Талабани мустақил фикрлайдиган, тадқиқот қиладиган, янги ғоя яратадиган, уни амалиётга татбиқ этадиган ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган мутахассис сифатида шакллантириш учун яхлит муҳит яратиш зарур.

Шу йил 11 сентябрда Президентимизнинг Олмазор туманига ташрифи ана шу ёндашувнинг амалий кўринишини намоён этди. Бинобарин, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида рақамли бошқарув ва хавфсизлик тизими, янги муҳандислик университети, “Startup Navigator” офиси, олий таълим тарихи музейи, талабалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда келгусидаги инновацион кластер учун яратилаётган муҳит бир-биридан алоҳида лойиҳалар эмас. Уларни ягона мақсад, яъни талабанинг таълим олиши, изланиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва жамиятга керакли мутахассис бўлиб шаклланишига хизмат қиладиган экотизим сифатида кўриш зарур. Бу жиҳатдан Олмазор туманидаги тажриба олий таълим тизимини ривожлантиришнинг янги босқичи учун муҳим аҳамиятга эга.

Талабага муносабат ўзгармоқда

Бир пайтлар олий таълим деганда, аввало, аудитория, дарс ва дипломни тасаввур қилардик. Талабанинг университетда қандай яшаши, ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши, иқтидори қандай ривожланиши, муаммоси қачон ва қандай аниқланиши, битиргандан кейин қаерда ишлаши каби масалаларга бир-биридан узоқ жараёнлар сифатида қараларди. Бугун талабага муносабатнинг ўзи ўзгармоқда. Энди биз учун талаба фақат таълим олувчи эмас, унинг таълими, хавфсизлиги, ташаббуси, илмий изланиши, бандлиги ва келажакдаги ўрни бир бутун тизимнинг эътибор марказида туриши керак.

Замонавий бошқарув, аввало, талабанинг муаммосини олдиндан кўра билишдан бошланади. Бугун “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида жорий этилган “Вазиятлар маркази” айнан шу вазифани бажаришга хизмат қилмоқда. Марказ Тошкент шаҳрининг ­Мирзо Улуғбек ва Сергели туманларида жорий этилган рақамли бошқарув тажрибаси асосида шакллантирилди. Бу ерда 4 та олий таълим муассасаси, 41 та талабалар турар жойи, 110 дан ортиқ кузатув камераси, SOS тугмалари, патруль хизмат автомобиллари ва бошқа объектлар ягона интерактив рақамли харитага интеграция қилинган. Натижада шаҳарчадаги вазиятни онлайн кузатиш, тезкор маълумот олиш ва зарур чораларни ўз вақтида кўриш имконияти яратилди.

Илгари талаба ҳақидаги маълумотлар турли тизимларда тарқоқ ҳолда эди. Энди эса 68 мингдан ортиқ талаба бўйича маълумотлар ягона реестрга бирлаштирилиб, ҳар бири учун электрон карта шакллантирилмоқда. Давомат, ётоқхона, ижтимоий ҳолат, мурожаатлар ва бошқа маълумотларни бир муҳитда кўриш имконияти пайдо бўлмоқда. Айниқса, “Хавф” модули ишга туширилиши муҳим. У орқали талабанинг ижтимоий ҳолатидаги хавфлар олдиндан аниқланиб, алоҳида эътибор ва назорат талаб қиладиган гуруҳлар шакллантирилади. Бунинг учун таълим, ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ахборот тизимлари билан интеграция қилинган маълумотлардан фойдаланилмоқда.

“Вазиятлар маркази” фақат хавфсизлик билан чекланмайди. “Битирувчилар бандлиги” модули орқали битирувчининг иш билан таъминланганлик ҳолатини онлайн кузатиш, ишга жойлаштириш бўйича манзилли чоралар кўриш имконияти яратилган. “ТТЖ” модули эса талабалар турар жойларидаги ўринлар, бўш ва банд жойлар ҳақидаги маълумотларни бир жойда кўриш имконини беради.

Талабанинг ўзи ҳам бу тизимнинг фаол иштирокчисига айланади. “Хавфсиз таълим” мобил иловаси ва Call марказ орқали ўқиш жараёни, контракт тўлови, дарс жадвали, ётоқхона, инфратузилма ёки бошқа муаммолар бўйича мурожаат қилиш мумкин. Мобил иловага SOS тугмаси қўшилиши эса ҳар бир талабанинг телефонини қўшимча хавфсизлик воситасига айлантиради. Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: рақамли тизим нафақат талабанинг хавфсизлигини таъминлаш, ­балки ота-онанинг ҳам фарзанди таълими ва кундалик ҳолатидан хабардор бўлиб туриши учун қўшимча имконият яратади. “Хавфсиз таълим” мобил иловасининг ота-оналар учун мўлжалланган имкониятлари орқали фарзандининг таълим жараёни, зарур ҳолатларда унинг хавфсизлиги ва университет билан боғлиқ масалалар бўйича маълумот олиш имконияти кўзда тутилган.

