Аввалига бу сўзлар шунчаки кексаларга хос сабр-тоқатнинг навбатдаги ифодасидек эшитилди. Аммо бир неча сония ўтиб, бу оддийгина жумла замиридаги тоғдек залварни, теранликни англадим. Бу табаррук инсон электр таъминотидаги қисқагина узилиш ҳақида эмас, балки бутун бир давр, бутун бир авлоднинг умрини еб битирган ўтган чорак асрлик ижтимоий масофа ва ундан ўтиш жараёнидаги улкан, тарихий ўзгаришлар ҳақида гапираётган экан...
Баъзан энг катта, энг жонли ва жамиятнинг асл юзини кўрсатадиган мавзуларни дабдабали йиғилишлардан, рақамларга тўла ҳисоботлардан эмас, балки одамлар гавжум мана шундай бозорлардан, оддий одамлар билан суҳбатлардан топасиз.
Ўша куни Жиззах шаҳрининг энг файзли бозорларидан бирига йўлим тушди. Биласиз, бозор бу шунчаки олди-сотди жойи эмас, у элнинг кайфиятини, турмушини ва яшаш тарзини ҳам кўрсатадиган кўзгу.
Расталарга қараб кўзим қувнади, тўкин-сочинлик, сархил ноз-неъматларнинг ранг-баранг жилоси одамнинг баҳри дилини очади. Бироқ мени кўпроқ маҳсулотлар эмас, атрофдаги инсонларнинг чеҳраси ўзига тортди. Харидорларнинг ҳам, сотувчиларнинг ҳам юзида табассум, ички хотиржамлик бор. Кўзларда эртанги кундан хавотир сезилмайди. Одамлар шошилмасдан, дид билан бозорлик қиляпти. Нарх-наво ҳам илгаригидек кун сайин ошмаяпти, анча барқарорлашиб қолган.
Тўғриси, ўша лаҳзада беихтиёр ўтмишни эсладим. Бир пайтлар бозорга киришга юрак безиллаб турарди. Одамлар растадаги гўшт ёки ёғга эмас, биринчи навбатда, унинг тепасига ёзилган қоғоздаги нархга хавотир билан тикиларди. Чўнтакдаги арзимаган пул билан рўзғорнинг камини қандай тўлдириш ҳақида ўйларди.
Бугун эса вазият бутунлай бошқача. Рақобат бор, танлов кенг. Ҳамма чўнтагига ва таъбига қараб, бемалол харид қиляпти. Бу жамиятимиздаги фаровонликнинг, одамлар қалбидаги хотиржамлик ва эркинликнинг ҳақиқий, жонли кўриниши.
Картадаги маблағимдан нақд пул ечиш учун банкоматларга яқинлашдим. Бироқ ҳар бир банкомат олдида турнақатор навбат бор экан. Шунда вақтни тежаш мақсадида бозордаги банк филиалига киришга қарор қилдим.
У ерда ҳам одам анча экан. Аммо ташқаридаги иссиқдан кўра, ичкарида, салқингина стулда ўтириб навбат кутишни афзал кўрдим. Эндигина навбатимиз яқинлашиб, ишимиз битай деганда, тўсатдан банкда электр ўчиб қолди. Банк ходими хижолатдан қизариб, мижозлардан узр сўради:
— Ҳурматли мижозлар, тизимда қисқа носозлик юзага келди. Техник сабабларга кўра, ўн беш дақиқача кутишингизга тўғри келади. Ноқулайлик учун узр сўраймиз.
Ичкарида кимдир уҳ тортиб юборди, кимдир соатига қаради. Шунда ҳалиги отахоннинг овози янгради. Секин унга яқинлашдим.
— Нима иш билан келгандингиз, отахон? — деб сўрадим аста суҳбатга тортиб.
У нурли юзига жуда ярашган самимий, нуроний табассум билан жавоб берди:
— Доллар сотиб олгани келувдим, болам.
— Сафаргами?
— Ҳа, насиб бўлса, жўралар, эски қадрдонлар билан Дубайга дам олгани бормоқчимиз.
Сўнг чуқур хўрсиниш билан пичирлади:
— Мана шундай дориламон кунларга етказганига минг қатла шукр.
Маълум бўлишича, отахон узоқ йиллар олий таълим тизимида меҳнат қилиб, юзлаб шогирдларни камолга етказган.
