Бу ҳақда Ўзэнергоинспекция томонидан қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва ёқилғи-энергетика соҳасидаги давлат назорати натижаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Инспекция бошлиғи Аҳадхон Исоқжоновнинг таъкидлашича, аниқланган қоидабузарликлар оқибатида давлат манфаатларига жами 900,3 млрд сўм зарар етказилган. Жумладан, 144,3 млн куб метр табиий газ ва 243,1 млн кВт·соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари қайд этилган.
Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик бўйича 4 629 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва корхоналарда ўтказилган текширувлар давомида 330 та ҳолатда жами 7 828,3 тонна сифатсиз нефть маҳсулотининг сотувга чиқарилиши олди олинган.
Электр тармоқларида ҳам қатор қоидабузарликлар аниқланган. Жумладан, энергетика тизими корхоналарида ишларнинг хавфсиз ташкил этилишини ўрганиш мақсадида 366 та текширув ўтказилган. Камчиликлар сабабли 168 та бригаданинг иши тўхтатилган, 121 нафар масъул ходимга интизомий жазо қўлланилган.
Матбуот анжуманида истеъмолчилар ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар ҳам маълум қилинди. Хусусан, 283 та тадбиркорлик субъектига электр энергияси учун ортиқча ҳисобланган 5 млрд 321 млн сўм ҳамда табиий газ учун ортиқча ҳисобланган 19 млрд 84 млн сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Мажбурий энергетик аудит ўтказилиши белгиланган 299 та истеъмолчининг 213 тасида аудит тўлиқ якунланган. Уларнинг хулосалари асосида энергия ресурсларини тежашга қаратилган 1 840 та чора-тадбир ишлаб чиқилган.
Ушбу чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 208 млн кВт·соат электр энергияси, 125 млн куб метр табиий газ, 1 143 минг Гкал иссиқлик энергияси ҳамда 22 минг тонна нефть маҳсулотини тежаш кутилмоқда.
Бундан ташқари, 3 854 та истеъмолчида реактив энергияни компенсация қилиш қурилмалари ўрнатилиши таъминланган. Бунинг натижасида 28,2 млн кВт·соат электр энергияси тежалган.
Матбуот анжуманида қиш мавсумини беталофат ўтказиш, энергия ресурсларидан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб берилди.