Янги Ўзбекистонда кечаётган шиддатли ислоҳотлар, илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланиши ҳар бир соҳада рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмага эга кадрларга эҳтиёжни тобора оширмоқда. Айниқса, таълим тизими учун етук мутахассисларни тайёрлаш масаласи мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилайдиган стратегик вазифалардан бири сифатида намоён бўляпти. Чунончи, педагогика йўналишида йўл қўйилган заррача хато ҳам тараққиётда йиллаб ортда қолишга олиб келиши мумкин.
Бу жараёнда ўқитувчининг билимдонлиги, дунёқараши, касбий маҳорати ва янгиликка интилиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади, албатта. Шундай экан, айни пайтда мактабга, университетларга келаётган педагог кадрларнинг билими, ва салоҳиятини янада ошириш зарурати, бунинг учун олий ўқув юртлари қандай фаолият юритиши кераклиги соҳа масъуллари қатори кўпчиликни ўйлантиради. Чирчиқ давлат педагогика университети ректори, Ўзбекистон фан арбоби, профессор Ғофуржон МУҲАМЕДОВ билан суҳбатимизда асосан шу масалалар доирасида фикр алмашдик.
— Ғофуржон Исроилович, бугун жамиятга дипломли битирувчи эмас, иш жойига келганиданоқ натижа кўрсата оладиган кучли кадрлар керак бўляпти. Шу маънода, Чирчиқ давлат педагогика
университети битирувчилари айни талабга нечоғлиқ жавоб беряпти? Улар рақобатчи
олийгоҳлар битирувчиларидан қайси жиҳатлари билан фарқланиб туради?
—
Жуда тўғри таъкидладингиз, бугун олий таълим битирувчиларига қўйилаётган замон
талаби бутунлай ўзгарди. Айниқса, охирги йиллардаги янгиланишлар — бозор
иқтисодиётига кескин ўтиш талабаларнинг ўз мутахассислиги доирасида чуқур
билимга эга бўлишини тақозо қиляпти. Аввалгидек аксарият ёшларнинг диплом олиш
учунгина ўқиши энди ҳеч кимни қаноатлантирмайди.
Айнан
бизнинг битирувчиларга келсак, улар ҳозирги замон талабига мос билим,
компетенцияга эга бўлган ва муаммоларни мустақил еча оладиган ёки муаммога
тўғри жавоб бера оладиган мутахассис бўлиши керак. Негаки олийгоҳимиз 2017
йилда Тошкент вилоятида айнан педагог кадрлар ва уларнинг малакаси етишмаслигини
ҳисобга олган ҳолда Президентимиз фармони билан ташкил қилинган. Шу маънода,
биз ишни фармонда қўйилган талабларни бажариш учун Тошкент вилоятида, айниқса,
Чирчиқ шаҳрида педагог кадрларга эҳтиёж ва уларнинг муаммосини ўрганишдан
бошлаганмиз. Бутун вилоят бўйича мактаб директорлари орасида аноним сўровнома
ўтказганимизда ўқитувчиларда касбий маҳорат билан бирга амалий тажриба
етишмаётгани кўринган.
Шунингдек, таълим иштирокчилари алоҳида-алоҳида, ўз ҳолича ишлаётгани ва
бу ҳолат тарқоқликка олиб келгани маълум бўлган. Энг ёмони, мана шу тарқоқлик
биз тайёрлаб берадиган кадрлар ҳаётида ҳам ўз аксини топиши мумкин эди. Узоқ
ўйланишлардан сўнг институтнинг асосий стратегик йўналиши сифатида “Педагогик
таълимнинг инновацион кластери” лойиҳасини йўлга қўйдик. Зеро, таълим
ташкилотларини бирлаштириш учун ҳам янгича ёндашув —
кластер тизими керак эди. Мазкур тизим асосида институт раҳбарияти, ходимлари,
халқ таълими бўлимлари, мактаб директорлари ва таълимни бошқарувчи ташкилотлар
ҳамда ҳокимлик вакилларидан иборат кенгаш туздик. Ўқув режаларига ўзгартиришлар
киритдик. Шундан сўнг таълимда иштирок этаётган ҳар бир субъект ўзига қандайдир
масъулиятни олишга мажбур бўлди, ўз-ўзидан бирлашиш кузатилди.
