Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Президент Халқ қабулхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда мурожаатлар бўйича қайта алоқа — SMS-хабарнома юбориш хизматини ишга туширди.
Янги тизим орқали фуқарога мурожаатининг ҳар бир босқичи ҳақида pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинети ва SMS-хабарнома орқали маълумот бериб борилади.
SMS-хабарномада махсус ҳавола бўлади. Фуқаро ушбу ҳавола орқали шахсий кабинетига кириб, мурожаатига берилган жавоб билан танишиши ва унга муносабат билдириши мумкин.
Агар фуқаро жавобдан қониқса ёки муаммоси ҳал этилган бўлса, «Розиман» тугмасини босади. Агар жавобдан қониқмаса ёки масала ижобий ҳал этилмаган бўлса, «Эътирозим бор» тугмасини босиб, мурожаатни қайта ижрога қайтариши мумкин.
Мурожаатни кузатишнинг 5 босқичи
1. Фуқаро SMS-хабарномада келтирилган ҳавола орқали pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинетига киради.
2. У ерда мурожаатнинг барча босқичларини кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.
3. Мурожаат ўрганилиб, унга жавоб берилгач, фуқаронинг pm.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтган телефон рақамига махсус ҳаволага эга SMS-хабарнома юборилади.
4. Фуқаро ҳавола орқали шахсий кабинетига кириб, мурожаатига берилган жавоб билан танишади ва ўз муносабатини билдиради.
5. Жавобдан қониқса, «Розиман», қониқмаса ёки масала ҳал этилмаган бўлса, «Эътирозим бор» тугмасини босади. Бунда мурожаат қайта ижрога қайтарилиб, яна кўриб чиқилади.
Шу тариқа, фуқаролар энди ўз мурожаатининг ижро жараёнини кузатиш, берилган жавобни баҳолаш ва зарур ҳолларда уни қайта кўриб чиқишга юбориш имкониятига эга бўлади.