Ўзбекистонда 170 та олий таълим ташкилотининг 249 мингдан ортиқ битирувчиси меҳнат бозорида қандай натижа кўрсатаётгани таҳлил қилинди. Тадқиқотда битирувчиларнинг ишга жойлашиш тезлиги, бандлик барқарорлиги, даромад даражаси ва бандлик шакли ўрганилган.
Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан ўтказилаётган “Битирувчилар сифати индекси” натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таҳлилга кўра, ҳудудлар кесимида битирувчилар сифати индексининг энг юқори ўртача натижаси Навоий вилоятида — 62,5 баллни ташкил этган.
Кейинги юқори натижалар Сурхондарё вилоятида 62,1 балл, Бухоро вилоятида 59 балл, Қашқадарё вилоятида 58,5 балл ва Наманган вилоятида 58,3 балл қайд этилган.
Битирувчилар сони энг кўп бўлган Тошкент шаҳрида индекснинг ўртача қиймати 60 баллни ташкил этган. Энг паст кўрсаткич эса Қорақалпоғистон Республикасида — 49,5 балл.
Битирувчиларнинг ўртача даромади 4,9 млн сўм
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йил июль — 2026 йил июнь даврида битирувчиларнинг республика бўйича ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этган.
Таълим йўналишлари кесимида энг юқори ўртача даромад “Ижод (спорт)” йўналишларида қайд этилган — 6,33 млн сўм.
Шунингдек, “Амалий фанлар” йўналишида ўртача даромад 5,5 млн сўм, ижтимоий-гуманитар фанларда 4,61 млн сўм, тиббиёт фанларида эса 4,43 млн сўмни ташкил этган.
Битирувчиларнинг ўртача расмий даромади энг юқори бўлган олий таълим ташкилотлари орасида:
— Тошкент шаҳридаги “С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти” федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиали — 23,4 млн сўм;
— Тошкент шаҳридаги Инҳа университети — 12,6 млн сўм;
— Тошкент халқаро Вестминстер университети — 12,5 млн сўм;
— Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети — 10,6 млн сўм;
— Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 10,3 млн сўм;
— Тошкент ахборот технологиялари университети — 9,4 млн сўм;
— Тошкентдаги Сингапур Менежментни Ривожлантириш институти — 9,3 млн сўм;
— Г.В. Плеханов номли Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали — 9 млн сўм;
— Тошкент давлат юридик университети — 8,4 млн сўм;
— Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети — 8,1 млн сўм.
Индексни ҳисоблашда битирувчининг расмий қайд этилган даромади у истиқомат қилаётган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан солиштирилади.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошевнинг таъкидлашича, “Битирувчилар сифати индекси”ни жорий этишдан асосий мақсад абитуриентларга олий таълим муассасасини танлашда ишончли ва объектив мезон тақдим этишдан иборат.
Унинг сўзларига кўра, энди абитуриентлар ОТМ танлашда нафақат таълим жараёни, балки шу муассаса битирувчиларининг меҳнат бозоридаги реал натижаларини ҳам ҳисобга олиши мумкин.