Ўн беш ёшли боланинг касб ҳақидаги қарори кўпинча бир суҳбат, бир маслаҳат ёки дўстининг танлови билан белгиланади. Бу қарорнинг баҳоси эса ўн йиллар давомида тўланади: ўзига мос бўлмаган йўналишда ўқиган ёш, унинг таълимига сарфланган оила ва давлат маблағи, керакли мутахассисни топа олмаган корхона. “Касблар шаҳарчаси” айнан шу занжирнинг энг бошида — бола ҳали қарор қабул қилмасдан олдин ишлайдиган, натижага йўналтирилган механизмдир.

21 октябрь куни Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникумида Германияга амалиётга отланаётган ёшлар билан суҳбатда Президентимиз касбли инсон ҳеч қачон кам бўлмаслигини, билим ва ҳунарни пухта эгаллаган ёш қаерда бўлмасин ўз ўрнини топишини таъкидлади. Шу суҳбатда мактаб давриданоқ касб ва тил ўргатиш зарурлиги ҳам алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил февралдаги тегишли фармони билан 2026/2027 ўқув йилидан етти ҳудудда “Касблар шаҳарчаси” ташкил этиш белгиланган эди. 17 августда Президентимиз Урганчдаги илк шаҳарча билан танишди ва эртаси куни бу тажрибани мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйиш вазифасини қўйди. Шундай қилиб, етти вилоятда бошланган ташаббус умуммиллий тизимга айланмоқда. Энди уни ҳар бир вилоятда бир хил юқори сифатда ишлайдиган тизимга айлантириш вақти келди. Бунинг учун эса, аввало, шаҳарча нима учун яратилганини аниқ тушуниб олиш зарур.

Шаҳарча нима учун яратилган?

“Касблар шаҳарчаси”нинг асосий мақсадини бир жумлада бундай ифодалаш мумкин: ҳар бир ўқувчига касбни қўли билан синаб кўриш орқали қизиқиши ва қобилиятини англаш, шу асосда ўзига ҳам, меҳнат бозорига ҳам мос касбни онгли равишда танлаш имкониятини бериш. Бошқача айтганда, шаҳарча касб ўргатмайди — у касбни танлашни ўргатади. Касбни техникум ўргатади, шаҳарча эса болани тўғри техникумга, тўғри йўналишга олиб келади.

Бу мақсад уч даражада намоён бўлади. Бола учун — ўзини англаш. Ўсмир ўзи ҳақида кўп нарсани билмайди: қўли нозик ишга мойилми ёки кучли ҳаракатгами, техника уни қизиқтирадими ёки одамлар билан ишлаш, у қаерда зерикади ва қаерда вақтни унутади? Бу саволларга тест ҳам, суҳбат ҳам тўлиқ жавоб бермайди. Жавобни фақат тажриба беради: пайванд аппаратининг симуляторида, сантехника стендида, ошхонада, дрон пультида. Урганч ва Қаршидаги шаҳарчаларнинг “Ўзинг ясаб кўр” тамойили айнан шунга қаратилган.

Оила учун — асосли қарор. Бизда касб танловини кўпинча ота-она ҳал қилади ва бунда касбнинг обрўси, диплом нуфузи ҳал қилувчи бўлади. Шаҳарча ота-онага фарзанди ҳақида аниқ кузатув ва далилга асосланган тавсия беради. Бу “мен шундай деб ўйлайман” эмас, “фарзандингиз шу соҳада ўзини шундай кўрсатди”, деган суҳбатдир.

Давлат ва иқтисодиёт учун — кадр­лар оқимини бошқариш. Шаҳарчадаги касблар тасодифан танланмайди: Хоразмда транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетика, Қашқадарёда эса робототехника, дронлар, электромобилларга хизмат кўрсатиш, зоотехника ва агрономия. Бу ҳар бир вилоят иқтисодиётининг эртанги эҳтиёжи. Шундай қилиб, шаҳарча боланинг шахсий қизиқишини ҳудуднинг реал меҳнат бозори билан учраштирадиган жойга айланади.

Шаҳарча техникумнинг қўшимча устахонаси эмас, мактаб тўгараги эмас, меҳмонларга кўрсатиладиган кўргазма зали ҳам эмас. Унинг натижаси ташрифлар сони эмас, балки ўз танловини англаб, асос­лаб қабул қилган ўқувчилар сонидир.

