Дунёнинг етти мўъжизасини зукко ўқувчиларимиз яхши билади. Шунинг учун уларни бирма­бир санаб ўтиришдан тийиламиз. Ана шу етти мўъжизанинг бири — Тожмаҳал бизнинг миллатдош боболаримиз томонидан бунёд этилгани ҳам ҳар биримизга фахр ва ғурур бағишлайди. Ахир ер юзида умргузаронлик қиладиган икки мингга яқин миллат ва элат вакилларидан бор-йўғи еттитагинаси мўъжиза яратган ва улардан бири тўғридан тўғри бизга, яъни ўзбек миллатига тааллуқли бўлса, бундан фахрланмасдан бўладими?!

Сўзимни нега дунёда мавжуд миллат ва элатлар, улар яратган мўъжизалар ҳақида бошладим? Агар сабр билан қуйидаги битикларни ўқиб чиқсангиз, ушбу саволга жавоб топасиз деган умиддаман.

Сўнгги ўн йилликда мамлакатимиз ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига қадам қўйди. Бу жараёнда иқтисодий ўсиш, инфратузилмавий ривожланиш билан бирга маънавиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида маданий уйғониш муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлаб ўтсак, арзийди. Айниқса, халқимизнинг бой тарихий меросини тиклаш, асраб-авайлаш ва чуқур ўрганиш борасидаги кенг кўламли ишлар юртимизда янги давр бошланганидан далолат беради.

Аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий ва маънавий хазиналар асрлар давомида инсоният тараққиётига хизмат қилиб келган. Боболаримизнинг асарлари, кашфиётлари ва ғоялари бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Шу боис, бу меросни нафақат сақлаш, балки уни замонавий талқин асосида кенг жамоатчиликка етказиш ортга ташлаб бўлмас вазифа саналади. Сўнгги йилларда тарихий обидаларни реставрация қилиш, қадимий қўлёзмаларни тиклаш, янги музей ва илмий марказлар барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз пойтахтида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази минтақамизда сўнгги ўн йилликларда қад ростлаган иншоотларнинг марвариди бўлди, десак муболаға эмас. Бу марказ нафақат меъморий жиҳатдан ноёб иншоот, Марказий Осиёнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини ўзида акс эттирган, муқаддас динимиз тарихини мужассам этган илмий-маърифий маскан экани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу марказ узоқ асрлар ўтмиш ва бугун ўртасида мустаҳкам ва муҳташам кўприк сифатида хизмат қилажак.

Шубҳасиз, ислом цивилизацияси инсоният тарихида беқиёс ўрин тутади. У фақатгина диний қарашлар мажмуи эмас, балки кенг қамровли маданий, илмий ва фалсафий билимлар тизими сифатида ўн тўрт аср давомида шаклланган. Айниқса, ўрта асрларда ислом дунёси илм-фан тараққиётининг маркази эди.

Бу даврда математика, астрономия, тиббиёт, география, фалсафа каби кўплаб фанлар жадал ривожланди. Илмий тафаккур эркинлиги, изланиш ва тажриба маданияти Ғарбу Шарқ бўйлаб кенг ­ёйилди. Бу, ўз навбатида, тамаддуннинг янги босқичини бошлаб берди. Марказий Осиё бу жараёнларнинг юраги бўлди. Айнан шу ҳудудда етишиб чиққан буюк алломалар жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшдилар. Улар яратган илмий асарлар асрлар давомида дунё илмий тафаккурига йўл кўрсатиб келди.

Биринчи Ренессанс деб аталувчи илк Уйғониш даврида илм-фан мислсиз тараққий этди. Ал ­Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний каби буюк қомусий аждодларимизнинг илм тафаккури орқали алгебра, тригонометрия, тиббиёт ва астрономия соҳаларида улкан кашфиётлар қилинди. Бу кашфиётлар кейинчалик Европа Уйғониш даврига асос бўлиб хизмат қилди.

Иккинчи Ренессанс даврида эса маданият, санъат ва адабиёт юксак даражага кўтарилди. Меъморлик, наққошлик, китобат санъати ривожланди. Бу даврда яратилган асарлар бугунги кунда ҳам қадр-қимматини йўқотгани йўқ.

Хоразм илмий мактаби математик ва астрономик кашфиётлари билан машҳурликка эришган бўлса, Бухоро диний-фалсафий билимлар маркази сифатида шуҳрат топди. Ўз навбатида, Самарқанд астрономия марказига айланди.

Аждодларимизнинг илмий мероси кейинчалик Европа орқали бутун дунёга тарқалди. Кўплаб асарлар лотин тилига таржима қилиниб, жаҳон бўйлаб илм-фан ривожига туртки берди. Айни шу асослар ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётидаги ўрни нақадар улкан эканини кўрсатади. Демак, бу меросни жамлаш ва тарғиб қилиш ниҳоятда муҳимдир.

Ислом цивилизацияси маркази айнан шу вазифани бажарувчи маскан сифатида майдонга чиқди. Марказни барпо этиш ғояси илк бор Президентимиз томонидан 2017 йилда БМТ минбаридан туриб илгари сурилганди. Лойиҳа қисқа вақт ичида йирик бунёдкорликка айланди. Пухта ўйланган режа, аниқ мақсад асосида 2019 йилдан амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди. Қарийб ўн йил давомида мисли кўрилмаган қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилди. Бу жараёнда замонавий технологиялар ва миллий анъаналар уйғунлаштирилди. Ҳар бир элемент ўзига хос маънога эга бўлиб, у умумий концепцияни тўлдириб туриши билан эътибор тортиши шундан. Гумбазлар, равоқлар, безаклар — барчаси тарихий анъаналар асосида яратилган.

Қурилиш жараёнида минглаб мутахассислар иштирок этди. Меъморлар, тарихчилар, дизайнерлар ва муҳандислар биргаликда ишлади. Бу эса марказнинг мукаммал шаклда бунёд этилишига хизмат қилди.

Ислом цивилизацияси маркази ички тузилиши жиҳатидан ҳам ниҳоятда бой ва ранг-барангдир. Бу ерда ҳар бир зал алоҳида мавзуга бағишланган. Қуръон залида ноёб қўлёзмалар, китобат санъатининг нодир намуналари сақланса, тарихий экспозицияларда исломгача бўлган давр, муқаддас динимизнинг Марказий Осиёга кириб келиши, илм фан, маданият ва санъатнинг тараққий топиши очиб берилган. Бу ерга кирган ҳар бир инсон ўзига хос маънавий муҳитни ҳис қилади. Интерактив воситалар эса бу жараённи янада жонлантиради.

Алломаларга бағишланган бўлимлар марказнинг энг қизиқарли қисмларидан биридир. Бу ерда уларнинг илмий мероси кенг ёритилган.

Марказда улкан кутубхона, конференция заллари, илмий лабораториялар мавжуд. Бу эса уни замонавий илмий масканга айлантиради.

Иншоот архитектураси ва инфратузилмасига оид рақамлар ҳам унинг нақадар улкан ва мукаммал лойиҳа эканини яққол намоён этади. Жами ҳудуди қарийб 10 гектарни ташкил этадиган бинoнинг умумий фойдали майдони 42 минг квадрат метрдан ортиқ. Шу жиҳатдан у Марказий Осиё­даги энг йирик илмий-маърифий мажмуалардан бири ҳисобланади.

Уч қаватли бинонинг узунлиги тахминан 161 метр, кенглиги 118 метрни ташкил қилади. Марказнинг асосий гумбази 65 метр баландликкача кўтарилиб, шаҳар манзарасига алоҳида фусун бағишлаган. Бу рақамлар ва имкониятлар марказнинг нафақат меъморий, балки функционал жиҳатдан ҳам юқори даражада ўйланган лойиҳа эканини кўрсатади.

Мажмуанинг аҳамияти фақат миллий миқёс билан чекланиб қолмайди. У жаҳон цивилизацияси тарихини ўрганиш, исломнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш ва глобал илмий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим платформа сифатида хизмат қилади. Марказ дунё бўйлаб турли давлатлардан келган юзлаб олимларни бирлаштириб, халқаро илмий мулоқот учун кенг имконият яратаётгани ҳам унинг аҳамиятини янада оширади.

Бугунги кунда дунёда турли диний ва маданий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган мураккаб бир даврда мамлакатимиз ушбу марказ орқали исломнинг ҳақиқий моҳияти — маърифат, тинчлик ва тараққиёт ғояларини илмий асосда намоён этмоқда. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мазкур мажмуа нафақат илмий муассаса, балки цивилизациялар ўртасида мулоқот кўприги вазифасини бажарадиган стратегик лойиҳа ҳисобланади.

Марказнинг жаҳон миқёсидаги ўрни яна шу билан ҳам белгиланадики, у кўлами ва концеп­цияси жиҳатидан дунёдаги ислом цивилизациясига бағиш­ланган энг йирик комплекслардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу ерда жамланган қўл­ёзмалар, илмий тадқиқотлар ва маданий экспозициялар нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсоният тарихи учун муҳим манба вазифасини ўтайди. Шу боис, марказ келгусида халқаро туризм, таълим ва илм-фан интеграциясида ҳам муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.

Ислом цивилизацияси маркази ўтмиш, бугун ва келажакни бирлаштирган бетакрор маънавий-маърифий макондир. У аждодлар меросини асраб-авайлаш, уни чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш орқали Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Энди мақоламиз аввалидаги она сайёрамизда умргузаронлик қилаётган икки мингдан ортиқ миллат ва элат ҳамда дунёнинг етти мўъжизаси ҳақидаги фикрларга қайтсак.

Ислом цивилизацияси маркази дунёда инсон қўли билан бунёд этилган саккизинчи мўъжизага айланиши мумкинми?!

Фикримизча, мумкин!

Дунёнинг етти мўъжизасидан бирини яратган миллат нега энди саккизинчи мўъжизани ярата олмас экан?!

Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, Ислом цивилизацияси марказига келинг, кўзингиз билан кўринг ва янги Ўзбекистонда дунёнинг саккизинчи мўъжизаси қад ростлаганига ўзингиз гувоҳ бўлинг!

Ислом ҲАМРО,

Журналист