35 йил инсон умри учун катта давр. Давлат тарихи учун эса жуда қисқа масофа. Лекин бир халқнинг тақдирида бу масофа бутун бир бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Савол одатда шундай қўйилади: мустақиллик бизга нима берди? Бу тўғри, лекин ярим савол. Унга параллел яна бир савол қўшилиши керак: мустақиллик биздан нимани талаб қилди ва бугун нимани талаб қилмоқда? Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланган қарорида урғу энди аниқ келажакка кўчирилган. Унда бу масофа «якунланган йўл» эмас, «давом этаётган жараённинг бир нуқтаси» сифатида тилга олинган. Тил ўзгариши тасодифий эмас. У шуни кўрсатадики, давлатнинг ўзи ҳам мустақилликни статик ҳолат эмас, ҳар куни қайта қўлга киритиладиган жараён сифатида қабул қилмоқда.
Имкониятдан натижагача
Ўттиз беш йиллик йўлни уч мантиқий босқичга ажратиш мумкин. Биринчи босқичда, тахминан 1991-2016 йилларда асосий вазифа давлатчиликнинг таянч устунларини қуриш эди: миллий пул-кредит тизими, суд-ҳуқуқ тузилмаси, чегара ва бож хизмати, дипломатик корпус. Бу пойдевор даври.
Иккинчи босқич — 2017-2021 йилларда иқтисодиётнинг, валюта бозорининг эркинлашуви, тадбиркорлик учун тўсиқларнинг қисқариши ва ташқи сиёсатнинг очилиши рўй берди. Бу очилишнинг миқдорий изини қўшничилик савдосида кўриш мумкин. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилда Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдосида атиги ўндан бир қисми — 10,2 фоизни ташкил этган бўлса, беш йил ўтиб бу кўрсаткич 15,1 фоизга кўтарилди. Бир қарашда икки фоиз банддан беш фоиз бандгача бўлган фарқ арзимас туюлиши мумкин. Лекин савдо ҳажми ўлчовида бу ярим баробарга яқин ўсишни англатади. Яъни қўшничилик энди фақат дипломатик учрашувлар мавзуси эмас, тадбиркорнинг ҳисоб-китобига кирувчи омилга айланган.
Учинчиси, бугунги босқич 2022-2026 йиллар ва ундан кейинги давр. Чунки натижа энди бино қуриш ёки қонун қабул қилиш билан эмас, миллионлаб инсоннинг билими ва меҳнати билан ўлчанади. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти тарихда биринчи марта 145 миллиард доллардан ошди. Ваҳоланки, 2024 йилда 115 миллиард доллар эди. ЯИМ ўсиши 7,7 фоизни ташкил этди. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса ўсиш суръати 8,5 фоизгача тезлашди. Лекин рақамлар ортида нима туради? Айнан шу саволга жавоб бериш учун «имконият» ва «салоҳият» тушунчалари орасидаги фарқни очиш керак.
Назарий формула
Имконият бу ҳали рўёбга чиқмаган куч, потенциал. У ўз-ўзидан натижага айланмайди: имконият, институтлар, билим, технология ва меҳнат бирикиб салоҳиятга айланади. Ёш аҳоли — имконият. Сифатли таълим уни салоҳиятга айлантирувчи механизм. Технология унумдорликни оширувчи восита. Институтлар эса натижани бутун жамиятга масштаблаштирувчи муҳит.
Буни бир мисолда кўриш мумкин. Икки хўжалик бир хил ер майдонига, бир хил сув ресурсига эга бўлиши мумкин бу — имконият. Аммо улардан бири замонавий агротехнологияни ўзлаштирса, иккинчиси эски усулда қолса, натижа тубдан фарқли бўлади. Фарқ ресурсда эмас, уни қандай ишлатишда.