Бир марталик ташриф — таассурот, тизимли жараён — қарор

Касбий ривожланиш назарияси узоқ йиллик тадқиқотларга таянади ва шаҳарча қандай ишлаши кераклигини аниқ кўрсатади.

Америкалик психолог Дональд Супер инсоннинг касбий ривожини босқичлар сифатида тасвирлаган. Унинг назариясига кўра, ўсмирлик даври — изланиш босқичи: бу даврда инсон турли фаолиятни синаб кўради ва ўзи ҳақидаги тасаввурини касб олами билан солиштиради. Демак, 7-9-синфлар касбга йўналтириш учун энг қулай давр бўлиб, кечикиш бой берилган имкониятдир.

Жон Ҳолланднинг назарияси эса инсоннинг шахсий хусусиятлари билан касб муҳити ўртасидаги мувофиқлик унинг меҳнатдан қониқиши ва бу касбда барқарор қолишини белгилашини кўрсатади. Бошқача айтганда, тўғри танланган касб нафақат шахсий бахт, балки кадрлар қўнимсизлиги камайиши, малакали мутахассиснинг соҳада узоқ ишлашидир.

Замонавий тадқиқотчилар, жумладан, Марк Савикас ва Андреас Хирши яна бир муҳим тушунчани илгари сурган — касбий мосланувчанлик. Бу ўз келажагига қизиқиш, қарорни ўз қўлига олиш, янги имкониятларга очиқлик ва ўз кучига ишонч. Тез ўзгараётган меҳнат бозорида бир марта тўғри касб танлашдан кўра, умр бўйи тўғри танлай олиш кўникмаси муҳимроқ.

Бу назарияларнинг шаҳарча учун ­амалий хулосаси битта: касбга йўналтириш тадбир эмас, жараён бўлиши керак. Бир кунлик ташриф болада ёрқин таассурот қолдиради, лекин қарор шакллантирмайди. Қарор эса изчил кетма-кетликда шаклланади: касблар олами билан танишиш, ўз қизиқишини аниқлаш, бир неча касбни амалда синаб кўриш, танловни торайтириш, оила билан маслаҳатлашиш ва ниҳоят, онгли қарор. Шаҳарча шу жараённинг марказий бўғини бўлиб, мактаб ундан олдинги ва кейинги босқичларни таъминлаши лозим.

Икки тизим ўртасидаги кўприк

Шаҳарча ўз мақсадига эришиши учун ҳал қилиниши лозим бўлган энг чуқур масала — мактаб ва касбий таълим ўртасидаги узилиш. Бугун улар турли идоралар тасарруфида, турли ўқув режалари, турли ҳисоботлар ва турли мезонлар асосида ишлайди. Мактаб ўз вазифасини битирувчига аттестат бериш билан тугаган деб ҳисоблайди, техникум эса ўқувчини 9 ёки 11-синфдан кейин “тайёр ҳолда” қабул қилади. Ўқувчининг касб танлови эса айнан шу икки тизим оралиғида, ҳеч кимнинг масъулиятида бўлмаган “бўшлиқ”да ҳал бўлади.

“Касблар шаҳарчаси”нинг илғор касбий маҳорат техникуми ҳудудида жойлашгани тасодиф эмас. Бу — мактаб ўқувчиси касбий таълим муҳитига илк бор қадам қўядиган нуқта. Лекин шаҳарча ҳақиқий кўприкка айланиши учун интег­рация беш йўналишда йўлга қўйилиши зарур.

Мазмун интеграцияси. Мактабдаги технология фанининг 7-9-синфлардаги бир қисми шаҳарча ва техникум устахоналарида, техникум усталари иштирокида ўтказилиши мумкин. Шунда бу фан назарий машғулотдан реал касбий синовга айланади. 10-11-синфлар учун эса техникум билан ҳамкорликда танлов асосидаги касбий модуллар жорий этилиб, улардан олинган натижалар техникумга кирганда ҳисобга олиниши ўқиш муддатини қисқартириши керак.

Кадрлар интеграция­си. Техникум усталари мактабда, мактаб технология ўқитувчилари эса техникум устахоналарида дарс бериши, уларнинг қўшма методик бирлашмалари тузилиши лозим. Мактаб ўқитувчиси замонавий ускунани, техникум устаси эса ўсмир билан ишлаш методикасини бир-биридан ўрганади.