— Ҳозирги ёшлар чет элга боришни худди қўшни маҳаллага чиқиб келишдек оддий, кундалик ҳолат деб билади, — деди у ўтмиш хотираларини кўз ўнгида жонлантириб. — Бу жуда яхши, албатта, бундан фақат қувониш керак. Лекин улар биз кўрган, биз яшаган даврларни билганида, ўша тўсиқларни кўрганида эди, бугунги эркинлик ва имкониятлар қадрини янада чуқур, янада теран ҳис қилган бўларди.
Отахон суҳбат давомида ўзининг энг катта армонини сўзлаб берди. У ёш, кучга тўлган, илмий салоҳияти юқори бўлган йиллари бир неча бор нуфузли халқаро конференцияларга, илмий семинарларга таклифнома олган. Аммо бирортасига ҳам бора олмаган. Сабаби билими ёки салоҳияти етмаганидан эмас, балки юқоридан рухсат берилмаганидан...
У пайтларда хорижга чиқиш учун фақат паспорт кифоя қилмасди. Чиқиш визаси (стикер) деган машъум, инсон эркинлигини боғлаб турадиган тўсиқ бор эди. Одамлар ойлаб, йиллаб турли идоралар эшигида сарсон-саргардон бўлар, шахси, етти пушти, қариндош-уруғи — барчаси ипидан игнасигача текшириларди. Энг аламлиси, барча ҳужжатни тахт қилиб, ойлаб юрак ҳовучлаб кутганингиздан кейин ҳам қайсидир хонада ўтирган номаълум амалдорнинг биргина имоси билан рад жавоби бериларди. Ҳеч қандай тушунтиришсиз, ҳеч қандай сабабсиз.
— Халқаро семинар учун илмий маърузам тайёр эди, — дейди суҳбатдошим. — Аммо хорижга чиқиш учун рухсатнома ололмадим. Натижада менинг ўрнимга соҳага мутлақо алоқаси бўлмаган, фақат таниш-билиш занжирига уланган бошқа бир одам кетган. Ўшанда тилимни тишлаганча, уйга келиб тўйиб-тўйиб йиғлаганман.
Хаёлга чўмаман. Бугун-чи? Бугун минглаб, ўн минглаб ёшларимиз, оддий юртдошларимиз дунёнинг исталган нуқтасида эмин-эркин таълим олмоқда, ишламоқда, дунё кезмоқда. Энг муҳими, инсон ўз тақдирини, қаерга ва қачон боришини ўзи ҳал қиляпти. Инсон ўзини эркин шахс сифатида ҳис қила бошлади.
Суҳбат тобора қуюқлашиб, отахоннинг хотиралар дафтаридан яна бир оғриқли саҳифа очилди. Бу унинг янги автомобиль олиш учун қилган саъй-ҳаракати ва чеккан азоблари билан боғлиқ бўлди.
— Агар валюта тизими ҳақида гапирсам, ҳозирги йигит-қизлар буни шунчаки эртак ёки муболаға деб ўйлаши табиий, — деб давом этди суҳбатдошимиз. — Чунки улар давлат курси билан қора бозор курси ўртасидаги ўша мудҳиш, мамлакат иқтисодиётини ҳам, инсон қадр-қимматини ҳам ерга урган улкан, даҳшатли жарликни кўрмади.
Ростдан ҳам яқин ўтмишимизда мамлакатда валюта билан боғлиқ икки хил дунё, икки хил воқелик бор эди. Бири жозибадор, расмий рақамларда кўрсатилган курс. Иккинчиси ҳаётнинг аччиқ, асл юзи бўлган қора бозор. Кимга доллар керак бўлса, банкка эмас, қонундан яширинган валютачилар олдига югурган.
Сотувчи ҳам хавотирда, харидор ҳам юрак ҳовучлаб турарди. Оддий иқтисодий операция эмас, гўё оғир жиноят устида тургандек ҳис қиларди ўзини.
— Ўша пайтларда одамлар “така сут беради”, десангиз ишонарди, лекин “банкдан давлат курсида, ҳеч қандай муаммосиз, эркин доллар сотиб олдим”, десангиз, ҳеч ким ишонмасди, — дея отахон аччиқ кулимсиради.
Бу шунчаки ҳазил эмас эди. Бу бутун бошли тизимнинг таназзулига, боши берк кўчага кириб қолганига қўйилган аниқ ва шафқатсиз ташхис эди.