Бироқ бу формуланинг қарши томони ҳам бор. 2025 йилда мамлакат экспорти 23 фоиз ошиб, 33,4 миллиард долларга етди. Ажойиб натижа. Лекин шу экспортнинг қарийб 30 фоизи, тахминан 9,9 миллиард доллари олтин ҳиссасига тўғри келди. Табиий бойлик бу ҳам имконият, лекин у ҳали тўлиқ технологик занжир орқали қайта ишланган, юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айланмаган. Демак, имконият ҳамма жойда бир хил тезликда салоҳиятга айланаётгани йўқ. Бу борада мамлакат ҳали йўлнинг ярмида турибди.
Мана шу умумий формулани беш турдаги — инсон, иқтисодий, интеллектуал-технологик, энергия-сув, ижтимоий-миллий капитал орқали синаб кўриш мумкин. Биринчиси, энг муҳими, чунки қолган тўрттаси унга боғлиқ.
Рақам ортидаги тақдирлар
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил бошида Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион нафардан ошди, ўртача ёш эса 29,5 ёшни ташкил этди. Бу жаҳон ўртача кўрсаткичи (30,9 ёш)дан паст, яъни мамлакат демографик жиҳатдан жаҳон бўйича нисбатан ёш ҳисобланади. Шу манбага кўра, ҳар тўртинчи фуқаро 14-30 ёш оралиғида.
Бу ерда оддий фоиз кўрсаткичи ортида кўп қатламли масала яширинган. Демография ўзи на яхши, на ёмон. У нейтрал омил, унинг ижобий ёки салбий натижага айланиши тўлиқ равишда қандай институционал жавоб берилишига боғлиқ. Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатлар ХХ асрнинг иккинчи ярмида худди шундай «ёшлар тўлқини»дан фойдаланиб, иқтисодий сакрашга эришган. Бу «демографик дивиденд» дейилади. Аммо тарих бошқа мисолларни ҳам билади: агар ёшларга иш ўрни ва истиқбол берилмаса, худди шу демографик куч ижтимоий беқарорлик омилига айланиши мумкин. Демак, тўққиз ярим миллион ёш натижа эмас, у фақат саволнинг қўйилиши: биз бу салоҳиятни қайси сценарий бўйича ишлатамиз?
Айнан шу дилеммага жавоб сифатида жорий йилда «Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегияси тасдиқланди. Унда ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 2030 йилга қадар 900 минг ёшни волонтёрлик ҳаракатига жалб этиш, ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тилни Б2 даражасида эгаллаши каби аниқ ўлчанадиган вазифалар белгиланган. Ушбу ҳужжатнинг ўзига хос жиҳати, унда ниятлар эмас, назорат қилиш мумкин бўлган мезонлар қайд этилган. Беш йилдан кейин бу рақамлар бажарилган ёки бажарилмаганини аниқ текшириш мумкин бўлади.
Туман марказидаги оддий мактабни тугатган йигит ёки қиз онлайн курслар орқали дастурлашни ўрганиб, хорижий компания учун масофадан туриб иш қилиши, ойлик даромади эса ота-онаси бир умр орттирган даромаддан кўп бўлиши бир неча йил олдин истисно эди, бугун тенденцияга айланмоқда. Аммо бу имконият ҳали ҳамма учун баробар эмас. Пойтахт билан узоқ туман ўртасидаги рақамли ва таълим тенгсизлиги ҳамон сезиларли.
Таълим тизимининг негизида содир бўлаётган ўзгаришни бир қиёсда кўриш мумкин. Беш йил олдин — 2021/2022 ўқув йилида мамлакат олий таълим тизимида 808 мингга яқин ёш таҳсил олган бўлса, бугунги кунда бу сон 1,5 миллиондан ошган. Амалда деярли икки баробар кўпайди. Бунга ўхшаш динамика мактабгача таълимда ҳам кузатилади. Қамров даражаси 27 фоиздан 72 фоизга кўтарилди. Муассасалар сони эса беш мингдан 30 мингга етди. Бу иккита рақамни бирга ўқиш керак: агар бугунги 3-4 ёшли бола эртага мактабга, ундан кейин олий таълимга кириш эҳтимоли ортган бўлса, демак, «пойдевор» билан «натижа» ўртасидаги занжир аста-секин тўлиқ ишлай бошлаган. Бошқача айтганда, бу «имконият» деб аталадиган абстракция эмас, аниқ вақт оралиғида ўлчаб бўладиган институционал натижа.
