Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-59-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш, замонавий автобуслар сонини кўпайтириш ва йўловчилар учун қулайликларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида вилоят тадбиркорлари томонидан Наманган шаҳри учун 108 та замонавий автобус олиб келиниб, улар 10 та йўналишда брутто шартнома асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Шаҳар аҳолисига янада сифатли ва экологик тоза транспорт хизматини ташкил этиш мақсадида "Турон-95 МБИ" МЧЖ томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган 125 та замонавий автобусни харид қилиш бўйича шартнома имзоланган. Бугунги кунда ушбу шартнома доирасида 10 та "Zhongtong" русумидаги электробус Наманганга олиб келинди.
Янги электробусларнинг олиб келиниши шаҳарда замонавий, экологик тоза ва қулай жамоат транспорти хизматларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, уларнинг хизмат кўрсатиши билан боғлиқ йўналишларда 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Электробусларни Наманган шаҳрининг йўл-транспорт бош режасига мувофиқ, тендер танловлари асосида "Отчопар – Чорсу" йўналишига жойлаштириш ва брутто шартнома асосида қатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.