Ана шу мақсадларга ҳамоҳанг равишда Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда илк бор Silk Road University Fair — халқаро таълим форуми ва кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Мактаб маслаҳатчилари тармоғи (College Counselor Network Uzbekistan — CCNU) ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир халқаро олий таълим муассасалари ва Ўзбекистон мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларнинг хорижда таълим олиш имкониятлари ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда мактаб маслаҳатчиларининг касбий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирда 10дан ортиқ давлатлардан 40 дан ортиқ университет вакиллари иштирок этди. Шунингдек, икки кунлик дастур 1 150 нафардан ортиқ юқори синф ўқувчилари, 300 нафардан ортиқ мактаб маслаҳатчилари ҳамда 200 нафарга яқин мактаб директорларини қамраб олди.
Кўргазмада Австралия, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Гонконг (Хитой), Гренада, Германия, Испания, Канада, Қозоғистон, АҚШ, Франция, Хитой ва Швейцариядан келган таълим муассасалари вакиллари қатнашди.
Кўргазмада, шунингдек, хорижда таълим олиш имкониятлари ҳақида маълумот берувчи ва халқаро таълимга йўналтиришда кўмаклашувчи ташкилотлар ҳам иштирок этди.
Тадбир халқаро университетлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш таълим дастурлари ва қабул талаблари билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистон мактаблари ҳамда хорижий олий таълим муассасалари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
27 октябрь куни тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда халқаро таълим ҳамкорлигини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни олий таълимга йöналтириш ва мактаб маслаҳатчиларининг касбий салоҳиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Очилиш маросимидан сўнг мактаб раҳбарлари ва маслаҳатчилари учун халқаро университетлар вакиллари билан профессионал учрашувлар ташкил этилди. Мулоқотлар давомида таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўқувчиларни халқаро университетларга йўналтириш ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи қисмида ўқувчилар ва мактаб маслаҳатчилари учун халқаро университетлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда иштирокчилар университетларнинг қабул комиссиялари вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, таълим дастурлари, қабул талаблари, ҳужжат топшириш тартиби ва хорижда таҳсил олиш имкониятлари ҳақида маълумот олдилар.
Бундай учрашувлар ёшларга ўзларининг академик қизиқишлари ва келажакдаги касбий мақсадларига мос таълим йўналишларини аниқлаш, халқаро олий таълим тизимлари билан яқиндан танишиш ҳамда келгуси таълим режаларини шакллантириш имконини берди.
Шунингдек, кўргазма хорижий университетлар вакиллари учун Ўзбекистон таълим тизими билан танишиш, маҳаллий мактаблар ва педагоглар билан тажриба алмашиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш имкониятини яратди.
28 октябрь куни тадбир дастури мактаб маслаҳатчиларининг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган тренинг ва семинарлар билан давом этди.
Машғулотларда ўқувчиларни хорижий университетларга йўналтириш, халқаро олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёнида уларга кўмаклашиш, университетлар билан самарали мулоқот ўрнатиш ва мактабларда таълимга йўналтириш фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқаро университетлар вакиллари Тошкент шаҳридаги бир қатор мактабларга ташриф буюриб, ўқувчилар ва педагоглар билан учрашдилар. Ташрифлар давомида халқаро таълим имкониятлари ҳақида маълумот алмашилди ва мактаблар билан университетлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Иккинчи кун дастури мактаб маслаҳатчиларининг халқаро таълим соҳасидаги билимларини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мактаб маслаҳатчилари ўқувчиларга олий таълим муассасасини танлаш, академик мақсадларини белгилаш ва халқаро университетларга ҳужжат топширишга тайёргарлик кўришда кўмаклашади.
Шу сабабли тадбирда уларнинг халқаро университетлар вакиллари билан бевосита мулоқот қилиши, тажриба алмашиши ва касбий билимларини ривожлантиришига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум мактаб раҳбарлари ва маслаҳатчиларига халқаро олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда таълимга йўналтириш ишлари самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.
Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик иқтидорли ўқувчиларнинг ўз қобилиятларини тўғри баҳолаши, келажакдаги таълим йўлини онгли равишда танлаши ва халқаро олий таълим имкониятларидан самарали фойдаланишига кўмаклашади.
Silk Road University Fair халқаро таълим форуми ва кўргазмаси Ўзбекистон мактаблари, халқаро университетлар, педагоглар ва ўқувчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббус бўлди. Тадбирнинг икки кунлик дастури ўқувчиларга халқаро таълим имкониятларини ўрганиш, мактаб маслаҳатчиларига касбий тажриба алмашиш, мактаб раҳбарларига эса халқаро олий таълим муассасалари билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини берди.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга сифатли таълим олиш ва халқаро билимлар майдонида ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятини яратиш мамлакат келажагига хизмат қилади. Silk Road University Fair ана шу мақсадлар йўлида мактаблар ва халқаро университетлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, ёшларнинг таълим имкониятларини ошириш ҳамда келгуси ҳамкорлик учун янги йўналишларни белгилашга хизмат қилди.