Ресурсдан қўшилган қийматга
ХХИ асрда иқтисодий мустақиллик фақат табиий ресурсга эгалик қилиш эмас, балки уни технология, билим ва молия орқали юқори қўшилган қийматга айлантира олиш қобилияти ҳам. Хом пахта тоннаси билан ундан тикилган тайёр кийим-кечак партиясининг бозор қиймати орасидаги фарқ бу шунчаки рақам эмас, балки бир хил хомашёдан неча баробар кўп даромад ва иш ўрни яратиш имкониятининг ўлчови.
2025 йилда мамлакатга жалб қилинган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар 43,1 миллиард долларни ташкил этди. Бу ЯИМнинг 31,9 фоизига тенг. Олтин-валюта захиралари эса тарихда биринчи марта 60 миллиард доллардан ошди. Шу давр ичида камбағаллик 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача қисқарди, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8-4,9 фоизгача тушди.
Бу тўрт рақамни ёнма-ён қўйиб кўрайлик. Инвестиция ҳажми ошган, захира кўпайган, камбағаллик камайган, ишсизлик пасайган — тўрттаси ҳам бир йўналишга ишора қилади. Лекин шу ўринда бир савол туғилади: бу тасодифми ёки занжирми? Иқтисодий назария бунга аниқ жавоб беради: инвестиция янги иш ўрни яратади, иш ўрни даромадни оширади, ошган даромад эса камбағаллик чегарасидан чиқарувчи асосий восита ҳисобланади. Демак, бу тўрт рақам тўрт алоҳида ютуқ эмас, битта иқтисодий занжирнинг тўрт бўғини. Расмий ҳисоботларга кўра, бир йил ичида 300 мингдан ортиқ оила камбағаллик чегарасидан чиққани занжирнинг охирги, энг муҳим натижаси.
Аммо бир жиҳатни ҳам кўрсатиб ўтиш керак. Юқорида айтилганидек, экспортнинг қарийб 30 фоизи олтин. Бу ерда икки хил хулоса чиқариш мумкин ва фарқ уларнинг қайси бирини танлашда. Биринчиси, юзаки хулоса: «олтин қиммат, демак, яхши». Иккинчиси, чуқурроқ хулоса: агар даромаднинг учдан бир қисми битта металнинг жаҳон биржасидаги нархига боғлиқ бўлса, бу мамлакат ўз қўлида бўлмаган омилга қарамлик дегани. Олтин нархи эртага пасайса, бу рақам ҳам бошқача бўлади. Ваҳоланки, технология ёки таълим орқали яратилган қиймат бунчалик тебранишга учрамайди. Айнан шу фарқ «имконият» (ер остидаги захира) билан «салоҳият» (уни барқарор даромадга айлантирувчи тизим) орасидаги масофанинг амалий кўриниши.
Агар олтин ердан олинадиган, такрорланмайдиган бойлик бўлса, дастурий маҳсулот инсон миясида яратиладиган, чекланмаган бойлик. Иккисининг нархи ҳам ўзгариши мумкин. Лекин фарқ шундаки, биттаси тугайди, иккинчиси эса кўпаяверади. Шу билан бирга, ижобий тенденция ҳам бор. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида олтинсиз экспорт 32,2 фоиз ошиб, 14,4 миллиард долларга етди. Демак, диверсификация жараёни бошланган, лекин у ҳали олтиннинг ўзи каби тезликда ўсмаяпти. Диверсификациянинг ягона узоқ муддатли йўли — технология.
