Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Поп тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар У.А. ва муқаддам судланган М.Б. ўзаро тил бириктириб, кадастрлар палатасида ишловчи танишлари орқали фермер хўжалиги балансидаги “Қўшминор” МФЙ ҳудудида жойлашган 50 сотих ер майдонини фуқаро А.С. номига нотурар жой сифатида расмийлаштириб беришни ваъда қилгани аниқланган.
Улар мазкур хизмат эвазига 381 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ долларини олган вақтда қўлга олинган.
Тезкор тадбирнинг давомида эса Кадастрлар палатаси Поп тумани бўлимининг собиқ бошлиғи С.А. 1 500 АҚШ доллари ва 6 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.