Тасаввуримда 35 ёш шунчаки оддий бир рақам эмас, балки инсоний етуклик, ҳаёт синовларига бардош бера оладиган чидамлилик ва муайян тажриба тўплаб, юқори натижаларга эришиладиган камолот марраси эди.

Тақдир менга худди шундай мазмунли ҳаётни туҳфа этди.

35 ёшимни қаршилаганимда, мен нафақат катта бир оиланинг бошлиғи, балки ўзим танлаган касб ва соҳада ўн йилдан ортиқ вақт меҳнат қилган, келажакдаги натижалар учун мустаҳкам пойдевор ярата олган мутахассис сифатида шаклландим деб ҳисоблайман.

Бу давр менга масъулиятни ҳис қилишни ва ҳар бир қадамни чуқур ўйлаб босишни ўргатди.

Ватан билан ҳамнафас

Бугун эса қалбимда буткул бўлакча, таърифлашга ожиз фахр ва бахт туйғуси жўш урмоқда. Сабаби мен ўз Ватаним билан яна бир марта 35 ёшга тўляпман!

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 35 йиллик тўйини нишонлаётган ушбу тарихий даврда мен куч-қувватга тўлган ва халқаро майдонда ўз сўзига, салмоқли мавқеига эга буюк бир давлатнинг фарзанди эканимдан чексиз фахрланаман.

Инсон ҳаётидаги 35 ёш билан давлат тарихидаги 35 йил бир-бирига нақадар уйғун ва муштарак эканини ҳар қадамда ҳис қилиш мумкин.

Давлатнинг 35 йиллик довони сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимлар тўлиқ шаклланиб, дунё ҳамжамиятида ўз мустақил йўлини қатъий белгилаб, муносиб ўрнига эришиб улгурган етуклик давридир.

Ҳаёт сабоқлари ва сўнгги ўн йилликнинг тарихий довонлари

Ҳаётим ва босиб ўтган йўлимга назар ташлар эканман, бир муҳим ҳақиқатни англаб етаман: 35 ёшимда эришган асосий ютуқларим ва ҳаётий муваффақиятларим пойдевори аслида 25 ёшимдан кейин, яъни университет таҳсилини якунлаб, катта ҳаётга дадил қадам қўйганимдан сўнг яратилган.

Ўзбекистонимизнинг ҳам мустақиллик йилларидаги ривожланиш босқичларига назар ташласак, сўнгги 10 йил давомида забт этилган довонлар жонажон юртимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очганини кўрамиз.

Мамлакатимизнинг сўнгги ўн йиллик ривожланиш динамикаси тарих саҳифаларига алоҳида зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда. Бу давр мобайнида давлат бошқарувидан тортиб, оддий фуқаролар ҳаётигача барча соҳаларда туб бурилишлар замони бўлди.

Ватанимиз “25 ёши”дан кейин худди иккинчи бор нафас олгандай, янги суръат ва куч билан олдинга интилди.

Улкан ўзгаришлар ва тизимли ислоҳотлар тўлқини

Ўзбекистон тарихида рўй бераётган изчил ва тизимли ислоҳотлар бугун мевасини бермоқда. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасидаги янгиланишлар жараёни халқ манфаатларини устувор билувчи чуқур трансформация кўринишини касб этди.

Шу ўринда сўнгги йилларда ҳар бир юртдошимиз бевосита қатнашаётган, самарали натижаларини кунлик ҳаётида ҳис қилаётган воқеликларга яна бир бор эътибор қаратишни истардим.

Уларнинг мазмун-моҳияти ва улкан аҳамияти бугун нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Иқтисодий эркинлик ва либераллаштириш жараёни ушбу янгиланиш жараёнида алоҳида салмоқли ўринга эга. Миллий валютанинг эркин конвертацияси, солиқ тизими соддалаштирилиши, тадбиркорликка кенг йўл очилиши ва бошқа инқилобий ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётини тубдан жонлантирди.

Ижтимоий ҳимоя ва инсон қадри тушунчалари чуқур ва амалий мазмун касб этди. Эҳтиёж­манд қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасида ислоҳ қилиш давлат сиёсати марказига кўтарилди.

Обод маҳалла ва қишлоқлар, замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари, улкан саноат корхоналари ва “яшил” энергия манбалари ишга туширилиши мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартирди.

