Давлат раҳбари ҳақида ёзишга жазм этиш катта ва жиддий тайёргарликни тақозо этади. Раҳбарнинг ҳаёт йўли, фаолияти, шахс сифатида шаклланиши, дунёқараши, тафаккур тарзи, зеҳнияти, янгидан-янги муаммоларга шайлиги... то бир-биридан мураккаб ва чорасиз вазиятларда чора топа олишигача бўлган маҳорати... Очиғи, бу саноқдан ташқарида қолган мавзулар оз эмас. Миқёсни бу қадар катта ва кенг олишнинг эса ҳар ким уддасидан чиқавермайди. Шижоати панд беради. Яна ҳаётий тажриба, синчковлик, кенглик, фикрлаш ва ёзиш лаёқатидан-да муҳимроқ маънавий ҳақ-ҳуқуқ масаласи кўндаланг бўлади.
Буюк олмон шоири Гёте шоир киши дунёни эстетик қадриятлар мезонларида идрок этишга ўзини маънан ҳақли деб ҳисобламоғи муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Давлат раҳбари ҳақида фикрлаш, ёзиш, мулоҳаза юритиш ва хулосалар чиқариш мезонларига ўзини — ўзлигини лойиқ ва муносиб кўриш, ўзини ана шундай қутлуғ миссияга маънан ҳақли деб билиш... “Миллат Шавкати” китобини ўқиш асносида шу борадаги ўй-хаёллар тарк этмайди китобхонни.
Мамлакатимизда давом этаётган тарихий ўн йиллик янгиланиш жараёнлари алоҳида ижодий салоҳият мақомларидагина қамраб олиниши мумкинлиги таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов асарлари мисоли ва тимсолида кўзга ташланмоқда.
Муаллиф китобга жо бўлган 12 та мақоланинг ҳар бир мавзусига асосан уч йўналишда ёндашади. Булар:
— Ватанимизда кейинги 10 йил мобайнида амалга оширилган ва оширилаётган ислоҳотлар силсиласи;
— ислоҳотларнинг бош меъмори, ташаббускори ва раҳнамоси бўлмиш муҳтарам Президентимиз тимсоли;
— амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлардан кўзланган бош мақсад-
муддао — халқимиз қалбидаги розилик ва шукроналик туйғуси тараннуми.
Қудратилла Рафиқовнинг ўзига хос баён услуби китобхонларга яхши таниш: осон, равон, тушунарли ва самимий ёзади. Фикр-мулоҳазаларини оммабоп тилда изҳор этади. Ўқувчи қалби-шуурига йўл топади. Лекин шуни тан олиб таъкидлаш зарурки, ҳеч қачон ва ҳеч бир мавзуда осон ёзиш шунчаки осон кечмайди. Зеро, осон ёзиш маҳорати қаттиқ изланиш ва изчил ижодий заҳматлар эвазига қўлга киритилади.
* * *
Биринчи мақолада Тошкент марказида барпо этилган Таshkent City ҳақида сўз юритилади. Бор-йўғи 6-7 йилда қуриб битказилган ушбу маскандаги бунёдкорлик ишларини истаганча таърифлаш мумкин. Замонавий шаҳарсозлик, меъморчилик нуқтаи назаридан юртимиз учун беқиёслиги маъносида мақтанишга арзирли воқеа десак, муболаға бўлмайди. Бу ўринда “мақтанишга” деган сўз бежиз тилга олингани йўқ. Мақола муаллифи Таshkent City қурилиши баҳонасида тафаккур ўзгаришидан сўз очмоқда. Сарлавҳага эътибор берайлик: “Бунёдкорликдан тафаккур ўзгариши сари” деганда нима назарда тутилмоқда?
Мамлакатимизда давом этаётган бунёдкорлик ишларидан истаганча фахрланиш, истаганча ҳайратланишга ҳақлимиз, аммо кўз ўнгимизда юз бераётган ана шу янгиланишларнинг тафаккуримизни ўзгартираётгани борасида қанча сўз очсак, шунча оз.
Мақолада тасвирланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Таshkent Cityга ташриф буюрар экан, “Бу ерга дам олиш, томоша қилиш ёки сайру саёҳат учун келган одамларнинг кайфиятидан, руҳиятидан қалби қувониб кетди”.
