Ана шу саволдан эпигенетик билимга асосланган деҳқончилик деб атаётган ёндашувимиз шакллана бошлади. Бу атама фермерга ноодатий эшитилиши мумкин, лекин мантиғи содда. ДНК уруғнинг алифбоси бўлса, физиологик ва эпигенетик бошқарув шу алифбонинг қачон ва қандай “ўқилиши”га таъсир қилади. Ёши, намлиги, у кўрган ҳарорат, сақлаш шароити, физиологик ҳолати ва кейинги муҳит уруғнинг қачон ва қай тарзда униб чиқиши, илдиз отиши, ўсиши ва пишишига таъсир қилади. Бугунги геномика ва пангеномика даврида замонавий биология бундай ҳолатларнинг генетик, гормонал, метаболик ва эпигенетик бошқарув орқали биргаликда амалга ошишини кўрсатмоқда.

Замонавий қишлоқ хўжалигида ҳозирги мақсад лабораториялардаги анъанага айланиб кетган чиройли натижалар ёки механизм ҳақида гапиришдан иборат эмас, аксинча, бугунги глобал муаммолар шароитида, бир қарашда мураккаб бўлган ёки эътибордан четда қолган билимларни арзон, оддий ва катта майдонда иш берадиган агротехнологияга айлантириш асосий вазифалардан.  

Уруғ оддий экин материали эмас

Деҳқон уруғни ерга экканда унинг ортида уруғнинг шаклланиш тарихи билан чамбарчас боғлиқ жуда мураккаб биологик жараён туради. Уруғ она ўсимликда қандай шакллангани, қай даражада пишгани, қанча намликда сақлангани, омборда қандай ва қанча вақт тиним даврини ўтказгани доннинг кейинги кучига таъсир қилади. Шунинг учун уруғ ташқи кўринишда “қуруқ ва ҳаракатсиз” бўлса ҳам уйғониш вақти, ички ритми ва тайёргарлик ҳолати бор.

Илмда бу “уруғ кучи” деган тушунча билан яхши маълум. Кучли уруғ тез ва бир текис униб чиқади. Далада дастлабки кўчат қалинлигини яхшироқ таъминлайди ва ке­йинги агротехник тадбирларга бир хил ҳолатда киради. Буғдойда эса уруғнинг тиним даври, униши ва ҳароратга жавоби генетик, гормонал, метаболик ва эпигенетик бошқарув билан боғлиқ. Демак, селекция навнинг ДНКсини яратади, лекин фермерга етиб боргунча ўша генетик имкониятнинг қай даражада намоён бўлишига уруғнинг физиологик ҳолати ҳам таъсир қилади.

Шу ерда бизда янги фикр пайдо бўлди. Агар навни алмаштирмай, генни ўзгартирмай, уруғнинг экишдан олдинги ҳолатини биологик билим асосида бошқарсак-чи? Агар фермер даласига тушадиган уруғни шундай тайёрласак, у мавсумни сергак, тезроқ ва бир текис бош­лаши мумкинми? Эпигенетик билимга асос­ланган деҳқончилик концепциясининг ­амалий саволи айнан шу бўлди. 

Ғоядан амалиётга

Ўзбекистонда синовдан ўтказилган ­амалиётнинг моҳияти қуруқ уруғни 2 ойгача назорат қилинган шароитда совуқда сақлашдан иборат. 2025 йилда бу йўналиш пилот тартибда бошланди. Кейин амалиёт ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 7 августдаги 35-буйруғи Адлия вазирлигида 3675-сон билан рўйхатдан ўтказилди.