Ресурслар интеграцияси. Ҳар бир мактаб туман ёки вилоятдаги муайян базавий техникумга бириктирилиши, техникумнинг устахона ва лабораториялари эса мактаб ўқувчилари учун белгиланган жадвал асосида очиқ бўлиши керак. Қашқадарё техникуми аллақачон бошқа муассасаларнинг 2800 ўқувчиси учун ­амалий база вазифасини бажармоқда — шу тамойилни мактабларга ҳам кенгайтириш мумкин.

Маълумотлар интеграцияси. Ўқувчининг мактабдаги ўзлаштириши, шаҳарчадаги синовлари ва менторнинг тавсиялари ягона рақамли профилда тўпланиб, техникумга узатилиши керак. Шунда техникум ўқувчини “нолдан” эмас, кучли жиҳатлари ва қизиқишларини билган ҳолда қабул қилади.

Масъулият интеграцияси. Энг муҳими — умумий натижа учун умумий жавобгарлик. Мактаб фақат битирувчилар сони эмас, улардан қанчаси асосланган касбий танлов қилгани учун, техникум эса фақат қабул режаси эмас, қабул қилинганлардан қанчаси биринчи курсда ўқишни ташламагани учун масъул бўлиши керак. Вилоят даражасида ҳокимлик, мактаб таълими, касбий таълим ва иш берувчилар вакилларидан иборат мувофиқлаштирувчи кенгаш бу жараённи бошқариши мақсадга мувофиқ.

Тил ўргатиш ҳам шу интеграциянинг бир қисми. Қашқадарёда 500 ёшни немис тилига ўқитиб, Германияга амалиётга юбориш режаси кўрсатадики, касб ва тил бир-биридан ажралмас. Мактабдаги чет тил таълими касбий йўналишга боғланса, ёш техникумга нафақат касбга, балки халқаро меҳнат бозорига ҳам тайёр ҳолда келади.

Иқтисодий ўсиш ва ижтимоий адолат воситаси

“Касблар шаҳарчаси”ни фақат таълим лойиҳаси сифатида баҳолаш унинг аҳамиятини торайтиради. Аслида, у иқтисодий сиёсатнинг ҳам, ижтимоий сиёсатнинг ҳам муҳим воситасидир.

Иқтисодий жиҳат. Ҳудудлардаги кенг кўламли инвестиция дастурлари янги корхоналар, технологиялар ва иш ўринларини олиб келмоқда. Хоразмга қисқа даврда 4 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта янги қувват ишга туширилди. Қашқадарёда 21 октябрда умумий қиймати 6 миллиард доллардан ортиқ 161 та лойиҳадан 69 таси ишга туширилди, 92 тасининг қурилиши бошланди. Аммо давлатимиз раҳбари Хоразмдаги мулоқотда таъкидлаганидек, ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқ. Малакали ишчи етишмаса, инвестор мутахассисни четдан олиб келишга ёки ходимни иш жойида узоқ ва қиммат қайта ўқитишга мажбур бўлади. Шаҳарча эса вилоят иқтисодиётининг эртанги эҳтиёжини бугунги ўқувчининг танлови билан боғлайди. Бошқача айтганда, у инвестиция ва инсон капитали ўртасидаги узилишни мактаб давридаёқ бартараф этади.

Бунинг ортида кенгроқ макроиқтисодий мантиқ бор. Тўғри касб танлаган ёш ўқишни ташламайди, йўналишини алмаштирмайди, битиргач, ўз мутахассислиги бўйича ишлайди. Бу давлат ва оила таълимга сарфлаган маблағ самарали ишлашини, меҳнат унумдорлиги ошишини, ёшлар ишсизлиги ва норасмий бандлик қисқаришини англатади. Касб — камбағалликдан чиқишнинг энг ишончли ва барқарор йўли. Шу маънода, шаҳарчага йўналтирилган ҳар бир сўм камбағалликни қисқартиришга киритилган узоқ муддатли сармоядир.

Ижтимоий жиҳат. Шаҳар оиласида ўсган бола касблар ҳақида кўпроқ маълумотга эга: атрофида турли соҳа вакиллари, тўгараклар, ўқув марказлари бор. Олис туман ёки қишлоқ боласининг касб ҳақидаги тасаввури эса кўпинча яқин атрофидаги бир неча касб билан чекланади. Натижада танлов имконияти бола қобилиятига эмас, қаерда туғилганига боғлиқ бўлиб қолади.