Таъкидлашдан қочмайлик, давлатимиз раҳбари марказдаги ҳашаматли осмонўпар бинолар қад ростлаганидан фахрланиш билан бир вақтда улар туфайли одамларимиз чеҳрасида чарақлаган қувончдан қувонмоқда! Ахир барча-барча ислоҳотлару тиниб-тинчимасликлар, изланишлару беҳаловатликлар замирида кўзда тутилган мақсад-муддао ҳам шу эмасми?! Давлатимиз раҳбарининг қалби тубида узоқ йиллар вояга етган эзгу ниятлар ижобати тимсоли эмасми?!
Мақолада қардош Туркия тарихидан қизиқ бир мисол жуда ўрнида келтирилган. Мустафо Камол Отатурк халққа шляпа кийишни мажбур қилганида кийимни эмас, руҳиятни ўзгартиришни мақсад қилган экан. Ўзбекистон Президенти эса кенг омма руҳиятини ўзгартирмоқ, яъни тафаккурни янгиламоқ умидида йўл, кўприк қурмоқда, сув чиқармоқда, саноат корхоналарига асос солмоқда, боғ-роғ барпо этмоқда, шаҳар-қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда, аҳолига янгидан-янги Cityларни тақдим этмоқда. Умумлаштириб айтганда, мустабидлик замонларида ўзгариши анча-мунча қийинлашиб қолган зеҳниятлар дунёсига саррин шабадалар олиб киришни ислоҳотларнинг пойдевори деб билмоқда.
Бироқ ҳаётнинг бўйсунмас мароми қизиқ экан-да, энг эзгу орзу-ниятлар, шодумонликлар орасида ғаразли кўлмакдан сув ичган “Аммо... Лекин... Бироқ...”лар биқиниб-пусиб жон сақлайди-да, пайт пойлаб, теварак-атрофни дуд-бўронга буркайди. Мақолада бундай ҳолатларга тегишли муносабат билдирилган. Яъни “Мамлакатимизда амалга оширилаётган шунча ишлар устига парда тортиб, фақат иллат ва камчилик қидирадиган бир қавм ҳам кейинги йилларда бизда шаклланди.
Фақат ёмон дейиш, инкор қилиш, нолиш бундай одамларнинг асосий вазифасига айланиб қолгандай гўё”.
Бундай мулоҳазалар ранжитмай қўймайди одамни, албатта, айни вақтда яна бир ўзгармас ҳаёт ҳақиқати дилга некбинлик бахш этади. Яъни ҳеч қачон ва ҳеч ерда қўланса дуд-бўрон тоза эсган шамолга бас келган эмас, келмайди ҳам!..
Масаланинг бошқа бир жиҳати шундаки, ўйлаб кўрилса, маъмурчилик, тўқчилик каби ҳаёт қувончларида ҳам давр руҳи акс этмай иложи йўқ экан. Вақти келганда, ойликдан ойликкача кун санаб, фарзандимизга битта қўғирчоқ ёки битта машинача сотиб олиш оилаларимизда оламшумул шодиёнага айланган. Энди-чи?.. Олам чархпалаги шу қадар тиним билмай айланмоқдаки, ҳозирда дарвозангиз бўсағасига самолёт ҳайдаб келсангиз ҳам унча-мунча одам пинагини бузмайди. Гўё табиийдек! Ажабланарли жойи йўқдек! Қўйиб берсангиз, “Битта самолёт нима бўлади?!” деб афтини буришдан ҳам тоймайди.
Машҳур фаранг файласуфи Жан Бодрийяр яшаб турган асримизни истеъмолчилар асри сифатида таҳлил қилади, замондошларимизни жиғилдон ўпқонидан асраш чораларини излайди. Унинг фикрича, истеъмол бандиларини на тўйдириб бўлади, на ҳайратлантириб! Таассуфлар бўлсинким, бу балои азим гирдоб бизнинг ватандош-миллатдошларимизни ҳам омон қолдирмоқчи эмас. Наҳотки, нажот бўлмаса?! Нажот бор, у ўз қўлимизда — ўзбекона орият, истиҳола, инсоф-диёнат, қаноат сингари боқий миллий-эътиқодий қадриятларимизни ҳар қачонгидан кўпроқ ва самаралироқ сафарбар эта билмоғимизда! Бу билан мен одамларимиз кам есин, кам кийсин, маъмурчиликка берилмасин демоқчи эмасман. Зеро, ўзбеклар ҳам дунёдаги энг бой-бадавлат халқлардан кам яшамасликка ҳақли, шундай бўлса-да, истеъмолпарастлик ортидан ҳозир санаб ўтилган гўзалдан-гўзал қадриятларимизни бой бериб қўймаслигимиз даркорлигини назарда тутмоқдаман.
