Тадбирда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан ташриф буюрган ёшлар етакчилари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Семинар 25 июнга қадар давом этади. У Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган.
Тадбир Марказий Осиё учун БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур семинарнинг нуфузли халқаро тузилмалар ҳамкорлигида ташкил этилиши ташаббуснинг халқаро аҳамияти ва Марказий Осиёда ёшлар ўртасида ўзаро ишонч, мулоқот ва чегараолди ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кенг қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.