“Касблар шаҳарчаси” бу тенгсизликни юмшатишга хизмат қилиши керак. Қиш­лоқ мактаби ўқувчиси ҳам худди шаҳар боласидек робототехника, “яшил” энергетика ёки замонавий агротехнологияни ўз қўли билан синаб кўриш, қобилиятини кашф этиш ҳуқуқига эга. Шунинг учун шаҳарча қамровини баҳолашда, энг аввало, туман ва қишлоқ мактаблари ўқувчилари улушига эътибор қаратиш лозим. Ижтимоий адолат шунда намоён бўладики, ҳар бир боланинг келажаги манзилига эмас, салоҳиятига қараб белгиланади.

Хориж тажрибасининг асл сабоғи

Касбий таълими ривожланган давлатлар тажрибаси кўрсатадики, уларнинг ютуғи ускуна ва бинода эмас, ташкилий механизмда. Бу мамлакатларда касбга йўналтириш мактаб дастурининг мажбурий қисми ҳисобланади: ўқувчи 7-8-синф­лардаёқ бир неча касб соҳасида ҳафталаб амалий синовдан ўтади, натижалари махсус ҳужжатда қайд этилиб, кейинги танлов учун асос бўлади. Ўқув дастурлари иш берувчи билан бирга тузилади, касбий таълим эса олий таълимга йўлни ёпмайди. Шунинг учун у ерда касбий йўл “боши берк кўча” эмас, нуфузли танлов сифатида қабул қилинади.

Бу тажрибадан бизнинг шаҳарчалар учун тўрт хулоса чиқади: касбга йўналтириш мактаб дастурига киритилган бўлиши; ўқувчининг натижалари ҳужжатлаштирилиб, кейинги босқичга узатилиши; шаҳарча реал иш берувчи билан боғланиши; касбий йўл эса олий таълимга эшикни ёпмаслиги керак. Қашқадарёдаги 32 та йирик ташкилот билан шартнома ва ёшларни Германияга амалиётга юбориш режаси учинчи шартнинг яхши бошланиши. Қолган учтасини эса миллий даражада ҳал қилиш лозим.

Етти қадам

Юқоридаги таҳлил асосида “Касблар шаҳарчаси” моделини мамлакат миқёсида самарали жорий этиш учун қуйидаги чораларни таклиф этамиз.

Биринчи қадам — шаҳарчани мактаб дастурига киритиш. Касбга йўналтириш ихтиёрий тадбир эмас, ҳар бир ўқувчи учун мажбурий йўл бўлиши керак. Унинг мантиқий тузилмаси қуйидагича: 7-синф­да қизиқиш ва қобилиятни аниқлашга қаратилган диагностика ва шаҳарчага биринчи танишув ташрифи; 8-синфда шаҳарчада камида учта касб соҳасини қамраб олган, бир ҳафтадан кам бўлмаган амалий синов; 9-синфда танланган йўналиш бўйича ҳамкор корхонада қисқа муддатли амалиёт ва якуний тавсия. Бунинг учун мактаб ўқув режасида алоҳида соатлар ажратилиши лозим.

Иккинчи қадам — “Касбий танлов паспорти”. Ҳар бир ўқувчининг шаҳарчадаги синовлари, менторнинг кузатувлари ва тавсиялари ягона рақамли профилда сақланиши керак. Бу ҳужжат ўқувчи, ота-она, мактаб ва техникум учун очиқ бўлади. Шунда техникумга қабул пайтида ҳам ёшнинг тасодифий эмас, синалган ва асосланган танлови кўринади.

Учинчи қадам — касбий ментор лавозими ва унинг тайёрлов стандарти. Шаҳарчаларда касб устаси ва педагог-психолог кўникмаларини бирлаштирган “касбий ментор” лавозимини жорий этиш, улар учун махсус малака ошириш дастури ва сертификатлаш тизимини яратиш зарур. Мактабларда фаолият юритаётган касбга йўналтириш маслаҳатчилари ҳам шаҳарча амалиётида тайёрланиши мақсадга мувофиқ.

Тўртинчи қадам — ҳар бир болага етиб бориш. Узоқ туманлар учун транспорт билан таъминланган ташрифлар жадвали, туман марказларига чиқадиган кўчма касб модуллари ва виртуал симуля­торлар орқали олдиндан тайёргарлик тизимини йўлга қўйиш лозим. Шаҳарча қамрови вилоятдаги барча 8-синф ўқувчилари улуши билан ўлчаниши керак.