* * *
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг расмий нутқ-маърузалари қанчалар диққат билан тингланса, у кишига хос бўлган, шоирона лутф билан айтганда, “лирик чекинишлари” кенг омманинг қалбига янада ўзгачароқ, янада ҳароратлироқ етиб боради.
“Шавкат Мирзиёев “Мен умримни шу халққа тикканман!” сарлавҳали мақола худди шундай “нутқдан ташқарига чиқиб айтилган” қуйидаги мулоҳазалар билан бошланган: “Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим. Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим...”.
Бундан 3 йил бурун Жиззахда вилоят фаоллари билан учрашувдаги маърузада изҳор этилган бу сўзлар бир жиҳатдан давлат раҳбарининг тийнатидаги расмий ва самимий туйғулар қанчалар чатишиб кетганини кўрсатса, бошқа бир жиҳатдан Ўзбекистон Президенти моҳиятан халқ учун меҳрибон падар, меҳрибон бободек яқин, дилкаш Инсон эканлигидан далолат бермоқда.
Гап давлат раҳбарининг кенг омма билан муносабат, мулоқот ўрнатиш услуби, маданияти ҳақида бормоқда.
Ҳозирги дунё муносабатлар чангалзорида ҳаёт кечирмоқда. Муносабатлар нафақат оддий одамлар, балки давлат раҳбарлари, жамиятлару тузумлар, майда-йирик давлатлар тақдирини ҳал қилмоқда. Машҳурдан-машҳур сиёсатбонлар ҳатто тамаддунлар бир-бири билан қир-пичоқ бўлиши умумҳалокатга олиб боришини башорат қилганди. Ўзбекистон раҳбари бу каби башоратлару фаразларни ўзи йўлга қўяётган ўзбекона муносабат-мувозанат сиёсати билан буткул ўзгача мақомларга олиб чиқмоқда. Минтақа доирасида ҳам, глобал кенгликларда ҳам, Жиззахда бўлганидек, маҳаллий қатламда ҳам... Ўзининг бундай мулоқот-муносабат учун ҳамиша ҳозиру нозир эканини ҳам расмий, ҳам самимий тарзда изҳор этмоқда. Сўз юритилаётган мақола ва китоб муаллифи эса жамиятдаги “энг буюк ўзгаришлар ана шундан кейин бошланади” дея таъкидламоқда.
Жамиятдаги, одамлардаги, қарашлардаги ўзгаришлар силсиласидан сўз айтилса, “Алпомиш”у “Гўрўғли” достонларини куйлаган бахшиларимиз нафасини қўмсаймиз...
Мисол кўп, мисол беҳисоб. Биттасини айта қолайлик.
Куни кеча эмасмиди, оддий бир фуқаро зарурати туғилиб қолган арзимаган валюта дардида бозорма-бозор санғигани? Куни кеча эмасмиди, тадбиркорларимиз хориж билан мулоқотга киришолмай, шартнома расмийлаштира олмай, синиб-нетганлари? Куни кеча эмасмиди, банклар бўсағасини “ишғол” этган “қора” бозорчиларнинг дўқ-пўписаси дунёни бузгани, чўталини тутқазганимиздан сўнггина 500 доллар амаллаб берган таниш-билишимизга қуллуқ қилиб кетганларимиз?!
Жамиятни бошқаришдаги уқувсизлик, ғирромлик, кўзбўямачилик, коррупция (“энг коррупциялашган соҳа эди” деб ёзади мақола муаллифи) туфайли ўз одамларимиз ўз одамларимиз томонидан неча йиллар давомида хўрланиб-таҳқирланиб келди-я?!
Шавкат Мирзиёев иқтидорга келди ва кўп ўтмай ҳаммаси жой-жойига тушди.
Бўлар экан-ку!
Яна саволга тутайлик ўзимизни: шундай муаммо осонгина ҳал бўлди-қўйдими?
Шуни унутмаслик керак, жамият миқёсида бирорта ислоҳот бир кунда, бир нафасда амалга ошиб қолмайди. Хусусан, Ўзбекистондек катта давлат, нуфуси катта мамлакатда кечаги кунни бугунга, эски жамиятни янгисига алмаштириш хамирдан қил суғургандек осон кечади деб ўйласак ва шундай ўзгаришларнинг қадр-қимматига етмасак, катта соддалик ё гўллик қилган бўламиз. Шу боис, баралла айтишдан тортинмайлик, ҳар бир ислоҳот, ҳар бир ўзгариш ортида давлат раҳбарининг, Президентимизнинг иродаси, қатъияти туриши оддий ва ўзгармас ҳақиқатдир!