Ҳужжатда амалиёт “яровизация” атамаси билан юритилади. Кейинги ўринларда уни дастур деб атаймиз. Бироқ бу ерда классик маънодаги намланган уруғни совуқда ушлаш эмас, балки тайёрланган, ишлов берилган ва қадоқланган қуруқ уруғни назорат қилинган намликда совуқ омборда сақлаш назарда тутилади. Дастур пакети уруғ намлигини 14 фоиздан оширмаслик, уни +1 дан +5 даражагача бўлган ҳароратда 45-60 кун сақлаш ва сифат назоратини ҳужжатлаштиришни қамраб олади. Совуқ уруғнинг экишгача бўлган ҳолатини — тиним даврини бошқаришдаги назорат қилинадиган ­шароитдир. Дастур фақат ҳароратдан иборат эмас. У уруғни тайёрлаш, ишлов бериш, намликни назорат қилиш, қадоқлаш, совуқда сақлаш ва сифат текширувларидан иборат ягона технологик пакет. Илмий таҳлил ҳам айнан шу пакетнинг даладаги натижасига таянади.  

973 гектардан 685 минг гектарга

2025 йилда дастур атиги 973 гектарда синовдан ўтказилди. Бир йилдан кейин — 2026 йил ҳосили учун у 685 минг 65 гектаргача кенгайди. Бу республикадаги суғориладиган буғдой майдонининг 72,3 фоизига тенг. Бир мавсумда 0,1 фоизли пилотдан 72 фоиздан ортиқ майдонга чиқиш қишлоқ хўжалигида жуда кам учрайдиган масштаблаш суръатидир.

Албатта, майдонни кенгайтиришнинг ўзи натижа эмас. Ҳар қандай технологияни тез тарқатиш мумкин, лекин фермер учун муҳими — унинг самарасидир. Шунинг учун янги тадқиқотда биз дастурнинг “қанча гектарга чиққани” билан чекланмадик. Бир йилнинг ўзида, бир хил ҳудудда, бир хил номдаги нав ва бир хил нав синфи бўйича дастур уруғи билан анъанавий сақланган уруғни тўғридан тўғри қиёсий ўргандик.

2026 йили ўнта ҳудудда 92 та аниқ мос нав-ҳудуд жуфтлиги топилди. Улар миллий дастур майдонининг 65,2 фоизини қамраб олди. Энг муҳими, барча — 92 таққослашда ҳам дастурдаги ижобий фарқ анъанавий майдонга нисбатан аниқ кўринди. Келинг, натижаларга алоҳида тўхталайлик.

Оддий қилиб айтганда, бир хил навни бир хил ҳудудда солиштирганда дастур ­майдонларида ҳосил гектарига қарийб бир тонна юқори бўлди. 2026 йилда дастур қамрови ҳудудлар бўйича 45,6 фоиздан 100 фоизгача етди. Андижон, Бухоро ва Хоразмда қайд этилган майдонлар тўлиқ дас­турга ўтган бўлса, бошқа ҳудудларда ­анъанавий ва дастур уруғи ёнма-ён ўсди. Ана шу аралаш ҳудудлар бизга тўғридан тўғри таққослаш имконини берди. 

Бир хил навни ўзи билан солиштириш

Катта ҳажмли миллий маълумотда бир хавф доимо мавжуд: яхши нав бир ҳудудга, бошқа нав бошқа ҳудудга экилади, сув ва тупроқ фарқ қилади, кейин рақамларни таққослаб, сабабни технологияга ёзиб қў­йиш осон. Шунинг учун 2026 йилда бир хил буғдой нави, бир хил нав синфи ва бир хил ҳудудда ҳам дастур уруғи, ҳам анъанавий сақланган уруғ мавжуд бўлган ҳолатларни алоҳида саралаб таҳлил қилдик. Шундай 92 та аниқ мос жуфт ўнта ҳудуддан топилди. Бу жуфтлар 446 минг 746 гектар дастур майдонини, яъни миллий дастурнинг 65,2 фоизини қамраб олди.

Натижа жуда аниқ-равшан чиқди: 92 та жуфтнинг 92 тасида ҳам дастур қўлланган майдонларда ижобий фарқларни кузатдик. Оддий ўртача фарқ гектарига 0,90 тонна, майдон билан вазнланган фарқ 0,94 тонна бўлди. Турли статистик текширувлар ва бир ҳудудни навбатма-навбат чиқариб, қайта ҳисоблашда ҳам ижобий йўналиш сақланди.

