Сўнгги кунда шахматчимиз тўртта блиц, иккита рапид ва битта тезкор классика партиясининг барчасида ғалаба қозониб, 20 очко тўплади. Биринчи кун натижаси 16:4, ҳал қилувчи кун натижаси эса 20:0 бўлди. Умумий 23-ўрин учун Абдусатторов 11 минг АҚШ доллари мукофот пулига эга бўлди.

Турнирнинг асосий қисми Нодирбек учун омадсиз кечди. Дастлабки тўққиз турли блиц баҳсларида у 2,5 очко билан 22-ўринда қолди. Тезкор классика бўйича А гуруҳида эса 10 та партиядан фақат биттасида ғалаба қозонди, олти марта дуранг ўйнади ва уч марта мағлуб бўлди.

Натижада 9 очко жамғарган шахматчимиз гуруҳда олтинчи ўринни эгаллаб, 21–24-ўринлар учун баҳсларга йўл олди.

Ўринлар учун кечган баҳсларнинг ярим финалида Рамешбабу Прагнанандҳа ҳар икки кунда ҳам Абдусатторовдан устун келди. Биринчи куни Нодирбек 9:11 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи куни эса тезкор классика баҳсидан олдин 8,5:3,5 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бироқ ҳал қилувчи партиядаги Прагнанандҳанинг ғалабаси умумий ҳисобни 8,5:11,5 га ўзгартирди.

Шундан сўнг Абдусатторов учун эришиш мумкин бўлган энг юқори натижа 23-ўрин бўлиб қолди. Вайшалига қарши икки кунлик баҳслардаги ғалабаси эса унга турнирни айнан шу поғонада якунлаш имконини берди.