Хорижлик қалам аҳли вакилларининг эътирофи

Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ходимлари мезбон давлатнинг Ўзбекистондаги янгиланиш ва изчил ислоҳотлар жараёни ҳақида туркум материаллар тайёрлашга қизиқиш билдирган таниқли журналистлари ва блогерлари учун қатор пресс-турлар ташкил этиш жараёнида бевосита иштирок этади.

Ташкилий ишлар ва сафар олдидан ўтказиладиган мулоқотлар чоғида қалам аҳли вакилларига одатда бундай маслаҳат берилади: “Сизлардан ҳеч қандай алоҳида муносабат ёки мақтовлардан иборат махсус мақолаларни кутмаймиз. Мамлакатимизга бориб, ўзгаришлар кўлами билан яқиндан танишиб, оддий инсонлар, тадбиркорлар ва турли соҳа вакиллари билан очиқ суҳбатлар ўтказиб, ўзингизнинг холис фикрингизни етказсангиз, биз учун шунинг ўзи етарли”.

Ижодкорларнинг бу самимий ёндашувдан руҳланиб, катта иштиёқ билан йўлга чиққанларига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Ўзбекистон сафаридан қайтгач, муайян муддат ўтиб мухбирларнинг аксаридан “Мен мамлакатингизни севиб қолдим! Ҳозир оила аъзоларим, яқинларим ва барча танишларимга Ўзбекистонга албатта саёҳат қилишни тавсия этяпман”, деган илиқ сўзларни эшитганимизда, бошимиз осмонга етарди.

Қуйида Ҳиндистоннинг энг ёши улуғ, омма­боп ва етакчи “The Hindu” газетасининг таниқли халқаро шарҳловчиси Стэнли Жонининг сўзларини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. У Ўзбекистонга ижодий сафари ва ундан олган унутилмас таассуротлари ҳақида тўлқинланиб ёзиб, жумладан, қуйидаги фикрларни билдирган:

“Ўзбекистонда темир йўл қатнови жуда яхши йўлга қўйилган. Бухоро Тошкентдан тахминан 570 километр узоқда жойлашган. Юқори тезликдаги поездда бу масофа тўрт соатдан камроқ вақт ичида босиб ўтилади.

Мен Тошкентда бир таниш дипломатнинг ўғлига бу масофа иш жойим билан онам яшайдиган уй ўртасидаги масофа билан тенг эканини, бироқ онамнинг ҳузурига етиб олишим учун тунги поездда 10 соат вақт сарфлашимни айтдим.

У буни эшитиб ҳайрон бўлганини билдирди, чунки унинг тасаввуридаги Ҳиндистон дунё иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида бошқачароқ эди.

“Менинг ҳам Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурим бу ерга келгунимга қадар бутунлай бошқача эди”, деб қўйдим ўзимга ўзим”.

Бир қарашда хорижлик журналистнинг бу сўзлари оддий йўл таассуротидек туюлиши мумкин. Аммо ушбу фикрлар замирида давлатимизнинг иқтисодий қудрати, инфратузилма соҳасидаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофи мужассам.

Ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия тили билан айтганда, ўзбекистонликлар ва юртимиз меҳмонлари учун оддий ҳол бўлиб улгурган замонавий қулайликлар, ривожланган ва хавфсиз транспорт тизими, тезкор логистика ҳар қандай хорижлик инвестор ва сайёҳ учун мамлакатнинг жозибадорлигини белгиловчи энг бош омиллардан биридир. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Хивадек тарихий шаҳарларни боғлаган юқори тезликдаги темир йўллар бугунги янгиланаётган Ўзбекистоннинг шиддати ва тараққиёт суръати тимсолидир.

Бу каби мақолалар хориж жамиятида юртимиз ҳақида холис фикр шакллантириб, ­иқтисодий ҳамкорликка, янги инвес­тициялар оқимига ва туризм ривожига тўғридан тўғри йўл очади. Энг муҳими, масофаларни яқин қилган, кўнгилларни бирлаштирган бундай ижобий ўзгаришлар нафақат юртдошларимиз кундалик ҳаётига қулайлик олиб кирмоқда, балки Ватанимиз мустақиллигининг иқтисодий пойдеворини янада мус­таҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Прагматик ташқи сиёсат ва халқаро мавқе

Ўзбекистон минтақавий ва глобал сиёсатнинг фаол субъектларидан бирига айланди. Мамлакатимиз прагматик ташқи сиёсати орқали Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳитни яратди.

Кўп йиллар давомида тўпланиб қолган чегара, сув-энергетика ва транспорт-коммуникация муаммолари конструктив мулоқот йўли билан ҳал этилди. Минтақа давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари тизимли тус олди.

БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ ва бошқа йирик халқаро тузилмалар дои­расида Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Оролбўйи минтақасини экологик иннова­циялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш, халқаро транспорт йўлакларини ривож­лантириш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича глобал конвенцияларни ишлаб чиқишга қаратилган ва бошқа салмоқли ташаббуслар шулар жумласидандир.

2025 йилда сўнгги қирқ йил ичида биринчи марта ЮНЕСКО Париждаги бош қароргоҳидан ташқарига чиқиб, тарихий сессия учун Самарқанд шаҳрини танлагани ҳам чуқур рамзий маънога эга.

Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, маданий меросни асрашдаги ташаббуслари ва халқаро майдонда мустаҳкамланиб бораётган геосиёсий позициясининг мантиқий натижаси бўлди. Самарқанд анжумани Ғарб ва Шарқ, ўтмиш ва келажакни бирлаштирган, бутун дунё нигоҳини мамлакатимизнинг маданий ренессансига қаратган йирик дипломатик ғалаба сифатида тарих саҳифаларидан жой олди.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мақсадларидан бири — мамлакатимизга ­хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни олиб кириш ва миллий маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, бу борадаги фаолият тизимли тарзда кучайтирилмоқда.

Бугун давр ўзгарди, талаб ўзгарди. Ташқи сиёсатда пайдо бўлган янгича прагматизм ва очиқлик муҳити дипломатиянинг туб моҳиятини янгиламоқда. Эндиликда хориждаги ҳар бир дипломат фаолияти унинг иқтисодий дипломатия ривожига қўшаётган ҳиссаси билан ҳам баҳоланмоқда.

Дунё тан олган тил ва давлат ҳимоясидаги ватандошлар

Бугун Ўзбекистоннинг хал­қаро майдондаги овози ҳар қачонгидан-да баланд ва жарангдор эшитилмоқда.

Айниқса, дунёнинг энг нуфузли минбари — БМТ Бош Ассамблея­сида она тилимиз — ўзбек тилининг илк бор янграгани нафақат давлатчилигимиз тарихидаги буюк воқеа, балки дунё бўйлаб яшаётган миллионлаб ватандошларимиз қалбини чексиз фахр ва ифтихорга тўлдирган тарихий адолат тантанаси бўлди.

Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги энг устувор ва самимий тамойиллардан бири, дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, ўз фуқаросининг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият деб билишдир.

Эндиликда хориждаги ватандошларимиз ўзини ёлғиз ҳис этаётгани йўқ, чунки уларнинг ортида ҳар бир фуқароси учун қайғурадиган, уларни ўз ҳимоя­сига олишга қодир бўлган қуд­ратли давлат ва Ватан турганини амалда ҳис қилмоқда.

Дунё бўйлаб кўрсатилаётган консуллик-ҳуқуқий ёрдам тизимининг тубдан такомиллаштирилгани, элчихона ва консулликлар ватандошларимиз учун чин маънода кўмак ва умид масканига айлангани бугунги ҳақиқат. Мусофирчиликда юрган юртдошларимиз муам­моларига ечим топиш, уларга ҳуқуқий ва маънавий далда бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатлар давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати нақадар ҳаётий эканидан далолат беради.

Хориждаги юртдошларимизнинг салоҳиятини қадрлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга уларни Ватан тараққиётига дахлдор этиш борасида янги давр бошланди.

Келажакка ишонч вердикти

Инсоннинг 35 ёши куч-қувватнинг айни жўш урган, тажриба ва шижоат бирлашган гўзал давридир. Худди шундай, мустақил Ўзбекистон ҳам бугун ўз тараққиётининг айни кучга тўлган, келажакка катта ишонч ва аниқ стратегия билан қадам ташлаётган етуклик палласида турибди.

Дипломатия ва халқаро журналистика майдонида Ватанимизнинг ютуқларини ёритиш, унинг дунё тамаддунидаги ўрнини кўрсатиш биз, журналистлар учун нафақат касбий бурч, балки юксак шарафдир.

Тизимли ислоҳотлар, прагматик сиёсат, энг муҳими, ўз Ватани тақдирига бефарқ бўлмаган фидойи халқимиз бор экан, янги Ўзбекистоннинг эртанги довонлари бундан-да юксак ва нурафшон бўлаверади.

Садриддин СУЯРОВ,

Журналист