— У пайтларда автомобиль олиш учун шартнома тузишнинг ўзи бир машаққат эди, — дея соатга қараб сўзини давом эттирди мўйсафид. — Ойлаб таниш-билиш излайсан, кимгадир ялинасан. Шартнома тузгандан кейин эса пул тўлаш керак. Маблағинг миллий валютада нақд бўлса ҳам уни тўлаш учун яна бозорга чиқиб доллар қидирасан. Мен ҳам ўшанда арзонроқ валюта излаб бозорга чиққанман. Мақсадим долларни озгина бўлса ҳам арзонроқ сотиб олиш учун бозордаги валютачилардан эмас, балки зарур бўлиб ўзининг долларини сотишга келган оддий одамлардан олиш бўлган. Бу ҳолат ўша ердаги монопол валютачиларга ёқмаган. Қисқаси, ўшалар чақдими ёки ҳаракатим шубҳа уйғотдими, бир пайт қарасам, икки нафар ички ишлар ходими келиб, ўзини таништирди-ю, қўлимдан тутди. Катта жиноятчидек олиб кетишди. Хизмат хонаси. Соатлаб давом этган руҳан эзувчи савол-жавоблар, баённомалар... Тушунтиришлар фойда бермади. Кейин эса суд бўлди. Ҳалиям ўшанда пулларнинг ҳаммасини ўзим билан олиб юрмаган эканман, бўлмаса, ҳаммаси мусодара қилинаркан. Устига-устак яхшигина жарима ҳам тўладим...
Отахон бир муддат жим қолди. Кўзларида ўша олис ва қора йилларнинг заҳри, алами яна бир бор қалқиб чиқди.
— Биласанми, болам, ҳозир ўйласам, ўшанда куйиб кетган, йиллаб йиққан пулларимдан ҳам кўра кўпроқ бошқа нарса алам қилган экан...
— Нима экан у?
— Аввало, топталган қадр-қимматим, ғурурим. Инсоннинг ўз юртида ҳалол меҳнати билан топган пулини алмаштиришда ўзини маҳкум, гуноҳкор, жиноятчидек ҳис қилиши энг оғир руҳий эзилиш экан.
Бу гаплар мени негадир яна бир унутилаётган, аммо минглаб инсонларнинг тақдирини бевақт синдирган, одамларни сарсон қилган яқин ўтмишнинг оғриқли фожиаси — “прописка” ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Бир вақтлар бу сўз юртимизнинг чекка-чекка шаҳару қишлоқларидан чиққан, илмли, иқтидорли ёшларнинг орзулари, келажаги йўлидаги баланд темир девор эди. Пойтахтда яшаш, ижод қилиш, ҳалол меҳнат билан уй сотиб олиш учун инсон қанчадан-қанча тўсиқ ва камситишлардан ўтиши керак эди. Бугун эса ёшлар бу тизимни эшитса, худди ўрта асрлар ёки қулдорлик тузуми тарихини эшитгандек ҳайрон қолади, ишонмайди. Чунки улар буткул бошқа, эркинлик, тенглик ва чексиз имкониятлар муҳитида улғаймоқда.
Ёки ўша даврнинг яна бир аччиқ ҳақиқати, пластик картадаги маблағни нақдлаштириш азоби. Кўп эмас, атиги саккиз-ўн йил олдин одамлар ўз ҳалол маошини, машаққат билан топган нафақасини нақд пул қилиб олиш учун 15-20 фоиз эвазига кўчадаги воситачиларга, нақд пули борларга берарди. Бугун эса банкоматлар ҳаётимизнинг ажралмас, оддий бўлагига айланган. Ҳатто кўпчилик нақд пул ишлатмай, рақамли тўловларга ўтиб кетди. Биз бугун оддий, табиий қулайлик деб қабул қилаётган мана шу жараёнлар аслида кечаги кун одамлари учун армон эди.
Албатта, бугунги ҳаётимизда камчиликлар йўқ эмас. Қилиниши лозим бўлган ишлар, ислоҳотга қараб турган соҳалар ҳали кўп. Ҳеч ким бугун ҳаётимиз мукаммал ёки идеал бўлиб қолди, ҳамма муаммо ҳал бўлди демаяпти. Олдимизда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар турибди.
Бироқ босиб ўтилган машаққатли йўл, эришилган муваффақиятларни ҳам холис, инсоф ва адолат билан ўлчаб, тан олиш ҳам мардлик. Чунки тараққиёт ва ривожланишни фақат муаммолар билан эмас, балки эришилган улкан ютуқлар ва ўзгаришлар кўлами, инсон қадрининг тикланиши билан ҳам баҳоламоқ лозим.