Истеъмолчидан яратувчига
ХИХ-ХХ асрларда саноат қуввати ва табиий ресурслар иқтисодий мустақилликнинг асосий омили бўлган, бугун эса бу рўйхатга маълумот, алгоритм ва сунъий интеллект қўшилди. Юқорида айтилган «тугайдиган бойлик ва тугамайдиган бойлик» фарқини эслайлик. Ўзбекистон 2030 йилга қадар АТ хизматлари ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларгача етказишни мақсад қилган. Бу соҳа атиги саккиз-ўн йил олдин йиллик бир миллион долларлик экспортни ҳам ташкил этмаганди. Бошқача айтганда, давлат икки турдаги экспортни ердан олинадиган ва миядан яратиладиганини параллел равишда ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда, лекин уларнинг ўсиш суръати ҳали тенг эмас.
Технологик жиҳатдан мустақил бўлмаган давлат сиёсий мустақиллигини узоқ муддатда қай даражада таъминлай олади? Бу саволнинг жавоби икки хил сценарийга боғлиқ. Агар мамлакат фақат тайёр дастурий маҳсулотни истеъмол қилса, бу янги шаклдаги қарамлик. Агар ўз мутахассисини тайёрлаб, ўз маҳсулотини яратса бу — янги шаклдаги мустақиллик.
Бу борада хорижда таҳсил олиб, ватанга қайтган мутахассисларнинг роли алоҳида аҳамиятга эга. Йигирма йил олдин хорижий университетни тугатган ёш мутахассис учун Ўзбекистонга қайтиш кўпинча иқтисодий жиҳатдан оқланмас эди. На лаборатория, на замонавий иш муҳити бор. Бугун бу манзара аста-секин ўзгармоқда. 2026 йилда мамлакатнинг тўрт шаҳрида дата-марказлар, иккита суперкомпьютер ва ўн беш олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси ишга туширилди ёки туширилмоқда. Бу хорижда тажриба орттирган мутахассис учун ватанида ишлашни истисно эмас, оқилона танловга айлантирувчи инфратузилма. БМТнинг электрон ҳукумат индексида дунёнинг етакчи 30 давлати қаторига киришни мақсад қилиш ҳам шу йўналишнинг давоми. Бу рақамларгина эмас, давлат хизматларининг фуқаро учун қулайлиги ва шаффофлигининг ўлчови.
Аниқ стратегик устунлар
Мустақилликнинг классик тушунчасида энергетика ва сув масаласи фон вазифасини бажариб келган бўлса, бугун улар марказий масалага айланмоқда. Расмий маълумотларга кўра, қайта тикланувчи манбалар орқали электр ишлаб чиқариш сўнгги йилларда 25 баробар кўпайган. Бу тенденция давом этса, ўн йил ичида мамлакат энергия балансининг ярмидан кўпи, тахминан 54-60 фоизи айнан қуёш ва шамолдан таъминланиши мумкин. Бу рақамни бошқа бир далил билан қиёслаш ўринли: сўнгги беш йилда соҳага 19 миллиард доллардан ортиқ хусусий инвестиция кирган. Демак, гап давлат субсидиясида эмас, тижорат капиталининг ўзи бу йўналишни рентабелли деб топган. Бу эса энергетик ислоҳотнинг барқарорлигидан дарак беради. Субсидия тугаши билан тўхтайдиган лойиҳа эмас, ўз-ўзини оқлайдиган тармоқ шаклланмоқда.
Жорий йил апрелида қабул қилинган тегишли фармонда, жумладан, оғир тоифадаги маҳаллаларда кичик қувватдаги қуёш станцияларини ўрнатиш алоҳида кўзда тутилган. Энергетик сиёсат энг бой ҳудуддан эмас, энг эҳтиёжманд маҳаллалардан бошланмоқда. Яъни «яшил» ислоҳот бир вақтнинг ўзида ижтимоий адолат воситасига ҳам айлантирилмоқда.