Шаҳарчада бир кунда 80 мингдан ортиқ талаба ҳаракатланиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, “Вазиятлар маркази” — ­катта ижтимоий муҳитни инсон манфаати ва хавфсизлиги мақсадида бошқарувнинг янги тажрибаси, талабани яхшироқ тушуниш, муам­мони олдинроқ кўриш, хавфни олдиндан аниқлаш ва қарорни тезроқ қабул қилишга хизмат этадиган бошқарув модели.

Қамровдан сифатга, сифатдан самарага

Бугунги ўзгаришларни тўғри баҳолаш учун, аввало, олий таълим тизимида ислоҳотлар бошланган даврдаги ҳолатни эслаш керак. Олий таълим тизимида узоқ йиллар давомида шаклланган ёндашувлар замон талабларига жавоб беришда қийинчилик туғдирарди. Қамров паст, таълим имкониятлари чекланган, университетлар мустақиллиги деярли йўқ, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги боғлиқлик эса бугун биз кўзлаётган даражада эмас эди.

Шу сабабли ислоҳотлар олдида турган вазифа оддий эмасди. Гап мавжуд тизимни бир оз яхшилаш эмас, балки йиллар давомида тўпланган муаммоларни ҳал қилиш, олий таълимни кенгайтириш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳақида эди. Бугун биз эришаётган натижаларнинг аҳамиятини ҳам айнан шу нуқтаи назардан баҳолаш керак.

Бу вазифалар қандай кўламда бажарилганини рақамлар кўрсатиб турибди. Олий таълим соҳасига қаратилган улкан эътибор, ёшлар келажаги, тақдирига ғамхўрлик ва изчил саъй-ҳаракатлар натижасида 2017-2026 йилларда талабалар сони 279 мингдан 1,6 миллионга етди. Олий таълим ташкилотлари сони 77 тадан 205 тага, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 9 фоиздан 44 фоизга, илмий салоҳият эса 32 фоиздан 52 фоизга ошди. Бу натижалар тизимнинг кўлами ўзгарганини кўрсатади. Энди олдимиздаги асосий масала ушбу катта салоҳиятни сифат ва натижага айлантиришдан иборат.

2026 йилда қабул қилинган янги ёндашувлар шу мақсадга қаратилган. Олий таълимда таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштиришни бир-бири билан боғлайдиган “5Т” модели шакллантирилмоқда. Бу моделда университетга билим, тадқиқот, инновация ва иқтисодий қиймат яратадиган марказ сифатида қаралади.

Шунинг учун таълим сифати энди фақат аудиториядаги дарслар ёки имтиҳон натижалари эмас, балки талабанинг қандай билим ва кўникма билан битираётгани, қанчалик мустақил фикрлай олиши, илмий изланишга тайёрлиги, инновацион ғоясини амалиётга олиб чиқа олиши ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши билан баҳоланиши керак.

“ToshTech”: муҳандислик таълимида янги ёндашув

Бу ёндашувнинг энг муҳим мисолларидан бири “ToshTech” техника университетидир. Университет Президентимизнинг 2025 йил
8 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилди. Лойиҳа қиймати 69,5 миллиард сўм бўлиб, Тошкент давлат техника университетининг 7 қаватли ўқув биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Университет академик, молиявий ва ташкилий жиҳатдан мустақил давлат олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритмоқда. 2030 йилгача Тошкент давлат техника университетининг тегишли факультет ва кафедраларини босқичма-­босқич янги инновацион экотизимга трансформация қилиш кўзда тутилган.

“ToshTech”да таълим тўлиқ инглиз тилида ташкил этилган. Шанхай Цзяо Тонг университети, Милан политехника университети, Германиянинг “Constructor” университети ва “Boston Consulting Group” билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Милан политехника университети билан учта таълим дастури бўйича ишланмоқда, Шанхай Цзяо Тонг университети билан 2+2 ва 3+1 дастурлари режалаштирилган, таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича “ASIIN” билан келишув бор.

Яна бир муҳим жиҳат, талаба биринчи курсданоқ реал саноат муаммолари билан ишлайди. “ACWA”, “UzAuto Motors”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби корхоналар билан ҳамкорликнинг мазмуни ҳам шундан иборат. Бу аслида олий таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги масофани қисқартиришдир.