Муҳими,
бу бирлашувни талабалар ҳис қила бошлади. Биз эса уларга мактабларни ўрганиб
келиш вазифасини топширдик. Бу борада бизга “4+2” усули катта ёрдам берди. Яъни
талаба 4 кун университетда ўқийди, 2 кун мактабда амалиёт ўтайди.
Талабаларимизни мактабларга киритиш орқали у ердаги камчиликларни кўра бошладик.
Аниқланган муаммоларни профессор-ўқитувчилар билан бирга ҳал қилиш юзасидан ҳар
ҳафта семинарлар ташкил қилинди ва бу ўз натижасини берди.
Ўзига
ишонч билдирилган ҳар қандай ёш ўша ишончни оқлаш учун қаердан бўлмасин, куч
топади, изланади. Бизда ҳам шундай бўлди. Муаммоларни ечишда мустақил иштирок
этаётган талаба эса ўзини ижрочи сифатида кўра бошлади ва зиммасига масъулият
юкланганини тушуниб етди. Шунингдек, кластернинг самараси ўлароқ,
битирувчиларимизнинг мактабга мослашув даври қисқарди. Мактаб директорлари
орасида ўтказилган сўровномадан маълум бўлдики, талаба-битирувчилар ўрта
ҳисобда 4-5 йилда мактаб муҳитига тўла сингишиб кетар экан. Ана шу даврни
қисқартириш эса ўқув давриданоқ, яъни 2-курсдан мактаб ҳаётига кириб боришни
тақозо этади.
— Тан олиш керак, назария ва амалиёт уйғунлиги энг оғриқли
нуқталаримиздан. Талабаларнинг тайёр мутахассис сифатида мактабга бориши,
таълим муассасасига тезроқ мослашиб кетиши учун яна нималар қилиш керак?
—
Ўқув давриданоқ талабанинг олдига муаммолар базасини қўйиш керак. Назарий
билимлар берилаётганда профессор-ўқитувчи саволни тўғри қўя билса, яъни “мана
шу муаммонинг ечимини ўтилаётган мавзу билан боғлаб тушунтира оласизми?” деса, талаба чуқур мулоҳаза юритиш, аниқ фикрлашга
ҳаракат қилади. Талаба мактабга амалиётга борганида, майли, қийналсин, майли,
янглишсин, лекин муаммони аниқлаб олиш — унинг ярим ечими.
Юқорида
айтилганидек, бу борада ҳам таълим субъектлари билан биргаликда ишлашни ташкил
қилиш керак. Туман халқ таълими бўлимлари, мактаб директорлари ва мактаб
ўқитувчилари талабаларнинг олдига муаммони қўйиб, унинг муносиб ечим беришига
эришиши лозим. “Устоз-шогирд” анъанаси эса талабанинг жамоага кўникиб кетишида
катта ўрин тутади. Тажрибали устозлар ёшларни суяб, билмаганини ўргатиб, ўрни
келганда дарсларини тез-тез кузатиб, таҳлил қилиб турса, ёшлар мактабга,
жамоага меҳр қўяди.
Амалиёт
ўтаётган талабаларимизнинг билим савияси, болалар билан қандай тил топишаётгани
ҳақида мактаб директорларидан сўраб турамиз. Рости, “Сизнинг талабаларингиз
бошқа талабаларга нисбатан тез мослашиб кетди”, деган фикрларни тез-тез
эшитамиз. Албатта, бу қувонарли. Демак, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимиз
битирувчиларимизнинг бошқалардан фарқли бўлишига, соф рақобатга хизмат қиляпти.
Аксинча ҳолатда эса талабамизнинг қайси жиҳатларда оқсаётгани билан қизиқамиз.
Ана шу соҳаларни аниқлаб, талабалар университетда бўладиган вақтда улар билан
кафедраларда алоҳида ишланади ва ўзига хос натижа сезилади.
