Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.

Жорий йилнинг 15–17 ноябрь кунлари мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ўзбекистонлик корхоналар вакиллари Ўмоннинг Масқат шаҳрида бўлиб турибди.

Экспорт географиясини кенгайтириш ва янги савдо ҳамкорларини жалб этиш мақсадида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси вакиллари Уммоннинг «Khazaen» иқтисодий зонасида жойлашган йирик «Silal» мева-сабзавот бозорига ташриф буюрди.

Унда бозор ҳамда «ErmakPlus», «Angelsey Food» ва «Uniagri Group» компаниялари раҳбарлари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Музокараларда ўзбек маҳсулотларини Ўмон бозорига олиб кириш, шунингдек, ушбу мамлакат орқали Форс кўрфази давлатларига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувнинг муҳим натижаларидан бири — «Silal» бозори ҳудудида ўзбек маҳсулотлари учун махсус савдо павильони ажратиш бўйича келишувга эришилганидир.

Хусусан, «ErmakPlus» ва «Uniagro Group» корхоналари маҳсулотларини ушбу павильонда олти ой давомида намойиш этиш ва тарғиб қилиш режалаштирилган. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга янги харидорлар топиш ва экспорт шартномаларини тузиш учун имконият яратади.

«Silal» бозорининг яна бир муҳим жиҳати — бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилишга ихтисослашган лабораториялар фаолият юритади.

Маҳсулот намуналари келиб тушиши билан лаборатория таҳлиллари ўтказилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан тегишли хулоса олинади. Ушбу жараёнларнинг барчаси бир соат ичида амалга оширилади.

Ташриф давомида делегация бозор ҳудудида фаолият юритувчи «Suhol al Fayha» компанияси иш жараёнлари билан ҳам танишди. Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотларини қабул қилиш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш ва улгуржи савдога чиқариш жараёнлари ўрганилди.