Синоптиклар маълумотига кўра, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида конвектив булутлар ривожланиши ҳисобига маҳаллий хусусиятга эга қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор.

Марказий ва шарқий вилоятларда кундузи ҳаво ҳарорати 31–34 даража, жанубий ҳудудларда эса 37–40 даражагача кўтарилади. Бу кўрсаткичлар июнь ойининг иккинчи ярми учун иқлим меъёрларига мос келади.

Республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари ва чўл зонасида ҳаво ҳарорати босқичма-босқич кўтарилиб, якшанба куни 39–42 даражагача исиши кутилмоқда.

Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 метр/сониягача кучайиши, баъзи ҳудудларда эса чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, сел-сув тошқинлари юзага келиш хавфи сақланиб қолади.

Тошкент шаҳрида ҳам 19–21 июнь кунлари куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати 31–34 даража атрофида бўлади. Шарқий шамол 3–8 метр/сония тезликда эсиб, айрим вақтларда 12–15 метр/сониягача кучайиши ҳамда шаҳарнинг айрим ҳудудларида чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.