Ҳар қандай ислоҳотнинг аҳамияти эса унинг инсон ва оила ҳаётида қандай ўзгаришларга муҳим омил бўлгани билан ўлчанади.

БМТ таҳлилларида ҳам бежиз оила тенглик ва адолат қарор топадиган маконга айланганида иқтисодиёт ҳам, жамият ҳам равнақ топиши алоҳида таъкидланмайди. Оила — жамиятнинг бирламчи бўғини ва унинг барқарорлигини таъминлайдиган энг муҳим таянч. Оиладаги муҳит, фарзанд тарбияси, хотин-қизларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, қобилият ва ташаббусларини рўёбга чиқариши учун яратилган шароитлар, имкониятлар мамлакатнинг бугуни ва истиқболига бевосита таъсир кўрсатади. Шу маънода, оила ва хотин-қизлар масаласи алоҳида ижтимоий йўналиш эмас, мамлакат келажагини белгилайдиган стратегик омилдир.

Оилада ўз вақтида ечилмаган муаммо ке­йинчалик маҳалла ва жамият миқёсидаги мураккаб ижтимоий масалага айланиши мумкин. Аксинча, битта хотин-қизга ўз вақтида яратилган таълим, касб, даромад ёки ҳуқуқий ҳимоя имконияти бутун оиланинг турмуш тарзи ва фарзандлар келажагини ўзгартиришга қодир. Хотин-қизларга яратилган ҳар бир имко­ният, аслида, оиланинг иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигига киритилган сармоядир.

Бугун Ўзбекистонда 19,3 миллион нафар хотин-қиз истиқомат қилмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган улкан интеллектуал, ижтимоий ва иқтисодий салоҳият. Уни тўлиқ рўёбга чиқариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, билим олиши, касб эгаллаши, муносиб меҳнат қилиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Бу вазифа инсон капиталини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, зўравонликнинг олдини олиш ва соғлом авлодни тарбиялаш каби умуммиллий мақсадлар билан узвий боғлиқ.  

Олдимизда турган

беш устувор вазифа  

Жорий йил 10 июль куни давлатимиз раҳбарининг юксак ишончи билан зиммамизга оила ва хотин-қизлар масалалари билан ишлашга масъуллик вазифаси юклатилди. Бу ишончни, аввало, юртимиздаги ҳар бир аёл ва ҳар бир оила тақдири учун улкан масъ­улият деб қабул қилдим.

Президент Администрацияси раҳбари томонидан олдимизга оила ва хотин-қизлар сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бешта устувор вазифа қўйилди. Уларнинг ҳар бири алоҳида йўналиш бўлса-да, ягона мақсадга — аёл ҳаёти ва оила фаровонлигида аниқ, барқарор ўзгаришларни таъминлашга хизмат қилади.

Биринчиси, иқтисодий фаол бўлмаган ҳар бир хотин-қиз билан манзилли ишлашнинг мутлақо янги тизимини яратиш.

Иккинчиси, хорижда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва уларнинг оилалари билан тизимли ишлаш, фарзандларини давлат эътибори ва ғамхўрлиги билан қамраб олиш.

Учинчиси, оғир ҳаётий вазиятга тушган аёлларни таълим, касб-ҳунар, психологик ва ҳуқуқий ёрдам орқали жамиятга ижтимоий мослаштириш.

Тўртинчиси, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик хавфини барвақт аниқлашга хизмат қиладиган электрон тизимни жорий этиш.

Бешинчиси, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларни камайтириш, ёшларни оилавий ҳаёт ва никоҳга тайёрлаш ҳамда бепул оилавий психологик хизматлар кўламини кенгайтириш.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу вазифаларнинг энг муҳим амалий манзили белгилаб берилди: ислоҳотлар натижаси, аввало, маҳаллада ва одамларнинг кундалик ҳаётида сезилиши шарт. Давлатимиз раҳбари маҳаллани аҳоли учун ишонч, таянч ва имкониятлар марказига айлантириш, кундалик масалаларни ортиқча оворагарчиликсиз жойида ҳал этиш ҳамда “маҳалла еттилиги”нинг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Белгилаб берилган ушбу вазифалар мазмунан бир-бирини тўлдиради. Бир томонда, ҳар бир хотин-қиз ва оиланинг аниқ эҳтиёжи, иккинчи томонда эса бу эҳтиёжни энг яқиндан биладиган, муаммони барвақт аниқлаб, амалий ечимга йўналтира оладиган маҳалла тизими турибди. Олдимиздаги асосий вазифа — оила ва хотин-қизлар билан ишлаш соҳасини маҳаллада аниқ натижа берадиган яхлит бошқарув тизимига айлантириш.  

Ўзгараётган савол ва талаблар  

Соҳадаги ислоҳотлар иш услуби билан бирга фаолиятни баҳолаш мезонларини ҳам ўзгартиришни талаб этмоқда. Энди “қанча тадбир ўтказилди?”, “қанча учрашув ташкил этилди?” ёки “қанча хотин-қиз рўйхатга киритилди?” деган рақамларнинг ўзи етарли эмас. Асосий савол — амалга оширилган чоралар аёл ва унинг оиласи ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар учун замин яратди?

Касбга ўқитилган хотин-қиз доимий даромад манбаига эга бўлдими? Кўмак кўрсатилган оиланинг муаммоси ҳал этилдими? Зўравонлик хавфи мавжуд хонадонда оғир оқибат юз бермасидан олдин чора кўрилдими? Хорижда меҳнат қилаётган онанинг фарзандлари эътибордан четда қолмадими? Оила қураётган ёшлар никоҳнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий масъулиятини англаб етдими? Ҳисоботдаги рақам эмас, ана шу саволларга берилган жавоб амалга ошираётган фаолиятимизнинг ҳақиқий самарасини кўрсатади.

Бу ёндашув, айниқса, иқтисодий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан ишлашда муҳим. Биринчи устувор вазифани фақат бўш иш ўрни таклиф этиш, кредит ажратиш ёки асбоб-ускуна бериш билан бажарилган деб бўлмайди. Хотин-қизнинг иқтисодий фаол эмаслиги ортида касб ва малака етишмаслиги, ёш фарзанд ёки парваришга муҳтож оила аъзосига қараш, саломатлик, транспорт, молиявий саводхонлик ёки бозорга чиқиш имконияти билан боғлиқ турли сабаблар бўлиши мумкин.

Барчага бир хил ечим таклиф қилиш ўрнига ҳар бир хотин-қизнинг қобилияти, қизиқиши, оилавий шароити ва ҳудуддаги иқтисодий имкониятлардан келиб чиқиб, индивидуал йўналиш белгилаш зарур. Бир аёл учун замонавий касб эгаллаш мақбул бўлса, бош­қаси учун масофавий меҳнат, кооперация, касаначилик, тадбиркорлик ёки томорқадан даромад олиш маъқул ва самарали бўлиши мумкин.

Ажратилган кредит ёки тугалланган ўқув курси ҳали якуний натижа эмас. Натижа хотин-қиз иш бошлаганида, маҳсулоти бозорини топганида, даромади барқарорлашганида ва бу ўзгариш оиласининг турмуш даражасида акс этганида юзага келади. Бунинг учун иш ўрни билан бир қаторда мактабгача таълим ва кундузги парвариш хизматлари, транспорт, рақамли инфратузилма ҳамда қулай меҳнат шаклларини ҳам ривожлантириш талаб этилади. 

Юксак инсонпарварлик ифодаси 

Олдимизга қўйилаётган вазифалар бир нуқтада туташади: аёл қаерда бўлишидан ва қандай ҳаётий вазиятга тушишидан қатъи назар, давлатнинг эътибори ва ҳимоясидан четда қолмаслиги керак. “Ҳеч бир аёл ўз муам­моси билан қолиб кетмаслиги керак” деган тамойил кундалик шиоримизга айланади. Зеро, ушбу ғоя асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оилалардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган юксак инсонпарварлик ифодаси мужассам.

