Мазкур йирик лойиҳа Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Маросимда Одил Абдураҳмонов, Адҳам Икромов, Сардор Ражабов, Отабек Умаров, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбарлари, спорт федерациялари вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёшларни жисмонан соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлади. Қайд этилишича, мазкур олимпиада оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.

Сардор Ражабовнинг таъкидлашича, ушбу мусобақа талаба-ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш, улар учун муносиб шароитлар яратиш ва соғлом ҳаёт тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган бўлиб, келгусида миллионлаб ёшларни қамраб олиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, мусобақаларнинг барча босқичлари “ERP-sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали назорат қилинади. Ҳозирга қадар 168 та олий таълим ташкилоти, жумладан, 92 та давлат, 52 та нодавлат ва 24 та хорижий олийгоҳ ушбу тизим орқали рўйхатдан ўтган.

Мусобақада иштирок этиш истагини билдирган талабалар сони 159 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Мусобақалар уч босқичда ўтказилади:

  • 1-босқич — 6–20 апрель;
  • 2-босқич — 1–15 май;
  • финал босқичи — 1–10 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтади.

Беллашувлар волейбол, гандбол, баскетбол 3х3, стол тенниси, футбол, енгил атлетика ва сузиш спорт турлари бўйича ташкил этилади.