Шундай
пайтлар бўлдики, аниқланган муаммонинг ўзига ҳам, унинг ечимига ҳам гуруҳ-гуруҳ
бўлиб, дифференциал ёндашиш талаб қилинди. Ҳар бир фан бўйича каналлар, ботлар
очилди, савол-жавоб йўлга қўйилди. Мактаб ўқитувчилари, директорларидан асосан
лаборатория машғулотларини ўтказиш, лаборатория қурилмаларининг етишмовчилиги,
аниқ фанларда масалани қандай ишлаш бўйича саволлар келиб тушди. Барчасига ечим
топишга ҳаракат қилдик.
Тўғри,
бу осон кечмади, камида 4 йил вақт сарфланди. Шу вақт мобайнида талабаларнинг
ўзлари ҳам жараённи тушуниб етди. Кейин бошқа муаммолар чиқиб кела бошлади.
Демак, иш бор жойда муаммо юзага келади. Шунинг учун ёшларни мустақил ишлашга,
муаммолар ечимини қидиришга ўргатишимиз муҳим. Масалан, агар бир талабани китоб
ўқишга, ундан фойдалана олишга, ўзига керакли маълумотни топиш ва ўқиганини
таҳлил қила олишга ўргатсак, ўйлайманки, унинг фаолиятида ҳаммаси яхши бўлади.
— Керакли маълумотни топиш ҳақида гап кетганда, бевосита
сунъий интеллект ва унинг талабалар ҳаётидаги ўрни намоён бўлади. Зеро, у
ўзининг чексиз имкониятлари билан айрим ёшларни мустақил ишлаш, изланишдан
чеклаб қўйяпти. Талабаларни шундай хавотирли таъсирлардан ҳимоялаш учун
университет қандай чоралар кўряпти?
—
Айтганингиздек, сунъий интеллектнинг ҳайратимизни оширгудек яхши жиҳатлари
билан бирга хавотир уйғотадиган зарарлари ҳам бор. Биз талабаларга билим
беришда ундан фақат восита, қурол сифатида фойдаланишимиз керак. Яъни биринчи
ўринда — талаба, инсон. Иккинчи ўринда — сунъий интеллект.
Ҳозир
сунъий интеллектдан фойдаланиш учун мактабгача таълим ҳамда бошланғич таълимда
шаҳарлар, вилоятларда ситуацион марказлар ташкил қилиняпти. Биз бундай
марказларни ахборот-таҳлил маркази деб аташ тарафдоримиз ва бу тарафдорлик
асосида ўзимизда ҳам шундай марказ ташкил қилиняпти. У билан талабанинг
давомати, контракт тўловларини тўлаши, дарсга келиб кетиши ва олдидаги
муаммоларга қайси адабиётларда жавоб берилганини ўрганишига эришишни кўзда
тутганмиз.
Айни
пайтда иккита факультетимизда “Алиса” номли сунъий интеллектдан фойдаланиляпти.
Масалан, талаба унга савол беради. Жавоб HEMIS дастурига, интернетга уланган. Айтайлик,
талаба сунъий интеллектдан нималарнидир ўрганди. Лекин имтиҳон пайтида у
“Алиса” берган жавобни ёдлаб олиб, айнан шундайлигича айтиб бердими ёки ўзи
таҳлил қилиб, мустақил жавоб бера олдими, шу яққол кўриниб қолади. Бунинг учун
профессор-ўқитувчилар талабалар билан мана шундай усулда ишлай бошлади. Демак,
бундан мустақил таълимни ташкил қилишда унумли фойдаланиш мумкин.
Бундан
ташқари, “Келажак ўқитувчиси” концепциясини бошладик ва лойиҳани барча
талабаларга тарқатдик. Бу “Педагогик таълим инновацион кластери” таркибида
бўлади. Асосий мақсад — битирувчи қандай компетенцияга эга бўлиши лозим,
мустақил ишларни қандай ташкил қилиш, талаба билан қандай ишлаш кераклигини
ўргатиш.