Хорижда меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан ишлашга фақат миграция масаласи сифатида қараш етарли эмас. Аёлнинг ­хорижга кетиши ортида кўпинча оила даромади, ­муайян оғир вазиятдан чиқиш ва фарзандлар келажаги туради. Бироқ у ерда иш ҳақининг кечиктирилиши, ҳужжатлар билан боғлиқ муам­молар, меҳнат ёки жинсий ­эксплуатация, одам савдоси ва зўравонлик хавфи ҳам юзага келиши мумкин. Ватанда қолган фарзандлар эса меҳр, назорат ва психологик кўмакка эҳтиёж сезади.

Шунинг учун хориждаги хотин-қиз ва унинг ватандаги оиласи билан ишлаш ягона узвий занжир асосида ташкил этилиши зарур. У хорижга чиқишдан олдинги ҳуқуқий ва касбий тайёргарлик, хавфсиз миграция бўйича ўқув, хорижда консуллик ва тезкор ёрдам, фарзандларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш ҳамда аёл қайтганидан кейин унинг касбий ва иқтисодий мослашувини қамраб олади. Давлат учун мигрантнинг пул ўтказмаси билан бирга унинг шаъни, ­ҳуқуқи, саломатлиги ва оиласининг бутунлиги ҳам муҳим.

Оғир ҳаётий вазиятга тушган хотин-қизлар билан ишлашда ҳам бир хил қолипдан фойдаланиб бўлмайди. Жазо муддатини ўтаб қайтган аёл, зўравонликдан жабрланган она, уй-жойсиз қолган хотин-қиз ёки ногиронлиги бўлган фарзандни ёлғиз тарбиялаётган онанинг эҳтиёжи турлича. Бир марталик моддий ёрдам ёки вақтинча бошпана муаммони енгиллатиши мумкин, аммо унинг сабабларини бартараф этмайди.

Ҳар бир ҳолатни алоҳида, манзилли ўрганиб, ҳуқуқий, тиббий, психологик, таълим ва бандлик масалаларини ягона индивидуал режа асосида ҳал этиш зарур. Мақсад аёлга вақтинча кўмак бериш эмас, уни соғлом ҳаётга руҳлантириш ва яна аввалги носоғлом муҳитга тушиб қолишининг олдини олишдир.

Зўравонликка қарши курашда ҳам содир этилган ҳолатни қайд этиш билан чекланмай, хавф белгиларини барвақт аниқлаш ва вазият оғирлашмасидан олдин чора кўришга ўтишимиз керак. Жорий этиладиган электрон тизим ички ишлар, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим, маҳалла ва суд-ҳуқуқ органлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлайдиган амалий механизм бўлиши лозим. Такрорий мурожаатлар, тан жароҳатлари, мунтазам низолар, таҳдидлар, болаларнинг дарс қолдириши ва қарамлик билан боғлиқ ҳолатлар хавф даражасини эрта баҳолаш имконини беради.

Технологиянинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир хавф сигнали ортидан дарҳол ҳаракат қиладиган малакали мутахассислар, аниқ алгоритм, хавфсиз жой, тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам бўлиши шарт. Шахсий маълумотлар дахлсизлиги, махфийлик ва жабрланувчининг хавфсизлиги эса қатъий таъминланади.  

Оила мустаҳкамлиги маҳалладан бошланади

Бешинчи устувор вазифа — оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларни камайтириш, ёшларни никоҳга тайёрлаш ва аҳоли учун бепул психологик хизматларни кенгайтиришдир.

Оила мустаҳкамлигини никоҳнинг расман сақланиб қолиши билангина баҳолаб бўлмайди. Доимий низо, зўравонлик ёки иқтисодий қарамлик, маънавий ва руҳий босимлар ҳукм сурган оилани ҳар қандай йўл билан сақлаб қолишга уриниш мақсадимиз эмас. Асосий мақсад — ўзаро ҳурмат, ишонч, меҳр ва ­масъулиятга асосланган оилалар сонини кўпайтириш.

