Кеча Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси бош консули Аслам Акбаров Омск шаҳридаги 1-сонли тез тиббий ёрдам шифохонасига ташриф буюриб, 15 август куни шаҳарнинг «Кварталы Драверт» ҳудудида содир бўлган ёнғинда жароҳат олган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Навбатчи шифокор маълумотига кўра, фуқаро И.З. куйиш жароҳатлари билан реанимация бўлимига ўтказилган. Унинг аҳволи оғир бўлиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.
Иккинчи фуқаро О.Э. эса ҳозирда йирингли-септик бўлими реанимациясида даволанмоқда. Унинг ҳам аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Айни пайтда россиялик шифокорлар москвалик ҳамкасблари билан видеоконференция орқали консилиум ўтказмоқда. Россия томони жароҳатланган фуқароларни даволаш ва соғломлаштириш жараёнига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бугун, 17 август куни эрталаб Бош консулхона бош консули шифохонанинг бош шифокори, куйиш ва йирингли-септик бўлимлари мудирлари ҳамда тиббиёт хизмати раҳбари билан учрашиши режалаштирилган.
Мазкур масала Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси томонидан алоҳида назоратга олинган.