Худди шундай минтақавий сув-энергетика ҳамкорлиги ҳам жадаллашмоқда. Жорий йил июнида Тошкент, Бишкек ва Остона вакиллари ёзги мавсумда сув ва энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича келишиб олди. Шу йилнинг бошида эса Жаҳон банки Марказий Осиёда минтақавий электр бозорини яратишга қаратилган йирик дастурни маъқуллади. Сув хавфсизлигига миллий хавфсизликнинг ажралмас қисми сифатида қараш эндиликда эҳтиёткорлик эмас, зарурат. Марказий Осиёда сув тақчиллиги ва иқлим ўзгариши келгусида нафақат экологик, балки тўғридан тўғри озиқ-овқат ва иқтисодий хавфсизлик масаласига айланиши эҳтимоли катта.
Табиий ресурсларни бошқариш ёлғиз амалга ошмайди. У қўшничилик сифатига боғлиқ. Минтақа биргаликда ўйламаса, ҳеч бир алоҳида давлат ўз сув хавфсизлигини узоқ муддатда таъминлай олмайди.
Ўзлик ва очиқ дунё
Мустақиллик фақат иқтисод ва технология билан чекланмайди. Ёш авлоднинг дунёқараши бугун икки қутбда шаклланмоқда: миллий қадриятларга садоқат ва хорижий тилга, замонавий билимга очиқлик. Глобал дунёга очиқ бўлган ҳолда миллий ўзликни қандай сақлаш мумкин? Жавоб бу икки жиҳатни зид қутблар деб эмас, бир-бирини тўлдирувчи хусусиятлар сифатида қараш. Ўзлигини йўқотмаган, аммо дунё билан эркин мулоқот қила оладиган авлодгина мамлакатни ҳақиқий рақобатбардош қила олади.
Ҳақиқий мустақиллик изоляция эмас, ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда очиқ ва фаол ҳамкорлик қилиш қобилияти. Сўнгги икки йилдаги Марказий Осиё — Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё — Россия ва шунга ўхшаш саммитлар, минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари, шунингдек, қўшни давлатлар билан уч томонлама музокаралар — булар барчаси кўп йўналишли, баланслаштирилган ташқи сиёсатнинг амалий кўриниши. Шу қаторда Ўзбекистон 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Бу изоляция эмас, қоидага асосланган халқаро тизимга интеграция йўли.
«Ўзбекистон — 2030»: занжирнинг якуни
2023 йилда имзоланган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси мана шу заминга қурилган: у беш устувор йўналиш бўйича юзга яқин мақсадни қамраб олади. Қизиғи шундаки, агар бу беш йўналишни синчиклаб кўрсак, улар юқорида таҳлил қилинган беш капитал турига деярли тўғри келади: иқтисодий ўсиш мақсади иқтисодий капиталга, таълим-тиббиёт мақсади инсон капиталига, экология энергия-сув хавфсизлигига, адолатли давлат ижтимоий капиталга, хавфсизлик кафолати эса миллий-маданий ва геосиёсий барқарорликка мос келади. Бу тасодиф эмас: расмий стратегия ҳам, ушбу мақолада қўлланилган таҳлилий модель ҳам бир хил амалий ҳақиқатдан — мамлакат тараққиёти беш йўналишда бир вақтда ҳаракатланиши кераклигидан келиб чиқади. Ва айнан шу боғлиқлик занжирни ҳосил қилади: сифатли таълимсиз рақобатбардош иқтисодиёт, барқарор иқтисодиётсиз ижтимоий соҳага сарф-харажат, ишончли институтларсиз эса инвестиция ҳам, тинчлик ҳам мустаҳкам бўлмайди.
2040 йилда Ўзбекистон қандай бўлиши керак?