Валюта айирбошлаш билан боғлиқ молиявий муносабатлардаги қулайликлар ўз йўлига, шахсан мен буни инсон қадр-қиммати, иззат-нафси, ғурури тимсоли деган, жамиятимизнинг янгиланиш, соғломлашиш борасида қўйган катта қадами деб ҳисоблаган ҳамда китоб муаллифининг “Афсуски, буларни шарҳлаб берадиган олимларимиз, мутахассисларимиз саноқли” деган таънасини тўла қўллаб-қувватлаган бўлур эдим.
* * *
Жамият миқёсидаги янгиланишлар зеҳният, зеҳниятнинг яшовчанлиги, ўзгарувчанлиги, таъсирчанлиги, нозиклиги, қалтислигига бевосита боғланиб кетишига урғу бераётган эдим.
Ёши биз қатори ҳамшаҳар-ватандошларимиз орасида Таshkent City ўрнидаги қадим Ўқчи, Эгарчи, Олмазор маҳаллаларининг жин кўчаларида қоқилиб-суқулиб юрганлари оз эмас. Бир зумга бўлса-да, ёдга олайлик. Алишер Навоий кўчасига ёнма-ён қамишзор, чивинзор ва ғира-ширада ёлғиз юришга юрак бетламайдиган оралиқ манзаралар ҳам пойтахтнинг қоқ маркази — юраги ҳисобланган. Ўша замонларни қўя турайлик, бундан 10-15 йил бурун шу жойларда 30-40 қаватли бинолар қурилади деса, ишонармидик? Кўз олдимизга келтира олармидик? Энди-чи? Қиёсга сўз борми? Таърифга ташбеҳ борми? Гўдаклигимиздан, болалигимиздан мерос беғубор туйғуларимизни уйғотган, қўмсаган ҳолда мақтанамиз-да! Ким нима деса, десин, мақтанишни ҳам билайлик, мақтанчоқликларимиз миллий ғурур тимсолида маданий тус олсин! Бутун мамлакатимиз кўз қўрқоқ, қўл ботирлиги кўрсатиб қўйилаётган, исбот этилаётган бепоён диёрга айланиб бормоқда-ку!
Бошқа бир ўринда “Нега зиёлиларимиз бу ўзгаришлар ҳақида гапирмайди ёки мулоҳазалари ўзаро гурунглардан юқорига кўтарилмайди?!” деб ёзғиради китоб муаллифи.
Юқорироқда тилга олинган “бир қавм” ибораси, унга қўшимча ўлароқ зиёли муносабат ва муносабатдаги савия муаммоси, назаримда, ушбу уч таклифда бугунги кунимизнинг энг долзарб истаги, мавзуси мужассам бўлгандек. Ҳар бир холис ватандошимиз, хусусан, зиёлиларимиз зиммасидаги вазифа — миссияни жонкуярлик билан эслатмоқда мақола муаллифи. Жамоатчилигимиз фаолларидан қониқмаётганидан ҳақли равишда норозилигини ифода этмоқда.
* * *
Китобга киритилган “Йўқолган қалбни излаб” суҳбати ва “Евроосиё қўшма штатларининг пайдо бўлиши муқаррарми?” мақоласи таҳлилнинг чуқурлиги, ғоятда нозик масалаларнинг ўртага ташлангани билан диққатга сазовор.
Китоб мутолааси жараёнида бир мулоҳазага эътибор қаратиш истаги туғилди: хўп, мамлакатимизда олиб борилаётган таҳсинга сазовор воқеалар, ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида истаганча тўлқинланиб гап айтишимиз мумкин. Савол туғилади: буларнинг бари осонгина юз бермоқдами?.. Маҳаллий, минтақавий, глобал миқёсдаги энг залворли муаммоларни бор мураккаблиги билан тасаввур қила оляпмизми?..
Иқтибос келтирамиз: “Кўпчилик таҳлилчилар Ўзбекистонда ўтиш даври амалга ошган 2016 йил сўнгида “Мирзиёевга оғир сиёсий ва иқтисодий мерос қолди” деган фикрга келганларида, мутлақо ҳақ эдилар...”.