Фарқ ҳосил йиғимидан эмас, униб чиқишдан бошланди

Биз учун янада қизиғи, фарқ буғдой униб чиққандаёқ пайдо бўляптими деган савол бўлди. Буни аниқлаш учун 2026 йилда 154 туман, 35 минг 875 та фермер хўжалиги ва 947 минг 110 гектар майдонни қамраб олган алоҳида мониторинг ташкил қилинди. Уларнинг 106 та туманида ҳам дастур уруғи, ҳам анъанавий уруғ мавжуд бўлгани учун бевосита жуфт таққослаш мумкин бўлди.

Ижобий натижа ўсимлик ҳаё­тининг бошиданоқ кўрина бош­лади. Дастур майдони 75 фоиз униб чиқиш босқичига ўртача 2,59 кун эртароқ етди. Дастлабки кўчат қалинлиги 39,1 фоиз юқори бўлди. Кейин бу катта фарқ табиий равишда қисқарди. Чунки буғдой тупланиш жараёнида ўз зичлигини қисман компенсация қилади. Шунга қарамай, ҳосилдор поялар сони охирги босқичда ҳам 9,6 фоиз юқори бўлиб қолди.

Фенологик ривожланиш ҳам олдинга силжиганини кузатдик. Тупланиш ўртача 3,68 кун, найчалаш 3,24 кун, бошоқлаш 3,10 кун, тўлиқ пишиш эса 3,64 кун эртароқ кузатилди. 106 та жуфт туманнинг 104 тасида тўлиқ пишиш эртароқ бўлди, биттасида бир хил кунда, биттасида эса кечроқ қайд этилди.

Бу ерда “уч кун нима қилади?” деган савол туғилиши мумкин. Иссиқ ҳарорат ва сув танқислиги кучайиб бораётган ҳудудда уч-тўрт кун баъзан жуда қимматли агрономик вақт. Эртароқ униб чиқиш ўсимликка илдиз тизимини тезроқ шакллантириш имконини беради. Барвақт бошоқлаш ва пишиш эса баҳор охири ва ёз бошидаги юқори ҳароратлардан сақланиш, сувни тежаш ва йиғим-теримни мувофиқлаштириш учун қўшимча имкониятдир. 

Ўзбекистон буғдойчилигидаги ўзгаришлар

Бу ерда яна бир муҳим ҳақиқатни очиқ айтиш керак: Ўзбекистон буғдойчилиги сўнгги ўн бир йилда нав алмашинуви, агротехника, сув бошқаруви, уруғчилик, молиялаштириш, бозор механизмлари ва фермер билимларининг биргаликда ўзгариши фонида ўсди.

2016 йилда суғориладиган буғдой майдони 1 миллион 132 минг гектардан ортиқ эди. 2026 йилда у 947 минг гектарга тушди, яъни майдон 16,4 фоиз қисқарди. Аммо шу даврда вазнланган ўртача ҳосилдорлик гектарига 5,64 тоннадан 9,78 тоннага кўтарилди. Ўсиш 73,4 фоизни ташкил этди. Майдон камайган бўлса-да, ҳисобланган умумий етиштириш 6,39 миллион тоннадан 9,26 миллион тоннага, яъни 45 фоиз ошди. Демак, генетика, агрономия, сув, уруғ, бозор ва фермер қарорлари бир тизимда ишласа, камроқ майдондан кўпроқ маҳсулот олиш мумкин. 

Нега технология бир йилда шунча тез кенгайди?

“Эпигенетика” деган сўзни эшитганда кўпчилик лаборатория, ДНК метилланиши ёки мураккаб молекуляр таҳлилни тасаввур қилади. Бу тўғри, лекин деҳқончилик нуқтаи назаридан унинг мантиғи кенгроқ. Бир хил геномга эга уруғлар ҳам турли физиологик ҳолатда бўлиши мумкин. Уруғ намлиги, ҳарорат, сақлаш муддати, физиологик ёши ва кейинги муҳит унинг униш суръати ва ривож­ланиш йўлини ўзгартиради. Илмий адабиётларда уруғнинг тиним даври ва униши гормонлар, метаболизм ва эпигенетик бошқарув билан боғлиқ экани яхши маълум.