Шу пайт банк биносида ярқ этиб чироқлар ёниб, компьютерлар ишга тушди. Навбат яна жонланди. Одамлар шошиб ўз ишига қайтди. Электрон таблода отахоннинг рақами кўринди. У ўрнидан тураётиб, менга меҳр билан қаради ва елкамга қўлини қўйиб, бундай деди:
— Болам, биз қийинчиликни, йўқчиликни, энг ёмони, ҳуқуқсизликни кўрган, суягида ҳис қилган авлодмиз. Шунинг учун бугунги куннинг, мана шу оддийгина банкомат ёки банк олдидаги эркинликнинг, хотиржамликнинг қадрини яхши биламиз. Кечаги кунини унутмаган одам бугунига шукр қилади. Бугунига шукр қилган одамнинг эса эртаси доим ёруғ ва нурли бўлади.
У шахдам қадамлар билан банк кассаси томон юриб кетди. Мен ҳам унинг ортидан ишимни битириб, енгил нафас олганча ташқарига чиқдим.
Шу пайт рўпарамдан кутилмаганда қишлоқдошим Анвар Икромов чиқиб қолди. Бир-биримизни кўриб, худди яқин жигарлардек қувониб кетдик. Суҳбатимиз қуюқлашди.
— Ҳа, журналист ука, банкдан пулларингни долларга алмаштириб чиқяпсанми, бунча хурсандсан? — деди у ҳазил аралаш.
— Йўқ, Анвар ака, янги мақолам учун жонли мисоллар, янги қаҳрамонлар топдим, — дедим. — Айни пайтда одамлар ҳаётидаги, тақдиридаги ижобий ўзгаришлар, инсон қадри ҳақида ёзмоқчиман.
Анвар ака бир оз ўйланиб турди-да, юзига самимий табассум югуриб деди:
— У ҳолда менинг тақдирим ҳам сенга яхшигина ҳаётий мисол бўлса керак, ука. Буни, албатта, ёз.
Бозордаги шинам ошхонага кирдик. Иссиқ чой устида Анвар аканинг ҳаёт йўлидаги оғир синовлар, бошдан кечирган хўрликлари ва кейинчалик тақдири қандай тубдан ўзгаргани ҳақида оғриқли, аммо якуни гўзал суҳбат бошланди.
Илгари йиллар давомида ўз ечимини топмай, қоғозлар остида кўмилиб келган кўплаб ижтимоий масалалар бугун адолатли ҳал этилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш йўлида қабул қилинаётган қарорлар минглаб, миллионлаб инсонлар қалбида янги умид ва сўнмас ишонч уйғотмоқда.
Айниқса, фуқаролик масаласида йиллар давомида “ҳавода муаллақ қолган” ноаниқ мақомда яшаб келган, ўз юртида бегонадек юрган юртдошларимиз ҳуқуқлари тикланаётгани мазкур ислоҳотларнинг энг инсоний, энг ҳаётий натижаларидан.
Анвар Икромов ҳам ана шундай тақдири ярим, юраги доғли юртдошларимиздан эди. Унинг ҳаёт йўлларидан тўлиқ бўлмаса-да, қисман хабардор эдим. У Фориш туманининг Ухум қишлоғида туғилиб, шу ерда мактабни тамомлаган. Бутун болалиги, ёшлиги, хуллас, ҳамма-ҳаммаси шу заминда ўтган. Кейинчалик олий маълумот олиш, илм чўққиларини забт этиш учун қўшни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига бориб таҳсил олди.
Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, ватан соғинчи билан яна жонажон юртига қайтди. Аммо уни мутлақо кутилмаган, ақлга сиғмас совуқ муаммо қарши олди — унга Ўзбекистон фуқаролиги берилмади.
Ўша даврларда бундай муаммоларни ҳал этиш ўта мушкул, деярли имконсиз бўлиб, минглаб одамлар йиллар давомида “фуқаролиги йўқ шахс” деган кемтик ҳуқуқий мақомда яшашга мажбур эди.
Анвар Икромов ҳам бу борада турли ташкилотларга, мутасадди идораларга тинимсиз мурожаат қилди. Бироқ орадан йиллар ўтса-да, масала қилчалик ҳам ечим топмади. Паспорти, яъни яшил ҳужжати йўқлиги сабабли она юртида, киндик қони тўкилган заминда худди бегонадек, келиб-кетувчи мусофирдек яшашга мажбур бўлди. Кўп ҳолларда кундалик ва расмий ишларни бажариш, фарзандларига ҳужжат тўғрилашда қийинчиликларга дуч келди.