Бу
йил ҳар бир йўналиш бўйича “Келажак ўқитувчиси” йўналишида катта танлов
ўтказамиз. У бўлажак педагогларда касб маҳорати, этикасини тарбиялашда муҳим
омил бўлади деб умид қиламиз. Чунончи, танловга тайёрланиш жараёнининг ўзидаёқ
талабада бўлғуси касбига муҳаббат пайдо бўлади, нечоғлиқ машаққатли бўлмасин,
ўқитувчиликнинг шарафли эканини тушуниб боради.
Шунингдек,
бола билан ишлаш ҳаммага ҳам ишониб топширилавермаслиги, бунинг масъулияти
катта эканини ҳам англаб етади. Зеро, кейинги пайтларда боғчада болани уриш,
мактабларда ўқувчилар билан низоли ҳолатлар кўпайди. Мана шундай ҳолатларда
бола билан, ўқувчи билан қандай мулоқотда бўлиш, вазиятни қандай назорат қилиш
кераклигини тушуниб етишда юқоридагидек тадбирларнинг таъсир кучи катта бўлади.
— Чирчиқ кенгаяётган, саноатлашган, энди эса зиёлилар
маскани бўлиши кутилаётган шаҳарлардан. Шу маънода, университетга ёшларни жалб
қилишда шаҳарнинг ўзига хос салоҳиятидан қандай фойдаланиляпти? Бу олийгоҳнинг
рейтинглардаги натижаларига қай даражада таъсир этади?
—
2022 йилда давлатимиз раҳбари фармони билан олий таълим муассасамизга Чирчиқ
давлат педагогика университети мақоми берилди. Албатта, ушбу мақом билан
елкамизга улкан масъулият юкланди. Бу масъулиятни кўтара билиш, университет
мақомида иш юритиш, яъни катта-катта вазифаларни бажариш осон эмас.
Дастлаб
биттагина бинога эга коллеж ўрнида бўлган олийгоҳимизнинг ҳозир 5000 дан ортиқ
ўқув жойига эга 12 та янги ўқув корпуси мавжуд. Ўша пайтда бизга ажратилган 200
ўринли талабалар турар жойи ҳам таъмирдан чиқарилди. Айни вақтда 2500 ўриндан
ортиқ сиғимли талабалар турар жойига эгамиз. Яна 4 та коллеж ихтиёримизда.
Умуман
олганда, аввало, моддий-техник база мустаҳкамланди. Иккинчидан, шу жойларда
илмий лабораториялар қурилди. Энг асосийси, ходимларга “профессор-ўқитувчи,
жамоа — талабалар учун” деган тамойилни сингдирдик. Имкон қадар барча
талабаларимизни, профессор-ўқитувчиларимизни мактабларни ўрганишга йўналтирдик.
Бу орқали мақсадимиз кенг миқёсли танитиш, танилиш бўлди. Аниқроғи, имкон қадар
мазкур олий ўқув юрти шу халқ учун, Чирчиқ атрофи, Тошкент вилоятига хизмат
қилиш учун ташкил қилинганини одамларга сингдиришга ҳаракат қилдик.
Ана
шу танилиш бизга жуда катта эффект берди. Хусусан, муаммоларини ечишда,
боласини тарбиялашда қийналаётган ота-оналар фарзандларини олиб кела бошлади.
Арт педагогика лабораторияси, психологик йўналишдаги лабораторияларни ташкил
қилдик. Инклюзив таълим муассасасида
3 та лаборатория ишлаб турибди. Натижада талабаларнинг, ота-оналарнинг
институтга келиши кўпайди. Ҳатто 1-2-курсни битириб, ўқишини бошқа
институтларга кўчириб кетган талабаларнинг 50-60 фоизи ярим ой-бир ойда қайтиб
келди. “Ўзимизнинг олийгоҳ яхши экан, аудиториямиз, ўқитувчимиз ҳам яхши”,
деган гаплар бизга қанчалар куч беришини тасаввур қилинг. Қувонарлиси, улар
бизга мутахассис сифатида қарайди. Албатта, бунда профессор-ўқитувчиларнинг хизмати
беқиёс.
