ДХХнинг хабар беришича, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, муқаддам судланган аёл 2025 йил июль ойида қўшни республикага бориб, наркосавдогардан 1 килограмм «гашиш» моддасини 6 минг АҚШ долларига сотиб олиш ва уни мамлакатимиз ҳудудидаги манзилга етказиб бериш бўйича келишувга эришган.

Маълум вақт ўтгач, аёл «WhatsApp» орқали гиёҳвандлик воситаси яшириб қолдирилган хуфия жой манзилини олган.

Сўнгра у муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун судланган икки таниши билан Бекобод шаҳри ҳудудидаги дала майдонига йўл олган.

Бироқ, улар гиёҳвандлик воситасини хуфия жойдан олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 985 граммни ташкил этган.

Тергов жараёнида аёл ўзининг 1993 йилда туғилган жиноий шериги билан биргаликда Бекобод шаҳридан ижарага хонадон олиб, у ерда гиёҳвандлик воситаларини сотиш ва истеъмол қилиш учун «бангихона» ташкил этгани ҳам аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди ҳукмига кўра, мазкур шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 246-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 8 йил 3 ойдан 10 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.