Шу билимлардан келиб чиқиб, биз “эпигенетик билимга асосланган деҳқончилик” деганда, ДНКни ўзгартирмай, ўсимликнинг физиологик ва регулятор ҳолатини тушуниб, уни агрономик қарорга айлантиришни назарда тутмоқдамиз. Қуруқ уруғни совуқ шароитда кондициялаш ана шу фикрдан туғилган амалий мисоллардан бири. Фан олдига эса бу амалиётда кузатилган ижобий натижаларнинг биологик механизмларни очиб бериш вазифаси қўйилади.

Қишлоқ хўжалигида яхши ғоянинг ўзи етарли эмас. У фермерга етиб бормаса, логис­тикаси ишламаса, омбори бўлмаса, кредит ва бозор рағбати мос келмаса, яхши технология лаборатория ёки пилот хўжаликда қолиб кетади.

Бу дастурнинг бир йилда 973 гектардан 685 минг гектарга кенгайиши фақат уруғ физиологияси билан изоҳланмайди. Совуқ ­омбор инфратузилмаси, уруғ тайёрлаш ва сифат назорати, ҳудудий агрономлар ва билим тарқатиш тизими, фермерларнинг иштироки, бозор асосидаги буғдой савдоси, имтиёзли кредит, қишлоқ хўжалиги таваккалчилигини суғурталаш, сув тежамкор технологияларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли ҳосил мониторинги бир-бирини тўлдирди. Биологик билим фермерга фойда бериши учун амалий ташкилий тизимга айланиши керак.

Бу тажрибани бошқа мамлакатга кўчириш мумкинми?  

Албатта, мумкин ва зарур. Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг кўплаб ҳудудида фермерлар иссиқлик, сув танқислиги, қисқа агротехник муддат, уруғ сифати ва молиявий чекловлар шароитида ишлайди. Уларга ҳар доим энг қиммат технология керак эмас. Баъзан мавжуд биологик билимни маҳаллий ресурсга мослаб соддалаштириш катта натижа бериши мумкин.

Лекин Ўзбекистондаги 45-60 кунлик, +1 дан +5 даражагача бўлган режимни олиб, бош­қа давлатга айнан кўчириш тўғри ­ёндашув эмас. Навлар бошқа, иқлим бош­қа, уруғ намлиги, омбор инфратузилмаси, экиш муддати ва фермер имконияти бошқача бўлади. Шунинг учун экспорт қилинадиган маҳсулот рақам эмас, мантиқдир. Уни тўғри қўллаш учун, аввало, маҳаллий навлар биологиясини ва муаммоларини тушуниб олиш лозим. Кейин оддий ва арзон технологик ечим яратиш, кичик пилотда синаб кўриш, фермерга натижани кўрсатиб, ишончини қозониш, сифат стандартларини белгилаб, ­инфратузилма ва молия билан қўллаб-қувватлаш асосий мўлжал бўлиши керак. Шундан кейингина амалиётни кенг жорий қилишга эришиш мумкин.

Бошқа мамлакатда совуқ омбор бор бўлса, режим ҳам ўзгача ишлаши эҳтимоли бор. Совуқ инфратузилма чекланган бўлса, уруғ физиологиясини бошқаришнинг бошқа усули керак бўлиши мумкин. Муҳими, эпигенетик ва физиологик билимни маҳаллий деҳқончилик экотизимига мослаштиришдир. 

Бу фермерга нима беради?

Фермер илмий жадвал ва статистик формулаларни кўтариб далага чиқмайди. Унинг учун уруғ тез ва равон униши, далада соғлом ва бир текис кўчат шаклланиши, ўсимлик ўз вақтида ривожланиши, иссиқ ва ноқулай об-ҳавога қолмай пишиши ҳамда омборга қанча дон кириши муҳим.