Бу саволга бир жумла билан жавоб бериш қийин, лекин йўналишни белгилаш мумкин. Демография, технология, иқтисодиёт ва энергетикадаги ҳозирги тенденцияларга асосланиб айтиш лозимки, 2040 йилга келиб Ўзбекистон хомашё эмас, билим ва технология экспорт қиладиган, ёшлари четга кетиш эмас, четдан қайтиш йўлини танлайдиган, сув ва энергияни тежаб ишлатадиган, давлат хизматлари тўлиқ рақамлашган мамлакатга айланиши керак. Расмий фискал прогнозларга кўра, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кейинги уч-тўрт йил ичида сезиларли ўсиши, энергетикада қайта тикланувчи манбалар улуши 2035 йилга бориб 60 фоиздан ошиши кутилмоқда. Айрим демографик прогнозларда эса аҳоли сони 2050 йилга бориб анча ортиши тахмин қилинмоқда. Бу ҳали расмий мақсад эмас, экспертлар баҳоси, лекин у ҳам масъулиятни оширувчи омил. Кўпроқ аҳоли, кўпроқ иш ўрни, кўпроқ таълим сиғими, кўпроқ инфратузилма талаб этади.
2040 йилги Ўзбекистон бугун белгиланадиган тизимлар, бугун тарбияланадиган кадрлар ва бугун қабул қилинадиган қарорлар натижасида шаклланади. Шу маънода, 2040 йил узоқдаги орзу эмас, бугунги ишнинг давоми.
Хулоса
Мустақилликнинг 35 йиллиги ўтган йўлга қўйилган нуқта эмас, келажак олдидаги масъулиятни англаш нуқтасидир. Юқорида эслатилган қарорда бу масъулият аниқ ифодаланган: 35 йиллик мустақиллик «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган ғоя остида нишонланмоқда. Бу шиор шунчаки байрам номи эмас, келгуси йиллар учун йўналиш кўрсатувчи ғоя.
Буни бир оила мисолида ҳам кўриш мумкин. Минглаб оилаларга хос умумлаштирилган бир сюжет орқали. Бобо 1991 йилда, эски тизим қулаб, янгиси ҳали шаклланмаган пайтда оила бошлиғи эди. Унинг учун мустақиллик, аввало, номаълумлик ва қайта қуриш синови эди. Ота 2000 йилларда вояга етди. У учун мустақиллик аллақачон табиий муҳит, лекин имконият доираси ҳали тор эди. Набира эса бугун мактаб партасида ўтирибди. Унинг учун мустақиллик муҳокама қилинмайдиган ҳақиқат. Унинг қўлида на совет даврининг оғирлиги, на 1990 йиллар танглигининг хотираси йўқ. Уч авлод уч хил савол: бобо учун «қандай омон қолиш?», ота учун «қандай ўрнашиш?», набира учун эса «қандай рақобатбардош бўлиш?».
Мана шу учинчи авлод — набиралар авлоди эртага мамлакатнинг тақдирини белгилайди. Уларнинг қўлида имконият кўп: демография ҳам, табиий бойлик ҳам, географик ўрин ҳам, тарихий мерос ҳам — барчаси ҳамон қўлимизда. Аммо имконият ўз-ўзидан натижа эмаслигини биз аллақачон кўрдик. У билим ва меҳнат орқали салоҳиятга айланади ёки эътиборсиз қолдирилиб, аста-секин сўнади. Оралиқ ҳолат йўқ.
Шу боис, якуний хулоса содда: мустақиллик бир марта қўлга киритиладиган ҳуқуқ эмас. У ҳар бир авлод ўз билими, меҳнати ва масъулияти билан қайта-қайта мустаҳкамлаб борадиган жараён. Ва бугун ёш мутахассис, тадбиркор, ўқитувчи, деҳқон, олим, ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро шу жараённинг шунчаки томошабини эмас, иштирокчиси. Келгуси 35 йил узоқдаги келажакда эмас, бугун, ҳозир бошланади.
Ойбек ОСТОНОВ,
тарих фанлари доктори,
доцент