Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 2025 йилдан бошлаб «Сўз» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида ўзбек адабиёти, шеърияти ва китобхонлик янги талқинларда халқимизга етказилиб келинмоқда.
«Сўз»нинг шу вақтгача 3 та театрлаштирилган шеърий-концерт дастурлари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинганди.
Навбатдаги кеча шоир Эшқобил Шукурнинг «Мегаполисдан Ҳимолай чўққисигача» китоб тақдимотига бағишланди. Бу рамзий ном замирида оддий деҳқондан тортиб юксак манзилларда бани башар тақдирини ҳал қилишга даъво қилаётган кишиларнинг тақдири ҳам, гулга қўл чўзаётган мурғак гўдакнинг тилидан учаётган сўзлардан тортиб, улуғ донишманднинг ҳикматларигача жам бўлган қадрият, ўзлик масалалари ёритилган.
Бугунги глобаллашув, шаҳарлашув, оммавий маданиятлар замонида ҳаётга теран боқсангиз, соҳилсиз уммонда тургандекмиз. Маёқ қайда, кемамизнинг аҳволи нечук? Шундай қалтис дамда бу китоб ҳушёр китобхонга кўмакка келиши шубҳасиз.