2026 йилги маълумотларда дастур айнан шу занжирнинг бир нечта ҳалқасида ижобий сигнал берди. Яъни эртароқ униб чиқиш, дастлабки қалинроқ туп, эртароқ тупланиш ва бошоқлаш, эртароқ тўлиқ пишиш, кўпроқ ҳосилдор поя ва бир хил нав-ҳудуд таққослашларида гектарига қарийб 0,9 тонна юқори ҳосил билан боғлиқ натижа кузатилди. Фермер кўзи билан кўрди ва ишонч ҳосил қилди. Бу — катта ютуқ десак, тўғри бўлади. Ушбу рақамларни кафолат эмас, Ўзбекистоннинг 2026 йилги реал деҳқончилик тизимида кузатилган натижа сифатида тушуниш керак. Ҳар бир фермернинг ери, суви, нави ва агротехникаси бошқача. Лекин биз тўплаган ва таҳлил қилган катта маълумотнинг кучли жиҳати ҳам шунда: натижа битта тажриба станциясида эмас, ўнлаб фермер ишлайдиган турли шароитда кузатилди. 

Асл сир: экин билан сўзлашишда

Буғдой оддий экин эмас. У нон, озиқ-овқат хавфсизлиги ва миллий барқарорлик билан тўғридан тўғри боғлиқ. Шунинг учун бу соҳада инновацияни фақат гектардан олинадиган тонна билан баҳолаш камлик қилади. Биз сув, ер, уруғлик, вақт ва фермер маб­лағидан самарали фойдаланишимиз керак.

Ўзбекистоннинг 2016-2026 йиллардаги траекторияси суғориладиган буғдой майдони қисқарган бир вақтда умумий дон етиштириш ҳажми ортганини кўрсатди. Бу муҳим ҳамда қишлоқ хўжалигини кенгайтириш эмас, ақлли интенсивлаштириш мантиғига яқинлашишдир. Эпигенетик билимга асосланган деҳқончиликни ҳам шу катта тизимнинг бир қисми деб кўриш лозим. У янги навнинг ўрнини босмайди, сув тежашни инкор этмайди, ўғит ёки агротехник интизомни бекор қилмайди. Аксинча, уруғдан бошлаб барча ҳалқани бир-бирига мослаштиришга ёрдам беради.

Қишлоқ хўжалигининг янги даври, эҳтимол, фақат янги ген ёки янги нав билан белгиланмайди. Ўсимлик юра олмайди, лекин муҳитни “ўқийди”: ҳарорат, намлик, нур ва сақлаш шароити унинг ривожланишида сигнал беради. Янги давр шу ички ҳолатни тушуниш, фермер даласидаги натижани баҳолаш ва биологик билимни бошқарув қарорлари билан бирлаштиришдан шаклланади. Ота-боболаримиз деҳқончиликнинг асл сири “далада экин билан сўзлашиш” эканини бежиз айтмаган экан-да. Бу маънавий қараш бугунги пангеномика даврида янада муҳим аҳамият касб этмоқда десак, энг тўғри хулоса бўлади.

Асосийси, соғлом ва маҳсулдор поя шакллантириш

Энди фермер учун амалий савол шу: бу йилги натижадан кейин нима қиламиз? 2027 йил ҳосили учун кузги буғдой экиш мавсуми бошланмоқда. Ҳудудга қараб экиш сентябрдан ноябргача давом этади. 2026 йил тажрибаси уруғни экишгача тўғри тайёрлаш катта аҳамиятга эга эканини кўрсатди. Энди шу билимни кейинги босқичга олиб чиқишимиз керак. Яъни яровизацияланган, сифатли уруғни далага тўғри муддатда, мақбул зичликда ва бутун мавсум давомида ягона агротехник тизим асосида киритиш зарур.

Шу мақсадда янги амалий қўлланмадаги энг муҳим янгиликлардан бири майса қалинлигини бошқаришга қаратилган экиш “software”идир. Суғориладиган очиқ майдонларда замонавий дон сеялкалари билан гектарига 450-500 килограмм, ғўза қатор ораларида эса 400-550 килограмм атрофида сифатли ва сертификатланган уруғ экиш тавсия этилмоқда. Лекин мақсад фақат килограммни кўпайтириш эмас. Асосийси, далада бир текис майса ва гектарига тахминан 8,5-9 миллион соғлом, маҳсулдор поя шакллантиришдир. 2026 йилги амалий кузатувларимизда юқори уруғ меъёри ва тўғри агротехника бирга қўлланган айрим майдонларда ҳосилдорлик гектарига қарийб 10 тоннага етди. Бу ҳар бир дала учун кафолат эмас, балки нав, унувчанлик, тупроқ, экиш муддати, сув ва парвариш билан бирга бошқарилиши керак бўлган янги зичлик ёндашувининг имкониятини кўрсатади.