Бешинчи қадам — барқарор молиялаштириш. Капитал қурилиш билан бирга шаҳарчанинг йиллик фаолияти учун ҳар бир ўқувчига ҳисобланган молиялаштириш нормативини белгилаш, иш берувчиларни эса касб модулларини жиҳозлаш ва янгилашга жалб қилиш таклиф этилади. Модулни қўллаб-қувватлаган корхона эвазига ўзи учун кадрларни мақсадли тайёрлаш имкониятига эга бўлади.

Олтинчи қадам — тўғри мезонлар билан ўлчаш. Шаҳарча самарадорлиги ташрифлар сони билан эмас, қуйидаги кўрсаткичлар билан баҳоланиши лозим: асосланган касбий танловни шакллантирган 9-синф ўқувчилари улуши; шаҳарчада синалган йўналиш бўйича техникумга кирганлар улуши; техникумнинг биринчи курсида ўқишни ташлаш ёки йўналишни ўзгартириш даражаси; битирувчиларнинг бир йилдан кейин ўз мутахассислиги бў­йича ишлаётгани. Бу кўрсаткичлар бўйича ҳар йили мустақил баҳолаш ўтказилиб, натижалар очиқ эълон қилиниши керак.

Еттинчи қадам — мактаб ва техникумни ҳуқуқий жиҳатдан боғлаш. Ҳар бир мактабни базавий техникумга бириктириш, технология фанининг бир қисмини техникум устахоналарида ўтказиш, 10-11-синфлардаги касбий модуллар натижаларини техникумда ҳисобга олиш ҳамда мактаб ва техникумнинг умумий самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш тартибини норматив ҳужжат билан ­мустаҳкамлаш зарур.

Хоразм ва Қашқадарёдаги “Касб шаҳарчалари”ни шу ёндашувни синовдан ўтказадиган ва янги шаҳарчалар жамоаларини тайёрлайдиган методик таянч марказлар сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ. Институтимиз ягона методика, касбий ментор тайёрлаш дастури ва самарадорлик мезонларини ишлаб чиқишда ўз илмий-методик салоҳиятини сафарбар этишга тайёр.

Келажак шу ерда яратилади

Ҳар бир “Касблар шаҳарчаси”да ҳар куни кичик, лекин жуда катта маънога эга воқеа рўй беради. Ўн уч ёшли бола биринчи марта симуляторда пайванд чокини тортади, қуёш панелини улайди ёки дронни осмонга кўтаради ва унинг кўзларида “мен ҳам уддалайман” деган ишонч учқуни чақнайди. Ўша лаҳзада боланинг ўзига қараши ўзгаради. Бир умрлик йўлнинг илк қадами айнан шундай лаҳзалардан бошланади.

Хива ва Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабзнинг асрлар оша бизгача етиб келган обидалари номи тарихда қолмаган минг­лаб усталар, меъморлар ва ҳунармандлар қўли билан бунёд этилган. Аждодларимиз касбни муқаддас билган, ҳунарни отадан болага мерос қилиб қолдирган. Бугун Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этар эканмиз, бу пойдевор олимлар ва мутафаккирлар билан бир қаторда ўз ишининг устаси бўлган миллионлаб ҳунарманд, муҳандис ва мутахассислар билан мустаҳкам бўлади.

Қашқадарёда Германияга отланаётган ёшлар билан суҳбатда Президентимиз уларга оталарча самимият билан бундай деди: “Касбли бўлсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсизлар. Билим ва ҳунарни пухта эгалласангиз, қаерда бўлманг, ўз ўрнингизни топасизлар”.

Давлатимиз раҳбари бу имкониятдан тўғри фойдаланган ёшлар ўзлари, фарзанд­лари ва невараларининг фаровон ҳаётига замин яратишини ҳам алоҳида таъкидлади.

Бу сўзларда ҳар бир ота-онанинг юрагидаги энг эзгу орзу мужассам: фарзандим ўз ўрнини топсин, ҳеч кимга муҳтож бўлмасин, ҳалол меҳнати билан эл-юрт ҳурматини қозонсин. “Касблар шаҳарчаси” — шу орзуни ҳаётга айлантирадиган маскан. Унинг дарвозасидан кирган ҳар бир бола бу ердан ўзини англаган, ўз йўлини кўрган, келажагига ишонган ҳолда чиқиши керак. Бу — педагоглар, олимлар ва касбий таълим мутахассисларининг энг шарафли вазифаси. Зеро, касбли инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, касбли халқнинг эса келажаги ҳамиша порлоқдир.

Ҳаёт ҚОДИРОВ,

 Касбий таълимни ривожлантириш институти директори