисобига оғир асоратлар сезиларли даражада камайган. Биз ҳам профилактикага кўпроқ эътибор қаратсак, касалликларнинг оғир оқибатларининг олдини олишимиз мумкин, — деди у.  

Вакцинация нега болаликдан бошланади?

Семинарнинг асосий маърузасини тиббиёт фанлари номзоди, Вирусология илмий-тадқиқот институти ходими Шоҳиста Бакиева тақдим этди. Мутахассиснинг таъкидлашича, давлат эмлаш тақвими илмий асосланган бўлиб, ҳар бир вакцина организмда иммунитет шаклланиш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган муддатларда амалга оширилади. Унинг сўзларига кўра, гепатит В вирусига қарши вакцина ҳаётнинг биринчи суткасида қилиниши бежиз эмас.

— Агар чақалоқ гепатит В билан касалланган онадан туғилган бўлса, вирус туғруқ жараёнида юқиши мумкин. Биринчи 24 соатда эмлаш орқали иммунитет шаклланиб, касаллик ривожланишининг олди олинади, — деди мутахассис.

Шоҳиста Бакиеванинг маълум қилишича, гепатит В га қарши эмлаш организмни ўртача 20 – 25 йил давомида ҳимоя қилиши мумкин. Шунингдек, у 2001 йилдан буён мамлакатимизда гепатит В га қарши эмланган аҳоли орасида мазкур касаллик қайд этилмаганини таъкидлади.

Қизамиқ нега яна кўпаймоқда?

Семинарда қизамиқ касаллигига оид ҳолатлар ҳам муҳокама қилинди. Мутахассиснинг айтишича, авваллари қизамиққа қарши вакцина бир ёшдан бошлаб қилинган бўлса, кейинги йилларда бир ёшгача бўлган чақалоқлар орасида касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабабли эпидемик кўрсатмалар асосида 6 ойлик ва 9 ойлик болаларни ҳам эмлаш амалиёти жорий қилинган. Бу тартиб 2022 йилдан қўлланилмоқда. Дилдора Одилова таъкидлаганидек, қизамиқ ҳеч қачон бутунлай йўқолмаган, аммо оммавий эмлаш ҳисобига эпидемик тарқалиш ҳолатлари кузатилмаган.

— Охирги йилларда эмлаш қамровининг пасайиши натижасида вакцина орқали олди олинадиган касалликлар яна кўпайишни бошлади. Эмланмаган болалар нафақат ўзлари, балки ҳали эмлаш ёшига етмаган чақалоқлар учун ҳам хавф туғдиради, — деди мутахассис.

Шунингдек, меҳнат миграцияси жараёнлари ҳам айрим юқумли касалликларнинг мамлакатга кириб келишига таъсир этаётгани қайд этилди.

Эмлашнинг кечикиши қандай оқибатларга олиб келади?

Мутахассис қизамиқнинг оғир асоратларидан бири — ўткир ости склеротик панэнцефалит ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур асорат бош миянинг босқичма-босқич зарарланишига олиб келиб, оғир неврологик ўзгаришлар ва ҳатто ўлим билан якунланиши мумкин.

— Вакциналарнинг ҳар бири маълум вақт учун белгиланган. Бекорга эмлаш тақвими тузилмаган. Кечиктирилган эмлаш баъзан кеч бўлиши мумкин, — деди Шоҳиста Бакиева.

Вакциналар қандай сақланади?

Семинар иштирокчиларига вакциналарнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш масалалари ҳам тушунтирилди. Қайд этилишича, барча вакциналар махсус совуқлик занжири тизими орқали сақланади. Улар махсус совутгичли омборлар ва совутгичли транспорт воситаларида белгиланган ҳарорат режимига қатъий риоя қилинган ҳолда ташилади. Шунингдек, ҳар бир вакцинанинг амал қилиш муддати мавжуд бўлиб, белгиланган талабларга мувофиқ қўлланилади.

Тадбир давомида мутахассислар жамоат саломатлигини муҳофаза қилишда профилактика, вакцинация ва аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Журналистларнинг ишончли манбаларга таяниб, тиббий маълумотларни аниқ ва масъулиятли ёритиши аҳоли орасида нотўғри қарашлар ва асоссиз хавотирларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Семинар қатнашчилари фикрича, давлат идоралари, тиббиёт мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик жамоат саломатлигини мустаҳкамлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Зулхумор Акбарова