Иккинчи йўналиш озиқлантириш ва стрессни бошқариш “software”ини аниқ­лаштиришдир. Мувозанатли NPK билан бирга бор ва бошқа микроэлементлар, кремний асосидаги воситалар, ацетилсалицил кислотаси, хамиртуруш асосидаги биологик ёндашувлар каби қўшимча ечимлар ўсимликнинг ҳақиқий ҳолати ва ривожланиш босқичига қараб қўлланиши керак. Ётиб қолиш хавфи юқори бўлган серҳосил ва қалин майдонларда этефон ҳам фақат буғдой учун давлат рўйхатидан ўтган тайёр препарат, ёрлиқ кўрсатмаси ва тўғри ривожланиш фазасига ­қатъий амал қилинган ҳолда қўлланиши мумкин. Бу воситаларнинг бирортаси “мўъжизавий” ечим эмас ва уларни ҳар бир майдонда бир хил қўллаш тўғри эмас.

Шунинг учун бу кузда фермерларимизга мурожаатимиз оддий: уруғдан бошланган “тарбия”ни далада узиб қўйманг. Қўлланмадаги барча қоидани бир-бирига ­боғланган технологик занжир сифатида бажаринг, майса қалинлигини ўлчанг, сув ва озуқани ўсимлик ҳолатига қараб бошқаринг. Ҳар бир янги ишловни кичик назорат майдонида таққослаб кўринг ва натижани дала журналига ёзиб боринг. Яхши нав “hardware” бўлса, 2027 йил ҳосилини очадиган янги “software” айнан шу интизомли ва ўлчанадиган агротехника бўлади. 

Хулоса

Research Square платформасида эълон қилинган янги мақоламизда Ўзбекистон буғдойчилигининг ўн бир йиллик миллий маълумотларини, 2026 йилги аниқ мос нав-ҳудуд таққослашларини ва 154 тумандаги дала мониторингини бирлаштирдик. Таҳлилларимиз яровизация дастури билан боғлиқ ҳосил фарқини, дала мониторинги эса фарқнинг ўсимлик ҳаёти давомида қандай шаклланаётганини кўрсатди.

Энг муҳим натижа 973 гектарли пилотнинг бир йилда 685 минг гектардан ортиқ майдонга чиқиши илм билан бошқарув бир-бирига яқинлашганда қандай натижа беришини англаб олиш бўлди. Бир хил нав ва ҳудудлардаги 92 та таққослашнинг барчаси ижобий бўлиши, 106 та туманда униб чиқиш ва фенологиянинг деярли бир йўналишда ўзгариши эса бу натижани жиддий ўрганишга арзийдиган реал агрономик билимга айлантиради. Бу билим олимларимизни ушбу ижобий агрономик сигналларни чуқур ДНК даражасида таҳлил қилишга ундамоқда. Аммо фундаментал биологик билимни фермер амалиётига мослаштириш ва натижани миллий масштабда ўлчаш мумкинлиги аллақачон аён бўлди ва бу манфаат келтира бошлади.

Эпигенетик билимга асосланган деҳқончиликнинг биз кўраётган келажаги шу: лабораториядаги билимни фермер даласига тушириш, уруғдан бошлаб ўсимлик ҳаётини яхшироқ тушуниш ва мавжуд генетик “hardware” имкониятини тўғри агротехник “software” орқали тўлиқроқ очиш. Янги давр­нинг муҳим бошланиш нуқталаридан бири уруғни тўғри ­“тарбиялаш” ва тайёрлашдир.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

қишлоқ хўжалиги вазири, академик