Бунинг учун ишни муаммо пайдо бўлганидан кейин эмас, ёшлар оила қуриш остонасига келмасидан аввал бошлаш зарур. Уларни тўйга эмас, оилавий ҳаётга тайёрлашимиз лозим. Никоҳнинг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатлари, оила бюджети, фарзанд тарбия­си, соғлом мулоқот ва низоларни ҳал этиш маданияти бўйича ҳаётий билимлар кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Бу масъулият фақат қизларга эмас, йигитларга ҳам бирдек тааллуқли.

Оилавий психологик хизматлар аҳоли учун яқин, сифатли ва махфий бўлиши керак. Психологга ажрим ёқасига келганда эмас, дастлабки тушунмовчиликлар пайдо бўлган пайтда мурожаат қилиш маданиятини шакллантириш муҳим.

Бу ишлардан кутилаётган натижа, аввало, маҳаллада намоён бўлади. Оиланинг ҳақиқий ҳолати, хотин-қизнинг эҳтиёжи ва боланинг муаммоси биринчи галда шу манзилда кўринади. Хотин-қизлар фаоли вазиятни барвақт сеза оладиган муҳим бўғин, аммо барча масалалар учун якка ўзи жавобгар эмас. У муаммони аниқлаб, тегишли мутахассисга йўналтиради ва ечимгача бўлган жараён учун даъвогар бўлиши керак. Маҳалладаги масъуллар эса муайян оила манфаати учун ягона жамоа сифатида бирлашиши шарт. Маҳалла муаммони бошқа идорага узатадиган эмас, ечим шаклланадиган асосий манзилга айланиши керак.

Ижтимоий ёрдамнинг ҳақиқий эҳтиёжмандга етиб бориши ҳам давлатга ишонч билан боғлиқ. Муҳтож оилани ижтимоий реестрдан четда қолдириш — уни кафолатланган кўмакдан маҳрум этиш, муҳтож бўлмаган шахсни манфаат ёки таниш-билишчилик асосида рўйхатга киритиш эса бошқа бир оиланинг ҳақига нисбатан тажовуздир. Шунинг учун ҳар бир қарор аниқ мезонлар, холис маълумот ва шахсий масъулиятга асос­ланиши шарт.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими

Белгиланган вазифалар ижроси бўйича дастлабки амалий ишларни бошладик. ­Масъул вазирлик ва идоралар иштирокидаги ишчи гуруҳ йиғилишида оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизимини яратиш, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва бешта устувор вазифани амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди. Маҳалладан республика даражасигача бўлган ҳамкорликни кучайтириш, вазифалар такрорланишига йўл қўймаслик ва ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндашувни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ло­йиҳасини тайёрлаш ҳамда махсус штаб фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди.

Оила ва хотин-қизлар билан боғлиқ вазифаларни бир идора имконияти билан ҳал этиб бўлмайди. Бандлик ва банк тизими, тиббиёт, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим, ижтимоий ҳимоя, маҳалла, психологлар ва жамоатчилик бир мақсад йўлида ҳаракат қилгандагина яхлит натижага эришилади. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ана шу ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи ва барча даражада аниқ натижага даъвогарлик қилувчи марказга айланади.

Яқин истиқболда қуйидаги устувор йўналишларда тизимли иш олиб борамиз.

Биринчидан, ҳар бир маҳалланинг оила ва хотин-қизлар билан боғлиқ ижтимоий-­иқтисодий харитасини шакллантирамиз. Унда муаммолар билан бирга бўш иш ўринлари, касбга талаб, ижтимоий хизматлар ва тадбиркорлик ресурслари ҳам акс этади.

Иккинчидан, ҳар бир мураккаб ҳолат учун индивидуал иш режаси ва масъул мутахассис белгилаймиз. Фуқаро идорама-идора юрмайди, давлат тизими унинг муаммоси ортидан ҳаракат қилади.