2026/2027 ўқув йили учун университетга 1654 абитуриент ҳужжат топширгани ва улар орасидан энг билимли ва иқтидорли 400 ёш саралаб олингани мазкур моделга қизиқиш юқори эканидан дарак. Илк талабаларнинг барчаси давлат гранти асосида таълим олмоқда. Бу ёшлар учун берилган имконият билан бирга катта масъулият ҳамдир. Давлат таълим олиш учун шароит яратса, талаба бу имкониятни билим, тадқиқот, меҳнат ва натижа билан оқлаши керак.

Тарихни билган авлод келажакни яхшироқ қуради

“Ёшлик” талабалар шаҳарчасида Олий таълим тарихи музейи очилиши шу нуқтаи назардан муҳим. Музейда Ўзбекис­тондаги таълим анъаналарининг илдизлари, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврлари, жадид маърифатпарварлари, ХХ асрда ­университетларнинг шаклланиши, мус­тақиллик йилларидаги ўзгаришлар ва янги Ўзбекистондаги олий таълим трансформацияси ўзаро боғлиқ ҳолда кўрсатилади.

Экспозицияда Туркистон халқ дорулфунунидан тортиб, Ўрта Осиё давлат университети, Тошкент давлат университети ва Ўзбекистон Миллий университетигача бўлган тарихий жараёнлар архив ҳужжатлари, фотоматериаллар, инфографика ва мультимедиа воситалари орқали ёритилади. Айниқса, музейда олий таълимнинг сўнгги ўн йилликдаги ўзгаришлари кўрсатилиши талабаларимиз учун муҳим бир хулосани англатади: бугунги имкониятлар ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Улар узоқ тарихий тараққиёт, илмий мактаблар, ­маърифатпарварлар ­мероси ва кейинги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Шу маънода, тарих музейи ҳам тарбиянинг бир шакли, хотира орқали келажакни тарбиялаш мактабидир. Биз талабага фақат қайси касбни эгаллашни эмас, ўзи танлаган касб ва илм замини қандай шаклланганини ҳам англатишимиз керак. Чунки бугунги университет бир кунда пайдо бўлгани йўқ. Унинг ортида асрлар давомида шаклланган илмий тафаккур, “устоз-шогирд” анъанаси, маърифатга интилиш ва билимни қадрлаш маданияти бор. Ана шу узвийликни ҳис қилган ёш бугунги имкониятини ҳам, эртанги масъулиятини ҳам чуқурроқ англайди.

Ғоядан натижагача бўлган йўл

Замонавий университетнинг яна бир муҳим вазифаси талабанинг илмий ва инновацион ғоясини кўриш, уни қўллаб-қувватлаш ва амалиётга олиб чиқиш учун зарур муҳитни юзага келтиришдир. Бугун мамлакатимизда 47 мингдан ортиқ стартап ҳамда инновацион ишланма амалга оширилмоқда. Бу рақам ёшларнинг янгилик яратиш салоҳияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Энди муҳим вазифа ана шу салоҳиятни тўғри йўналтириш ва ҳар бир истиқболли ғоянинг ўз манзилига етиб бориши учун имконият яратишдир. Шу мақсадда шаҳарчада “Startup Navigator” офиси ташкил этилмоқда. У ёшларнинг ғояларини саралаш, уларни мавжуд давлат танловлари, акселераторлар ва қўллаб-қувватлаш механизмларига йўналтиришда кўмак беради. Яъни талаба ўз ғояси билан қаерга боришни излаб вақт йўқотмайди, унинг ташаббуси кейинги босқичга олиб чиқиладиган аниқ йўналишга эга бўлади.

Аслида, инновацион муҳитнинг қиймати фақат унда қанча ғоя пайдо бўлаётгани эмас, шу ғояларнинг қанчаси лойиҳага, лойиҳаларнинг қанчаси реал маҳсулот, технология ёки хизматга айланаётгани билан белгиланади. Шунинг учун университетда яратилган ташаб­бус қоғоздаги таклиф ёки танлов учун тайёрланган лойиҳа бўлиб қолмаслиги керак. Унинг ортида илмий изланиш, тажриба, синов, ҳамкорлик ва бозорга чиқиш имконияти турган яхлит жараён бўлиши зарур. Бу ёндашув олий таълимда шаклланаётган янги фалсафанинг муҳим қисми. Университет энди фақат билим бериб, илмий мақола тайёрлайдиган маскан эмас. У янги билимни ғояга, ғояни иннова­цияга, инновацияни эса иқтисодий ва ижтимоий қийматга айлантирадиган муҳит бўлиши керак. Шунда талаба янги ғоя ва янги қиймат яратувчи шахс сифатида шакллана бошлайди.

