Улар сентябрь ойидан босқичма-босқич Бухоро, Қарши, Самарқанд, Қибрай, Фарғона, Урганч шаҳарлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги Касбий кўникмалар марказлари негизида ташкил етиш назарда тутилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Бухоро шаҳри Касбий кўникмалар марказида ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, назарий билим билан бир қаторда амалий кўникмалар бериш, меҳнат бозори талабларига мос мутахассисларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Марказ педагогларининг касбий маҳорати республика миқёсидаги натижаларда ҳам ўз ифодасини топяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун илк бор ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий касбий маҳорат танловининг республика босқичида Бухоро шаҳри Касбий кўникмалар марказининг сартарошлик йўналиши ўқувчиси Алиризо Саломов ва унинг ўқитувчиси Нозима Ачилова, мода технологиялари йўналиши ўқувчиси Нилуфар Салимова ва ўқитувчиси Сайрам Ортиқова ғолиб бўлди.

Бухоро вилоятининг танловдаги умумий натижаси ҳам эътиборга молик. Республика босқичида вилоят вакиллари 3 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза — жами 13 та медални қўлга киритиб, ҳудудлар орасида медаллар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади.

Бухоролик ёшлар сартарошлик, мода технологияси — тикувчилик, ошпазлик, компьютер графикаси, қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари, енгил автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ҳамда сантехника йўналишларида совринли ўринларни қўлга киритди.

Жумладан, сартарошликда 1- ва 2-ўринлар, мода технологияси — тикувчиликда 2- ва 3-ўринлар, ошпазликда 2-ўрин, компьютер графикасида 2- ва 3-ўринлар эгалланди. Қуруқ қурилиш ва сувоқ ишларида икки нафар иштирокчи 1-ўринни қўлга киритган бўлса, енгил автомобилларга техник хизмат кўрсатишда 2-ўрин, пайвандлашда икки нафар иштирокчи 3-ўрин, сантехникада эса 3-ўрин қайд этилди.

Танловда иштирок этган 13 нафар бухоролик ёшнинг юқори натижаси уларнинг пухта тайёргарлиги билан бир қаторда, тажрибали устоз ва мураббийлар меҳнатининг ҳам самараси бўлди.

Малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш эса касбий кўникмаларни тан олишнинг янги механизмларини жорий этишга қаратилган. Янги тизим норасмий ва информал таълим ҳамда амалий тажриба асосида эгалланган кўникмаларни белгиланган мезонлар асосида баҳолаш ва тан олиш имконини кенгайтиради.

Бу эса фуқароларнинг ҳақиқий касбий салоҳиятини тасдиқлаш, малакасини расмийлаштириш ва меҳнат бозоридаги имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Миллий танловнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ғолиблар ва юқори натижа кўрсатган иштирокчилар орасидан Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш ҳамда уларни WorldSkills International халқаро касбий маҳорат мусобақасига тайёрлаш режалаштирилган, деб хабар беради Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати.