7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ташкил этилмоқда.
Форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, машҳур исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.
6 июль куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ОАВ вакиллари иштирокида брифинг ташкил этилиб, форумни ўтказишдан асосий мақсад, устувор вазифалар ва асосий йўналишлар, кўтариладиган долзарб мавзулар ҳақида маълумот берилди.