Нурафшон шаҳрига сафаримиз давомида бу ерда шу номдаги телеканал учун ажратилган 1,3 гектар ер майдонида замонавий бино қад кўтарганини кўрдик. Унда ижодий ва техник ходимлар учун кенг имкониятлар муҳайё этилган, жумладан, ходимлар учун алоҳида хоналар, декарацияси ўзгарувчан студиялар, маъмурий объектлар, турли йиғилиш ва тадбирларни ўтказишга мўлжалланган зал, ошхона мавжуд.
Маълумот учун, “Нурафшон ТВ” ташкил этилгандан бери Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига тегишли бинода вақтинча текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида иш олиб бормоқда. Телеканал зарур бўлган бирламчи воситалар билан жиҳозланаган ва ижодий-техник ходимлар ишлаши учун қисман шароит яратилган.
Янги бинода қурилиш, пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари тўлиқ ниҳоясига етгач, телеканал ижодий жамоси шу ерда фаолиятини давом эттиради. Демакки, асосий кўрсатувлар, жумладан, жонли эфирлар, информацион-таҳлилий дастурлар янги масканда ёзиб олинади ва шу ердан эфирга узатилади. Шунингдек, “Тошкент вилояти телерадиоканали”нинг эфир дастурларида радио эшиттиришлар фаолияти йўлга қўйилади. Натижада йигирмадан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Х. Салимов,
Yuz.uz мухбири