“Оғир сиёсий ва иқтисодий мерос” деганда, тўғри, ватанимиз мустақиллигининг дастлабки чораги назарда тутилиши табиий. Аммо мантиқан олиб кўрилса, “оғир мерос” тушунчаси жуда-жуда чуқур. Масалан, бундан 7 аср муқаддам Ўзбекхон туғишган синглисини рус князи Иван Калитанинг акасига икки қўллаб тортиқ қилиб юборгани “оғир мерос” эмасми? Қудратли Амир Темур бобомизнинг султон Боязид устидан қозонган ғалабасидан, Тўхтамишнинг тор-мор этилишидан бошланмаганми ҳозирги “оғир мерос”? “Совет раҳбарияти иродаси билан регион сиёсий харитасида бешта алоҳида миллий республика пайдо” бўлгани айни пайтдаги давлатимиз раҳбари зиммасидаги юкни оғирлаштиргандан оғирлаштирмаяптими?!
Сиёсий таҳлилнинг, публицистнинг, публицистиканинг ноёб кашфиёти деган бўлур эдим мазкур тарихий мисоллар мажмуасини! Ўтмиш хатоларини тўғрилаш давлатимиз раҳбарининг зиммасига тушаётганини, бундай юк залворини биринчи навбатда жамиятимизнинг зиёли қатлами вакиллари қалбан ҳис қилмоқликлари даркорлиги ҳақида етарли даражада қайғурмаётганимизни бугун очиқ тан олсак, адолатдан бўлур эди. Қудратилла Рафиқов топиб ёзганидек, Президент Шавкат Мирзиёев қайтариб бўлмас ўтмиш сабоқларини сиёсат йўли билан эпақага келтирмоқда. Бошқа иложи йўқ. “Чунки ҳалиям мувозанатни йўқотиш эҳтимоли йўқ эмас, турфа хатарлар эса чиндан ҳам мавжуд”. Қолаверса, “бугун минтақадаги беш давлатда тарих фанининг беш хил, баъзи ўринларда бир-бирига мутлақо тескари версияларда ўқитилаётгани” вазиятнинг нақадар қалтислигидан далолат бермоқда.
Ўзбекистон раҳбари мана шундай ғоятда оғир ва қалтис вазиятда ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёслардаги муносабатларнинг марказий фигураси сифатида фаолият юритмоқда. Катта сиёсат майдонида мувозанатни сақлаш ва асраш қаловини топмоқда.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Чўлпонотадаги йиғилишда “Ҳозирги кунда Марказий Осиё ўзининг энг муваффақиятли кунларини бошдан кечирмоқда” деган бўлса, бунда Ўзбекистон раҳбарининг улкан улуши борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Зеро, ушбу “муваффақиятли кунлар” юкини ҳам Ўзбекистон раҳбари ўз зиммасига олмоқда.
* * *
Бу кўҳна дунёни эпақага келтириш чораси борми? Дунёни қай йўл билан забт этиш мумкин? Қай тариқа соғлом, осуда ҳаёт тарзи қарор топади?
“Кутиб ол, дунё...” мақоласи қуйидаги сўзлар билан бошланади: “Мендан Шавкат Мирзиёевнинг бугунгача эл-юртимиз олдидаги энг буюк хизмати нимадан иборат деб сўрашса, ҳеч иккиланмай, Ўзбекистон ва халқимиз шаънини, обрўсини қайта жойига қўйганида деб айта оламан”.
Ватан ва халқ шаъни, обрўсини юксалтириш ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди. Президентимиз иш бошлаган илк кунларданоқ миллатнинг қадрини жойига қўйиш, унинг кимлигини дунёга кўрсатиш қарорини дилига туккан эди. Ва бу улуғ ният ижобатига эришмоқликнинг энг яқин ва энг тўғри йўлини топди. Шавкат Мирзиёев бу йўл, биринчи навбатда, ўзини — ўзлигини топишдан, ўзини кўрсата олишдан бошланади деб билди!
Шахсан биз — ёшлиги “Қишлоқ шаҳарни қувиб ўтади!” деган шиорлар замонида ўтган авлод вакилларимиз. Оташин шиорларни беармон ўқидигу, олқишладигу, қишлоқларимиз Аллоҳ таоло яратган сўлимлигича қолди, шаҳар томон “силжимади”.
Мисол учун, Хоразм деса, энг кўҳна инсоният тамаддунининг зарварақлари ҳаракатга тушади, хоразмлик буюк алломалар деса, рўйхатларимизга барака киради, енгилмас саркардалар номи тилга олинса...
Шу ўринда хотира кўз очди.
Шавкат Миромонович Самарқанд вилоятига ҳоким сифатида йўл олаётган кунлар бир гуруҳ депутатлар Жиззах сафарида бўлдик. Ажойиб учрашувлар, танишувлар, таассуротларга бой ўтди сафаримиз.
Ҳамид Олимжон ҳайкали пойига бордик (Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг фарзанди Омон Олимжонов сафимизда эди).
— Шоиримиз ҳайкалининг бир нечта хомаки чизмаси билан танишдим, — ҳикоя қилдилар Шавкат Миромонович, — сира кўнглим тўлмади. Менга Тошкентда Пушкинга қўйилган ҳайкал кўпроқ ёқади. У ҳайкалда санъат, нафосат бор. Ўйлай-ўйлай, Ленинграддан Пушкин ҳайкалининг муаллифини чақиртирдик...
Сўзим узилган жойдан давом эттирсак, Урганчда Жалолиддин Мангуберди хотирасига ўрнатилган ҳайкал бор эди. Майли, у асар ҳақида мулоҳазаларни чўзиб ўтирмаймиз-да, 2022 йилда қайта бунёд этилган ҳайкалга эътибор қаратайлик. Мен ҳайкалтарошлик борасида мутахассис эмасман, аммо янги ҳайкалда тошга муҳрланган маҳобат, шиддат, ҳайрат, назокат, санъат, бадиий пафос... панорама ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди деб ўйлайман. Хулоса чиқяптики, демак, маҳобатли ёдгорликлар тархи услубида давлат раҳбарининг иродаси, қатъиятидан ташқари, унинг бадиий тафаккур кўлами, эстетик диди, интеллектуал савияси ҳам муҳрланиб қолар экан!..
Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келган 7 йил ичида Хоразм вилоятига 12 марта ташриф буюрибди! Бу ташрифларнинг ҳар бири вилоят ва вилоят аҳли ҳаётида қанчадан-қанча янги саҳифалар очгани ҳеч кимга сир эмас. Айтмоқчиманки, мамлакати вилоятларидаги ҳаётни, аҳоли турмуш тарзини эпақага келтира олмаган давлат раҳбари қандай қилиб дунёга чиқади?! Қай юз билан жаҳоннинг мана ман деган арбобларига юзланади?!
Ҳамон ўзлик — ўзини таниш экан, бу эгаменлик табиати даставвал мамлакат жуғрофиясида, унинг қиёфасида, аҳоли турмуши манзараларида акс топмоғи керак. Оддий шахс “мен”и халқ “мен”ида, халқ “мен”и мамлакат “мен”ида шакллана-шакллана давлат ва давлат раҳбари “мен”ида жамланади, вояга етади, юксалади. Содда қилиб айтганда, халқ ва ватан шаъни Президент шаъни, Президентнинг обрў-эътибори халқ ва давлатнинг обрў-эътибори кўзгусига айланади. Халқ ва Раҳбар бирлиги ва жипслиги қарор топган тақдирдагина мамлакатимиз ҳам, халқимиз ҳам минтақа ва глобал дунёда объект эмас, субъект мақомига етишган ҳисобланади.
* * *
Бир ўринда (“Аламим бор...” мақоласида) китоб муаллифи Президентнинг бундан ўттиз йил бурунги гапларини хотирлар экан, “Ва аниқ биламанки, ўтган даврлар мобайнида бу ички дард — миллат қайғуси уни руҳан миллатпарвар, ватанпарвар ва ўз халқининг ёвқур бир фарзанди сифатида улғайтирди, тарбиялади” деб ёзар экан, бир ҳақиқатни ошкор этади. Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, олға сурган ғоялари, бошлаган ислоҳотларининг ҳеч бири тўсатдан ёхуд тасодифий эмас, балки уларнинг бари узоқ йиллар мобайнида тўпланиб келган, эҳтимол, ён дафтар саҳифаларини тўлдирган орзулар, мақсадлар, маслаклар... кўнгил қатларидан, дафтар варақларидан амалиётга кўчаётган адоқсиз армонлар, эзгу орзулар ижобатидир. Зотан, “у кишининг шахсияти ўз-ўзидан осмондан тушгандек пайдо бўлиб қолгани йўқ”, балки халқнинг бағридан сўқмоқлар оша, поғонама-поғона, қадам-бақадам, улкан йўлнинг жамики заҳмат-заққумларини бошидан кечирган ҳолда, чидам ва сабот билан, “не-не бало-қазолардан омон чиққан” ҳолда раҳнамолик мартабасига эришди ва нурли, шукуҳли, шарафли хотираларга бой Миллат Шавкати мақомига муяссар бўлди.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори, профессор