Энг аламлиси ва мантиқсизлиги, у шу юртда туғилиб, шу ерда мактабни тугатган бўлса-да, фақат бир неча йил қўшни давлатда таҳсил олиб қайтгани унга ўз ватани паспортини бермаслик учун асос қилиб кўрсатилганди.
— Паспорт йўқлиги, инсон мақомининг йўқлиги одамни ич-ичидан қанчалик емиришини, қанчалик хор қилишини фақат мана шу ҳолатни бошдан кечирган инсонгина тушунади, ука, — дейди Анвар ака кўзларини ошхона деразасидан ташқарига тикиб. — Ўз юртингда яшайсан, уни жонингдан яхши кўрасан, лекин қонун олдида гўё ўзга сайёраликдексан... Бирор жойга тайинли ишга киролмайсан, ҳужжатларни расмийлаштиролмайсан, ҳатто кундалик ҳаётдаги оддий маиший масалаларни ҳал қилиш ҳам сен учун ечилмас муаммога айланиб қолади. Вақт шафқатсиз ўтаверди. Тўғриси, кун келиб ўз юртимнинг паспортини қўлимга олишдан, фарзандларим олдида бошимни тик тутишдан буткул умидим узилган эди. Аммо ҳаётда баъзан биргина тўғри қарор, юқоридан берилган биргина адолатли фармон инсон тақдирини, умидларини тубдан ўзгартириб юбориши, унга иккинчи бор умр бағишлаши мумкин экан.
Анвар ака учун ҳам мамлакатимизда бошланган янги давр, янги ислоҳотлар ҳаётидаги ана шундай қутлуғ бурилиш нуқтаси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг тарихий фармони фуқаролиги бўлмаган, йиллар давомида аросатда қолган минглаб инсонлар қатори унинг учун ҳам янги ҳаёт, эркинлик эшигини очди.
У бир лаҳза сукут сақлади, гўё ўша ҳаётидаги энг ҳаяжонли кунларни хаёлан яна бир бор бошдан кечираётгандек юраги тез уриб сўзида давом этди:
— 2017 йилнинг 16 январь куни... Бу сана хотирамга олтин ҳарфлар билан ёзилган, ука. Ўша куни қўлимга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини олганимда, ишониб-ишонмай йиғлаб юборганман. Гўё қайта туғилгандек, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Бу мен учун шунчаки ҳужжат эмасди. Бу жонажон мамлакатимнинг менга ишончи, эътибори ва чексиз ғамхўрлигининг яққол рамзи, ҳақиқий инсон қадри эди.
Паспорт олгач, Анвар аканинг ҳаёти ҳам ўзгариб кетди. У дарҳол расмий ишга жойлашди, оиласи, фарзандлари учун янада мустаҳкам ва ишончли таянчга айланди. Энг муҳими, у энди тўлақонли фуқаро сифатида сайловларда қатнашди, ўз танлови асосида келажак учун овоз берди. Ўзини давлат ҳимоясидаги фуқаро сифатида ҳис қилди...
Аслида, ҳаётнинг ўзи энг буюк таҳлилчи, вақт эса энг адолатли ҳакам. Халқнинг хотираси эса ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда алдамайди. Кечаги кунини, чеккан заҳматларини унутмаган инсон бугуннинг ҳар бир тинч лаҳзаси, ҳар бир қулайлиги қадрига етади. Бугуннинг қадрига етган халқ эса эртанги кунга, келажакка юксак ишонч ва ғурур билан қарайди.
Ана шу ишонч, ана шу ички хотиржамлик ва эркинлик туйғуси бугунги Ўзбекистоннинг кўз қорачиғидек асрашимиз керак бўлган энг катта, бебаҳо бойлиги.
Банкдаги отахон ва қишлоқдошим Анвар аканинг ҳаёти каби ёрқин мисоллар юртимиздаги ўзгаришлар шунчаки қоғозда эмас, балки оддий инсонлар тақдирига қанчалик чуқур ва ижобий таъсир кўрсатаётганини яққол намоён этади. Зеро, бугун давлат сиёсати марказида инсон манфаатлари туриши, ҳар бир фуқаронинг қадр-қиммати ва ҳуқуқлари эъзозланиши мамлакат тараққиётини белгиловчи энг муҳим, энг устувор омил бўлиб қолаверади.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири