Унга кўра, агар банк ёки тўлов ташкилоти ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилмагани сабабли мижоз маблағи ўғирланса, етказилган зарарни ушбу ташкилот қоплаб бериши мумкин.

Сўнгги йилларда кибержиноятлар кескин ортиб бормоқда. Кейинги беш йилда улар 68 бараварга кўпайган. Ҳозирда ҳар икки жиноятнинг бири ахборот технологиялари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг асосий қисми онлайн банк ва тўлов тизимларида содир этилмоқда.

Кибержиноятларнинг қарийб 97 фоизи онлайн банк ва тўлов тизимларида содир бўлмоқда. Банк карталари билан боғлиқ жиноятларнинг 95 фоизидан ортиғи эса бегона шахслар номидаги банк карталари ёки электрон ҳамёнлар орқали содир этилмоқда. 11 ойда аҳолининг 1,9  трлн сўм маблағи талон-торож қилинган. 2019 йилда IT билан боғлиқ 18 турдаги жиноят содир этилган бўлса, бугун улар сони 60 тадан ошди.

Қонун лойиҳаси билан давлат органлари, банклар, тўлов ташкилотлари ҳамда Интернет-провайдерларининг масъулияти оширилмоқда. 

Банк карталари, электрон ҳамёнлар ва крипто-ҳамёнларни бошқариш имконини берувчи маълумотларни ноқонуний равишда бошқа шахсларга берганлик учун энди нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарлик белгиланяпти.  

Шунингдек, SIM-карталар, шахсий аккаунтлар ва идентификация воситаларини (масалан, OneID) бошқа шахсларга ноқонуний бериш ёки улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учун ҳам жазо чоралари кескин кучайтириляпти.

Бугунги кунда фуқароларнинг банк карта ҳисобрақамларидаги пул маблағларини турли киберҳужумлардан ҳимоялаш тизимини кучайтиришга зарурат туғилмоқда. Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан агар банк ва тўлов ташкилотларида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани сабабли мижозга зарар етса, масалан, пули ўғирланса, ушбу зарарни банк ёки тўлов ташкилотининг ўзи қоплаб бериши механизми жорий этиляпти. Яъни, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.  

Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда. Тергов органларига банк маълумотларини тақдим этишнинг аниқ муддатлари белгиланмоқда. Агар масъул ташкилот ушбу муддатларни бузса, ё маълумотни кечиктирса, уларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.  

Лойиҳадаги нормалар кибержиноятларга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, банк ва тўлов ташкилотлари, қолаверса, фуқароларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилди.