Учрашувда Татаристон, Бошқирдистон Республикалари, Ленинград, Киров, Иркутск ва Омск вилоятлари, шунингдек, Россиянинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон мамлакатимиз етакчисига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон Президенти 35 мамлакатдан 10 мингдан зиёд бизнес вакиллари иштирокида олтинчи “ИННОПРОМ” кўргазмаси муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилаётганини олқишлади.

Олий даражада, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, саноат, тинч атом, энергетика, транспорт, металлургия, кимё ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва устувор тармоқларда, шу жумладан, саноат зоналари доирасида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш, ҳудудлар ва тадбиркорлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, энергия самарадорлиги, сув хўжалиги, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект каби истиқболли йўналишлардаги режалар қўллаб-қувватланди.

Техника йўналишидаги қўшма олийгоҳлар негизида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун муҳандис кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, учрашувда Россия ҳудудлари ва компаниялари раҳбарлари мамлакатимиз етакчисига турли тармоқларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларини тақдимот қилди.