Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Вазирлик маълумотига кўра, амалдаги тартибда битирувчилардан битирув малакавий ишига киритиш ёки диплом бериш жараёнида иш билан бандлигига оид қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш белгиланмаган.

Қайд этилишича, битирув малакавий иши ҳимоясига қўйиш фақат ўқув жараёни билан боғлиқ талаблар асосида амалга оширилади.

Шунингдек, битирувчилар бандлигини таҳлил қилиш ва уларнинг меҳнат бозорига чиқиш жараёнини кузатиш мақсадида Солиқ қўмитаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинган ҳолда мониторинг ишлари олиб борилаётгани айтилди.

Ушбу жараёнлар рақамли платформалар орқали автоматик тарзда амалга оширилиб, талабалардан қўшимча тасдиқловчи ҳужжатларни мажбурий талаб қилишни назарда тутмайди.

Вазирлик барча олий таълим муассасаларига битирувчилар билан ишлашда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, ортиқча бюрократик талаблар қўймаслик ҳамда маълумот йиғишда ихтиёрийлик тамойилига амал қилиш бўйича кўрсатмалар берилганини маълум қилди.