Ҳукуматнинг 2026 йил 20 августдаги 451-сон қарори билан директорлар ва директор ўринбосарларини менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда уларга сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, техникумларда фаолият юритаётган директорлар ва директор ўринбосарлари белгиланган талаблар асосида менежерлик сертификатини олади.
Директорлар ва уларнинг ўринбосарлари махсус портал орқали рўйхатдан ўтиб, ўқув курсида қатнашиш учун ариза топширади.
Ўқув курсини муваффақиятли якунлаганларга давлат намунасидаги, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон сертификат берилади.
Илмий даража ёки илмий унвонга эга директорлар ва директор ўринбосарларига сертификат уларнинг аризаси асосида тўғридан-тўғри 3 йил муддатга берилади.
Якуний синовдан ижобий натижа кўрсатган тингловчига синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта ичида ўқув ташкилоти раҳбарининг буйруғи асосида сертификат берилади.