Айни
пайтда республикамизнинг ҳамма вилоятидан йигит-қизлар — талабаларимиз бор. Энг
кўпи Тошкент, Қашқадарё, Хоразм вилоятидан келган. Қорақалпоғистон, Тошкент
шаҳридан ҳам келиб ўқишади. Бу эса, ўз-ўзидан, рақобатдош олийгоҳлар, умуман,
барча ОТМлар орасида рейтингимиз ошиб боришида муҳим омил бўлмоқда.
— Педагогика университети фақат ўқитувчи эмас, келажакдаги
мактаб раҳбари, методист ва таълим ислоҳотларини амалга оширадиган менежер ҳам
тайёрлаши керак, тўғрими? Шу мақсадда лидер талабалар билан алоҳида ишлаш
тизими йўлга қўйилганми?
—
Албатта, бу бизнинг олтин фондимиз. Шунақа лидерларни топиш, танлаш учун ҳар
бир факультетда “Талабалар академияси” ташкил қилинган. Академия илғор, ўзининг
лойиҳаси, стартапи бор ёшларни жамлайди. Бунинг яхши жиҳати шундаки,
вилоятлардан келган айрим талабалар тарбия, характер нуқтаи назаридан ўзининг
ташаббуслари, янги ғоялари ҳақида профессор-ўқитувчиларга очиқ гапиравермайди.
Академияда эса тенгдошлари билан очиқ гаплашадиган, ғояларини ўртага ташлайдиган
муҳит шаклланган. Мақсад, ўша тортинчоқ талабалар лидер талабаларга бемалол
гапирсин, кўнглини очсин. Лидерлар эса бу ҳақда биз, устозларга гапиради. Шу
тариқа ҳар қандай эзгу ният, ҳаракат рўёбга чиқишига эришамиз.
Демак,
талаба учун иқтидорини кўрсатиш, ўзини ҳаётга тайёрлаш шу ердан бошланади.
Масалан, сунъий интеллект элементларини киритган ҳолатда психологик тест
ўтказувчи аппарат ихтиро қилган ёшлар бор. Кимлардир бошланғич таълим, мактаб
таълимига “Science” — бир неча фанлар тўпламини янгилик сифатида киритди. Ана
шу фанлар тўпламини ўзлаштириш, ўша фанлар тўпламида дарс бериш методикасини
яратиш бўйича таклифлар берилди. Мактабгача таълим мутахассислигида боғча
лаборатория, мактаб таълимида мактаб лабораториялари қурдик. Ҳар бир йўналишда
шундай лабораториялар мавжуд.
Икки
магистримиз Кембрижга бориб келди ва Кембриж методикаси асосида дарс ўтиш
усулларини таклиф қилди. Мана булар — бизнинг иқтидорли талабалар. Асосийси,
иқтидорларни кашф этиб, уларга тўғри йўналиш, шароит яратиш энг бирламчи вазифа.
Ҳали бу борада яна кўплаб ишлар қилиняпти. Зеро, иқтидорли ёшлар шу
университетга ҳам, кейинчалик бутун педагогик таълимга ҳам олтин фонд бўлиб
қолади.
— Университет талабалари орасида ўқитувчи бўлишни
истамайдиган, тасодифан келиб қолганларни аниқлаш ва касбга саралаш механизми
борми?
—
Тўғри, юқорида айтганимиздек, ҳозир ҳам барча ёшларни бирдек диплом эмас, билим
учун, ўзи севган касбни эгаллаш мақсадида ўқияпти деб бўлмайди. Шундан келиб
чиқиб, университетимизнинг маънавият-маърифат ишлари бўйича проректори ўқув
ишлари бўйича проректор билан биргаликда ҳар йили икки марта аноним сўров
ўтказади. Сўровномада “Сиз кейинги келажагингизни қандай тасаввур қиласиз?”,
“Мактабда ишлайсизми?”, “Педагог бўласизми?” каби саволлар бор. Сўнгги
таҳлилларга кўра, 15 фоизгача талабалар “Йўқ, мен олий ўқув юртини битиргандан
кейин ўқитувчи бўлиб ишламайман”, деган жавобни танлаган бўлса, аксарият
талабалар “Мен илмий иш билан шуғулланаман, педагог бўламан”, дея жавоб берган.
