17 август куни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги иштирокида 2026/2027-ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари якунлари ва якуний танлов натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур матбуот анжуманида Talimxabarlari.uz мухбири ҳам иштирок этди. Мухбиримиз томонидан жорий йилги минимал ўтиш баллари бўйича савол берилди. Агентлик мутасаддилар давлат гранти бўйича минимал ўтиш бали — 68,0 балл, тўлов-контракт бўйича эса — 56,7 балл этиб белгиланганини маълум қилди.
Минимал ўтиш бали абитуриентнинг олий таълимга қабул қилиниши учун тўплаши лозим бўлган энг кам балл ҳисобланади. Яъни абитуриент белгиланган квота доирасида бўлса ҳам, тегишли минимал баллдан паст натижа қайд этса, талабаликка тавсия этилмайди.
Минимал ўтиш бали нафақат талабаликка тавсия этилишда, балки вакант ўринлар учун қўшимча танловда иштирок этиш ҳамда супер-контракт асосида ўқиш имкониятидан фойдаланишда ҳам муҳим мезон ҳисобланади.
Шу сабабли 56,7 баллдан кам балл тўплаган абитуриентлар вакант ўринлар учун қўшимча танловда иштирок эта олмайди ҳамда супер-контракт асосида ўқиш учун ариза бера олмайди.
Амалдаги тартибга кўра, минимал ўтиш баллари давлат гранти ва тўлов-контракт учун алоҳида белгиланади. Мазкур баллар тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш баллари ҳисобга олинган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Аввалроқ 2026/2027-ўқув йили учун давлат ОТМларида тўлмай қолган вакант ўринларга қўшимча танловни 22–23 август кунлари бошлаш режалаштирилаётганлиги ҳақида хабар берилган эди.