Бу «Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида (ПҚ–397-сон, 2026 йил 16 ноябрь) белгиланган.

Қарорга кўра, 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонаси ташкил этилади.

Шунингдек, 2030 йилга қадар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий этилади. Ҳар йили камида 15–20 минг нафар маҳкумни замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш режалаштирилган.

Мазкур чора-тадбирлар орқали маҳкумларни касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

«Янги ҳаёт» дастури доирасида олий таълимга кирган маҳкумлар масофавий таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқиши мумкин бўлади. Бунинг учун жазони ижро этиш колонияларида видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ажратилади.

Қарорда маҳкумларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга қаратилган чоралар ҳам назарда тутилган.

Жумладан, ёш маҳкумлар орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади. Улар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, барча колонияларда маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда «Ёш китобхон» танлови ташкил этилади. Колониялар кутубхоналарида эса «Мутолаа» платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Қарорда белгиланган чора-тадбирлар маҳкумларнинг касбий билим ва кўникмаларини шакллантириш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда озодликка чиққандан кейин жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлашга қаратилган.