Биз
мана шундай ўрганишлар билан, аввало, бакалавриатдан магистратурага кирувчи
талабаларни танлаб олишга ҳаракат қилишимиз керак. Айни пайтда бу амалиёт 30-40
фоизгача ўзини оқлаяпти, дея оламиз. Бу борада янада ривожланиш йўлидамиз. Яъни
ҳақиқатан илмий иш қиламан, изланаман деган ёшларга магистратурага кириши учун
чет тилини ўқитсак, асл етук кадрлар кўпайишига хизмат қиламиз. Бу йилдан
шундай ёшларни чет тилига ўқитиш бошланади.
Докторантларга
ҳам очиқчасига “Бизга кирадиган бўлсангиз, мана илмий изланишлар базаси, қайси
соҳа бўйича ишлайсиз? Агар ишламасангиз, бизнинг докторантурани банд қилманг”,
деяпмиз. Университетда педагогика соҳасида ечилмаган муаммолар бор. Уларнинг
қайси бирини ҳал қилишга ёрдам берасиз, қайси йўналишда ишламоқчисиз, деяпмиз.
Афсуски, кўпи қайтиб кетяпти. Бироқ шу орқали соҳа келажаги учун жон
куйдиришни истаган, бутун борини шу йўналишга бағишлай оладиган кадрларни
саралаб олишга эришяпмиз.
— Ғофуржон ака, нафақат мамлакатимизда, балки халқаро
миқёсда ҳам йирик олим, университет раҳбари сифатида ҳали тўлиқ амалга ошира
олмаган мақсадларингиз борми?
—
Амалга ошмаган орзулар жуда кўп. Биринчидан, талабаларимиз уларни умид билан шу
ерга юборган халқнинг, давлатнинг ишончини оқласин. Иккинчидан, улар чет
элларда ишлайдиган нуфузга эга бўлсин. Яъни малакаси, тилни билиш даражаси ва
компетенцияси шу даражага бориб етсин. Яна бир асосий мақсадим — бугуннинг
талаби, давлатимиз раҳбари ҳам бот-бот гапираётган дуал таълимни ҳақиқий
маънода йўлга қўйиб олиш, мутахассис тайёрлаш.
Биз
дуал таълимда қўшмутахассисликка асосланган шундай тизимни йўлга қўймоқчимизки,
унда талабаларимиз ҳам тилни юқори савияда билсин, ҳам яна бир мутахассисликка
эга бўлсин. Умуман, бир-бирига яқин икки йўналишни бирдек ўзлаштириш имкони
яратилиши даркор. Масалан, мактабгача таълим йўналишида — ҳам мактабгача
таълим мутахассиси, ҳам энагалик ёхуд бошланғич таълимда — ҳам бошланғич
таълим мутахассиси, ҳам уй ҳамшираси тайёрланади. Худди шу каби бошқа соҳаларда
ҳам ўзига турдош, ўхшаш йўналишлар беришни кўзда тутяпмиз. Боиси, ёшлар
олийгоҳни тамомлаганидан кейин юртимизда ҳам, чет элда ҳам эгаллаган билимини,
ички имкониятини тўлиқ реализация қила олиши муҳим.
Яна
бир катта иш бошлаганмиз. Янги композицион материаллар яратиш, уларни қишлоқ ва
сув хўжалигига татбиқ этиш борасида ишлаяпмиз. Катта лаборатория ген
инженерияси билан шуғулланяпти. Насиб қилса, кейинги йилга туганакдан чиққан
уруғни сотамиз. Шу ишларнинг барчасида муваффақиятга эришиш ҳам эзгу
мақсадларимиздан.
— 2027 йилда университет ташкил этилганига 10 йил, кичик
бир юбилей бўлади. Чирчиқ давлат педагогика университети ҳақида гап борганида,
меҳнатларингиз бир сўз билан қандай ифодаланса, сизга маъқул келган бўларди?