Инновацион кластер ташкил этилади

“Ёшлик” талабалар ­шаҳарчасининг 42 гектар ҳудудида АТ парк, юқори ­технологияли саноат ва таълим объектларини бирлаштирган инновацион кластер ташкил этилиши режалаштирилган. Менимча, бу ерда муҳим жиҳат фақат янги объект­ларнинг барпо этилишида эмас. Асосий масала уларнинг бир-бири билан қандай ишлашида. Чунки замонавий олий таълим учун алоҳида аудитория, лаборатория ёки технопаркнинг ўзи етарли эмас. Улар ўртасида узлуксиз ҳаракат бўлиши керак. Талаба аудиторияда олган билимини лабораторияда синаб кўради, лабораторияда пайдо бўлган савол уни тадқиқотга етаклайди, тадқиқот натижаси янги ғояга, ғоя стартапга, стартап эса корхона учун зарур маҳсулот ёки технологияга айланади.

Шу маънода, инновацион кластерни фақат бир неча объект жойлашган ҳудуд эмас, билим ва ғоялар ҳаракатланадиган муҳит сифатида тушуниш зарур. Бу ерда университет, илмий марказ, технологик компания, ишлаб чиқариш корхонаси ва талаба бир-биридан узилган ҳолда эмас, ягона жараён иштирокчиси сифатида ҳаракат қилади. Бу ёндашув “ToshTech”да йўлга қўйилаётган муҳандислик таълими, “Startup Navigator” орқали ёшларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш, илмий лабораториялар ва саноат корхоналари билан ҳамкорлик каби ташаб­бусларни ҳам ягона мантиққа бирлаштиради. Яъни талаба учун таълим, тадқиқот, инновация ва амалиёт алоҳида босқичлар эмас, бир-­бирини давом эттирадиган жараёнга айланади. Аслида, университетнинг ҳудуди қанчалик катта экани эмас, шу ҳудудда қанча билим яратилаётгани, қанча ғоя синовдан ўтаётгани ва уларнинг қанчаси реал қийматга айланаётгани муҳим. Шу нуқтаи назардан, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида шаклланаётган муҳит олий таълим, илм-фан, технология ва иқтисодиёт ўртасидаги янги боғлиқликнинг амалий кўриниши бўла олади. Ана шунда талабалар шаҳарчаси оддий ўқув ва яшаш ҳудудидан ёшлар билим оладиган, билим яратадиган, синайдиган ва уни ҳаётга татбиқ этадиган экотизимга айланади.

Олмазор тажрибаси нимани кўрсатмоқда?

11 сентябрь куни Олмазорда кўрилган ишларга алоҳида лойиҳалар йиғиндиси эмас, балки олий таълимнинг янги модели қандай шаклланаётганини кўрсатадиган ягона тизим сифатида қараш муҳим. Рақамли бошқарув талабанинг хавфсизлиги ва кундалик муҳитини яхшилашга хизмат қилса, “ToshTech” таълимни саноат ва меҳнат бозори билан яқинлаштиради. “Startup Navigator” ғояни амалий натижага олиб чиқиш учун имконият яратади, музей эса таълим ва тарбия узвийлигини таъминлайди. Инновацион кластер бу жараёнларни янада кенг муҳитда бирлаштириши кўзда тутилмоқда.

Бунинг замирида битта муҳим ўзгариш бор: биз олий таълимда миқдорий ўсиш босқичидан сифат ва натижа босқичига ўтяпмиз. Энди университет фаолиятини шу муҳитда қандай мутахассис шаклланаётгани билан баҳолашимиз керак. Бунинг учун университетнинг академик ва бошқарув мустақиллиги, таълим дастурлари халқаро талабларга мослиги, илмий салоҳият, рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, саноат билан ҳамкорлик, битирувчиларнинг бандлиги каби йўналишлар бир-биридан ажратилмаслиги зарур. Таълим сифати айнан шу омилларнинг бир нуқтада туташиши орқали намоён бўлади.

Халқаро рейтинглар ва аккредитациялар шу жараённинг муҳим воситаларидан. Аммо уларни мақсаднинг ўзига айлантирмаслигимиз керак. Рейтинг университетнинг қайси даражада турганини кўрсатади, аккредитация эса таълим жараёнининг белгиланган стандартларга мослигини баҳолайди. Биз учун энг муҳим мезон эса талаба университетга кирган куни билан уни битираётган куни ўртасида қандай ўзгариш юз берганидир.

Агар у мустақил фикрлайдиган, касбий билим ва кўникмаларга эга, тадқиқот қиладиган, янги ғоя таклифини амалиётга тат­биқ эта оладиган мутахассис бўлиб шаклланса, демак, университет ўз вазифасини бажарган бўлади. Шу маънода, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида бошланаётган ишлар олий таълимни янги мазмун, янги муҳит ва янги натижа мезонлари асосида ташкил этиш ­йўлидаги амалий қадамдир.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

олий таълим, фан ва инновациялар вазири