Бунда эҳтиёжни шакллантиришдан тортиб, тадбиркорларни танлаш, кўмирни биржа орқали сотиш ва истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнлар mycoal.uz портали орқали рақамлаштирилади.
Янги тартибга кўра, ҳудудларда аҳоли ва бюджет ташкилотларининг кўмирга бўлган эҳтиёжи mycoal.uz портали орқали шакллантирилади ва тасдиқланади. Шундан сўнг кўмир ҳажмлари ҳудудлар кесимида биржа савдоларига қўйилади.
Кўмир етказиб берувчи тадбиркорлар бирламчи мезонлар асосида танланади. Уларга кўмир сақлаш учун ўралган омбор мавжудлиги, темир йўл изининг бўлиши, автотарози ва автойуклагичдан фойдаланиш имконияти, кўмир савдоси бўйича камида икки йиллик тажриба ҳамда солиқдан қарздорликнинг мавжуд эмаслиги каби талаблар қўйилади.
Ҳар бир ҳудуд бўйича камида уч нафар тадбиркордан иборат рўйхат шакллантирилади. Улар ҳақидаги маълумотлар mycoal.uz портали орқали онлайн тарзда текширилади. Танлов мезонларига мос келган тадбиркорларга биржа савдоларида қатнашиш учун автоматик равишда рухсат берилади.
Кўмир қандай сотилади?
Янги механизмда кўмир очиқ биржа савдолари орқали реализация қилинади. Бунда тадбиркорлар белгиланган ҳажмдаги кўмир учун биржа савдоларида иштирок этади ва харид қилинган кўмир учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга оширади.
Шундан кейин кўмир ишлаб чиқарувчи ёки импортёр томонидан тадбиркор омборига жўнатилади. Кўмирни омбордан истеъмолчигача ташиш харажатлари тадбиркор ҳисобидан амалга оширилади.
Биржа савдолари муддатлари ҳар ойнинг 5-санасига қадар эълон қилинади.
Кўмирни олган тадбиркор уни сифатли сақлаш ва белгиланган манзилга ўз вақтида етказиб бериш учун жавобгар бўлади.
Аҳоли кўмирни қандай харид қилади?
Фуқаролар кўмир харид қилиш учун mycoal.uz портали орқали ариза юборади. Порталда навбатда кўрсатилган кўмир омборлари ва улардаги нархлар билан танишиб, энг мақбул омборни танлаш мумкин.
Кейин керакли кўмир миқдори ва етказиб бериш усули кўрсатилади. Кўмирни уйга етказиб бериш ёки омбордан олиб кетиш варианти танланади.
Кўмир харид қилинганидан кейин уни қабул қилиб олганлик mycoal.uz орқали SMS юбориш билан тасдиқланади. Кўмир миқдори ёки сифати бўйича муаммо аниқланса, портал орқали эътироз билдириш имконияти ҳам мавжуд.
Ижтимоий реестрдаги оилаларга компенсация берилади
2026–2027 йилларда ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кўмир хариди учун давлат томонидан компенсация тўланади.
Компенсация миқдори ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўм, бир йилда эса 600 минг сўмгача белгиланган.
Ушбу компенсация фақат ижтимоий реестрга киритилган оилалар томонидан бир календарь йили давомида харид қилинган ва mycoal.uz портали орқали тасдиқланган кўмир учун тўланади.
Компенсация олиш учун кўмир хариди ва уни қабул қилиб олганлик mycoal.uz орқали тасдиқланиши керак. Ҳисобланган маблағ ижтимоий карта ёки банк картасига ўтказиб берилади.
Шу тариқа, янги тизимда кўмир бозорида очиқлик ва рақобатни таъминлаш, савдо жараёнларини рақамлаштириш ҳамда аҳолига кўмирни манзилли етказиб бериш назарда тутилган.