—
Ҳа, четдан қараган кишига вақт жуда тез ўтгандек, 10 йил арзимаган фурсатдек
кўринади. Аслида, ҳар бир йилни натижа билан тамомлаш, вақтни билдирилган
ишончни оқлаган ҳолда ортда қолдиришнинг заҳмати ўзига яраша. Шу маънода ҳам
“Чирчиқ педагогика университети ўзининг олдига қўйилган масалани ечишда фаол
иштирок этди ва еча олди” тарзида фикр билдирилса, бу, менимча, энг юқори баҳо
бўларди.
Юқорида
айтилганидек, турли усулларни, янгича ёндашувларни қўллаб бўлса-да, эришганимиз
— “Жамоа бўлиб ишлашга кўника олди, рисоладаги жамоа бўлди”, дейилса, бошимиз
кўкка етади, меҳнатларимиз зое кетмаганини ҳис қиламиз. “Бу олийгоҳ фарзандларимиз
учун етарли, кўнгилдагидек билим берди”, деган эътироф эса биз учун энг қадрли,
энг яхши таъриф бўлади.
— Ғофуржон ака, суҳбатимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз —
истиқлолимизнинг 35 йиллиги арафасида бўляпти. Шу фурсатдан фойдаланиб, минглаб
талабаларнинг устози сифатида толиби илмларга, соҳада фаолият юритаётган
шогирдларингизга, халқимизга қандай тилакларингиз бор?
—
Авваламбор ўша ўзининг касбига содиқ, фидойи бўлиш, вазифаларни сидқидилдан бажариш ҳаммамизга насиб этсин. Талабаларимизга биринчи навбатда
вақтни бекор ўтказмасликни маслаҳат бераман. Ҳар бир соат, ҳар бир кунни
ғанимат билиб, келажак учун асос яратиб олишлари керак. Бинобарин,
Президентимиз зиммамизга қўяётган масалаларга жавоб бера оладиган мутахассис
бўлишcин.
Бугунги кунда тил ўрганиш, рақамлаштириш, компьютерни билиш
масаласи сиёсат даражасига етди. Тилни билган, мутахассислигини чуқур тушунган,
компьютерда мукаммал ишлай оладиган ёшлар ҳеч қачон ишсиз қолмайди. Аниқроқ
айтганда, иш топиб беришни бировдан сўрамайди, ўзига ўзи топади ишни. Бундай
йигит-қизлар ўзининг нурли ҳаётини, келажагини доим таъминлай оладиган кадр
бўлади.
Иккинчидан, ёшларимиз халқни ўйлантираётган, замоннинг ўзи
олдимизга қўяётган масалаларни ечишда тўлақонли иштирокчи бўлсин. Соҳанинг
фидойиси бўлиш фақат ўша тармоққа эмас, инсоннинг ўзига ҳам кўп манфаат
келтиради. Ахир ўзингиз ўйланг, бугунги педагог мажбурий меҳнатдан озод
қилинибгина қолмай, тизим тарихида бўлмаган имтиёзларга ҳам эга бўлиб турибди.
Устозларини
шарафлаб, илмни эъзозлаган буюк эл яшайдиган муқаддас тупроқ —
она юртнинг асл фарзандлари тинчликни сақлаш ва тинчлик учун курашувчи ҳам
бўлиши керак. Зеро, тинчлик — энг олий неъмат. Тинчлик бўлгани учун сиз билан
дилдан суҳбатлашяпмиз, келажак ишларни режалаштиряпмиз. Биз эртамиз эгалари
учун осойишталикни таъминлашни олий бурчимиз деб билар эканмиз, фарзандларимиз
ҳам кейинги авлодлар учун гўзал, фаровон ҳаёт қолдиришга қодир бўлсинлар.
Устозни отадек улуғ санайдиган бағрикенг, олижаноб халқимиз эса фарзандларининг
фақат яхши кунларини кўриб, қувониб юрсин.
— Мазмунли суҳбат учун сизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, мустақиллигимизнинг 35 йиллик тантанаси сиз ва сиз орқали кўп сонли жамоангизга муборак бўлсин!