Учинчидан, хотин-қизларни иқтисодий фаоллаштириш дастурларини ҳудуд ихтисос­лашуви ва бозор талабига боғлаймиз. Касбга ўқитишдан олдин реал иш берувчи ёки маҳсулот бозори аниқланади, молиявий кўмак эса маслаҳат ва савдо занжири билан уйғунлаштирилади.

Тўртинчидан, “Хориждаги аёл ва унинг оиласи” комплекс дастурини ишлаб чиқамиз. У хавфсиз миграция, хорижда ҳуқуқий ҳимоя, фарзандлар билан ишлаш ва ватанига қайтган аёлни муносиб иш билан таъминлашни ягона тизимда қамраб олади.

Бешинчидан, зўравонлик хавфини барвақт аниқлаш электрон тизимини аниқ ҳаракат алгоритми билан жорий этамиз. Ҳар бир сигналга ким, қанча вақт ичида ва қандай чора билан жавоб бериши белгилаб қўйилади.

Олтинчидан, оилавий психологик хизматларнинг ягона миллий стандартини ишлаб чиқиб, мутахассислар малакаси, хизмат сифати, махфийлик ва натижани баҳолаш мезонларини белгилаймиз. Масофавий маслаҳат ва тезкор психологик ёрдам имкониятлари ҳам кенгайтирилади.

Еттинчидан, ёшларни никоҳга тайёрлаш тизимини тубдан янгилаб, ҳуқуқшунос, психолог, шифокор, иқтисодчи ва тажрибали ­оилалар иштирокида ҳаётий вазиятларга асос­ланган дастурларни жорий қиламиз.

Саккизинчидан, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг ижтимоий диагностика, оила психологияси, музокара, зўравонлик хавфини аниқлаш, бандлик ва тадбиркорлик бўйича билимларини мунтазам ошириб борамиз.

Тўққизинчидан, ҳудудлар фаолиятини тадбирлар сони билан эмас, ҳал этилган муаммоларнинг барқарорлиги, аёллар даромадининг ошиши, такрорий зўравонлик ҳолатларининг камайиши ва фуқаролар розилиги билан баҳолаймиз.

Ўнинчидан, жамоатчилик билан очиқ мулоқот ва қайта алоқани кучайтирамиз. Ҳар бир мурожаатни тизимни такомиллаштириш учун сигнал, асосли танқидни эса хулоса чиқариш учун имконият сифатида қабул қиламиз. 

Ишончни амалий натижа билан оқлаймиз 

Бугун оила ва хотин-қизлар соҳасида ишлашнинг янги босқичига қадам қўйяпмиз. Бу босқичда муаммо юзага келганидан кейин чора кўриш эмас, уни барвақт аниқлаш, барчага бир хил ёндашув эмас, ҳар бир инсоннинг ҳаётий шароитига мос ечим топиш, бажарилган ишлар сони эмас, уларнинг барқарор натижаси асосий мезон бўлади.

Зеро, олдимиздаги энг асосий мақсад — оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-­қизларга оид ҳар қандай муаммони барвақт аниқлаш, манзилли ҳал қилиш ва барқарор натижага эришадиган яхлит тизимни қарор топтириш.

Бу масъулият йўлида тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудуд раҳбарлари, маҳалла тизими, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари имкониятларини ягона мақсад атрофида бирлаштиришга ҳаракат қиламиз. Ҳеч бир мурожаат шунчаки қайд этилиб, ҳеч бир муаммо бир идорадан бошқасига йўналтириш билан қолиб кетмаслиги лозим.

Биз фаолиятимизни қабул қилинган қарорлар ёки тузилган режалар билан эмас, ҳал этилган муаммолар, мустақил даромадга эга бўлган хотин-қизлар, хавфдан асралган тақдирлар ва мустаҳкамланган оилалар билан исботлашимиз керак. Юксак ишончни оқлашнинг энг тўғри йўли ҳам шу, соҳадаги амалий ўзгаришларни ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадон ҳаётига олиб кириш.

Дилноза КАТТАХОНОВА,

Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси