Замонлар ўзгарди, жанг майдонлари ҳам. Бугун халқларнинг куч-қудрати илм-фан, технология, иқтисодиёт, маданият ва спортдаги ютуқлар билан ҳам ўлчанади. Аммо байроқнинг маъноси ўзгаргани йўқ, аксинча, унинг қадри янги мазмун билан бойиди. Энди у халқаро мусобақалар шоҳсупасида кўтарилганда, минглаб километр узоқликда Ўзбекистон мадҳияси янграганда, биргина спортчининг ғалабаси бутун халқнинг қувончига айланади. Шу лаҳзаларда байроқ давлатимиз шаъни билан бирга унинг ортида турган миллионлаб инсонларнинг орзу-умидлари, меҳнати ва ишончини ҳам ўзида мужассам этади.
Яқинда бўлиб ўтган Параосиё ўйинларини кўпчилигимиз ойнаи жаҳон орқали кузатиб бордик. Юртдошларимиз ғалабага эришган лаҳзаларда экран қаршисида қувондик, ютуқларини ўзимизникидек қабул қилдик. Айниқса, Хуршид Қодировнинг 100 метрга югуриш баҳсларида Осиё рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритиши кўпчиликнинг эътиборини тортди. Ижтимоий тармоқларда унинг ғалабасига бағишланган табриклар, самимий тилаклар ёғилди. Бир неча сонияли пойга якунидаги бу ғалаба томошабинларга фақат қувонч улашиб қолмай, инсон имкониятлари ҳақида ҳам ўйлашга ундади. Ахир финиш чизиғига биринчи бўлиб етиб келишдан олдин қанча машғулот, қанча сабр ва ўзини енгишга тўғри келган лаҳзалар бор. Бировнинг “Қўлингдан келмайди”, деган гапи орзуга нуқта қўймаслиги керак. Хуршиднинг натижаси мақсадга ишонч ва изчил меҳнат билан интилиш қандай самара беришини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбарининг II Президент олимпиадаси очилиш маросимида ёшларга қарата айтган “Ўзингга ишон! Ўз устингда ишла! Ўз юртингга муносиб бўл!” деган даъватида ҳам шу ҳаётий ҳақиқат мужассам. Бу уч чақириқ инсон камолотининг ўзаро боғлиқ босқичларини ифодалайди: аввало, ўз имкониятига ишониш, кейин меҳнат билан салоҳиятини ривожлантириш ва ниҳоят, эришган натижасини юрт равнақига хизмат қилдириш. Бу сўзлар спортчига ҳам, илм олаётган ёшга ҳам, ўз касбини пухта эгаллашга интилаётган мутахассисга ҳам бирдек тегишли.
Ўзига ишониш ҳамма нарса осон кечади дегани эмас. Аксинча, бу қийинчиликка дуч келганда ҳам мақсаддан воз кечмаслик, хатоларни тан олиш ва яна уриниб кўришга куч топишдир. Спортда буни ҳар куни кўриш мумкин: машғулотда белгиланган натижага эриша олмаган спортчи эртасига яна майдонга чиқади. У мағлубиятдан қочиш эмас, хатосидан сабоқ чиқариш ва кечагидан яхшироқ натижа кўрсатиш учун ҳаракат қилади. Чунки чемпионлик фақат шоҳсупада қўлга киритилмайди. У интизом, сабр ва ҳар куни такрорланадиган машқлар давомида шаклланади. Бугун оддий кўринган бир соатлик машғулот эртага рекорд натижага йўл очиши мумкин. Шунинг учун “Ўзингга ишон!” деган чақириқ, аввало, инсоннинг ўз олдига мақсад қўйиши ва унга эришиш учун масъулиятни зиммасига олишини англатади. Бу интилишнинг натижаларини мамлакатимиз спорти мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги ўн йилда спортчиларимиз халқаро мусобақаларда 5518 та, жумладан, 1675 та
олтин медаль қўлга киритди. Бу аввалги ўн йилликдаги кўрсаткичдан уч баробар кўп. Рақамлар спортимиздаги ўсишни яққол кўрсатади. Уларнинг ортида фақат ғолиблар маҳорати эмас, мураббийлар фидойилиги, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши, спортчиларнинг машаққатли тайёргарлиги ва уларни етиштиришга қаратилган тизимли ишлар ҳам бор. Ҳар бир медаль ортида кўпчилик кўрмайдиган машаққат, енгиб ўтилган тўсиқлар ва узоқ кутилган натижага ишонч ётади.
Шу билан бирга, эришилган натижаларни янада ошириш учун янги истеъдодларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга зарур шароит яратиш муҳим. Қишлоқда яшайдиган, югуришга ёки курашга қобилияти бор болани тасаввур қилайлик. Унинг тезлиги, чаққонлиги ёки жисмоний имкониятлари тенгдошларидан ажралиб туриши мумкин. Аммо яқинида спорт зали бўлмаса, малакали мураббий топилмаса ёки мунтазам шуғулланиш имкони бўлмаса, иқтидори очилмай қолиши эҳтимолдан холи эмас. Боланинг хоҳиши ва қобилияти муҳим, лекин уларни ривожлантиришга имкон берадиган муҳит ҳам зарур. Демак, спортни оммалаштиришнинг муҳим вазифаси фақат чемпионларни тайёрлашдан иборат эмас. Ҳар бир иқтидорли ёшга ўзини синаб кўриш, қобилиятини намоён этиш ва юқори натижаларга интилиш имконини бериш ҳам шунчалик аҳамиятли.
Президент олимпиадаси ана шу йўлда муҳим босқич вазифасини ўтайди. Бу йилги мусобақада 3,5 мингдан зиёд спортчи олимпия ва паралимпия йўналишидаги 26 спорт тури бўйича беллашмоқда, уларга 1,5 минг мураббий ҳамроҳлик қилмоқда. Бундай мусобақалар ёшларга ўз кучини рақобат муҳитида синаш, тажриба орттириш ва камчиликларини аниқлаш имконини беради. Мусобақа майдонига чиққан ҳар бир иштирокчи ғалаба учун курашар экан, тайёргарлиги, иродаси ва интизомини ҳам синовдан ўтказади. Ғолиблар муносиб рағбатлантирилади, бошқа иштирокчилар эса кейинги тайёргарлик учун зарур хулосалар чиқаради. Энг муҳими, бу жараён иқтидорларни саралаш, уларни мунтазам кузатиб бориш ва юқори даражадаги мусобақаларга тайёрлаш тизимининг бир қисмига айланиши керак.
Бу мақсадда Олимпия шаҳарчаси барпо этилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Замонавий спорт мажмуасининг қиймати унинг қанча майдон ёки иншоотдан иборатлиги эмас, балки улардан қандай натижа олинаётгани билан белгиланади. Агар бу ерда ёшлар мунтазам шуғулланса, мураббийлар ўз тажрибасини оширса, спортчилар халқаро талаблар даражасида тайёргарлик кўрса, шаҳарча мамлакат спорт салоҳиятини ривожлантирувчи муҳим масканга айланади. Бунинг учун замонавий жиҳозларни ўрнатиш билан бирга улардан самарали фойдаланиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ва ёшларнинг машғулотларини тизимли ташкил этиш зарур. Бугун яратилаётган имкониятлар эртанги чемпионларнинг камол топишига хизмат қилсагина, ўзининг тўлиқ қийматини намоён этади.
Ўзбекистоннинг халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиш имкониятлари кенгайиб бораётгани спорт ривожидаги муҳим йўналишлардан биридир. Тўрт йил ичида мамлакатимизда жаҳон ва Осиё миқёсидаги 20 га яқин мусобақа ўтказилди. 2027 йил 17 сентябрдан 9 октябрга қадар Ўзбекистон ва Озарбайжонда FIFA U-20 жаҳон чемпионати ўтказилиши режалаштирилган. Йирик мусобақаларни қабул қилиш юртимизнинг ташкилий салоҳиятини намоён этиш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро тажриба орттириш учун катта имконият яратади. Бундай тадбирлар меҳмон спортчилар, мураббийлар ва мухлисларга мамлакатимизни яқиндан таниш имконини ҳам беради. Бироқ мезбонликнинг энг катта самараси мусобақа якунланганидан кейин билинади: орттирилган тажриба маҳаллий спортчиларни тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши лозим.
Параспортчиларимизнинг натижалари ҳам спортда имконият ва қўллаб-қувватлаш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Улар Параосиё ўйинларида 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Бу ютуқлар спортчиларнинг маҳорати ва қатъияти билан бирга уларни тайёрлаш учун яратилган шароитларнинг аҳамиятини ҳам намоён этади. Хуршид Қодировнинг рекорд натижаси каби бу ғалабалар ҳам инсон имкониятларига олдиндан чегара қўйиш мумкин эмаслигини эслатади. Ҳар бир спортчининг ўз орзуси, ўз мақсади ва ўз имконияти бор. Вазифа шу имкониятни тўғри баҳолаш, уни ривожлантириш учун шароит яратиш ва спортчининг мустақил ҳаётда ҳам ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат.
Президент олимпиадаси ғолиб ва совриндорлари учун белгиланган рағбатлар, халқаро ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиш имкониятлари, стипендиялар ва спорт мактабларини жиҳозлаш чоралари ҳам узоқ муддатли натижаларга йўналтирилиши зарур. Бир мусобақадаги ғалаба спортчининг келгуси муваффақиятини кафолатламайди. Бунинг учун мунтазам тайёргарлик, малакали мураббийлик, тикланиш ва таълим олиш учун шароит керак. Спортчи бугун ғалаба қозониб, эртага янада кучли рақибларга дуч келиши мумкин. Шу боис, унинг ривожланишига узлуксиз эътибор қаратиш, жисмоний тайёргарлиги билан бирга билим ва ҳаётий кўникмаларини ҳам мустаҳкамлаш муҳим. Ёшлар спортда юқори натижаларга эришиш асносида мустақил фикрлайдиган, интизомли ва масъулиятли инсон бўлиб шаклланиши лозим.
“Ўз юртингга муносиб бўл!” деган чақириқнинг мазмуни ҳам айнан шу ерда намоён бўлади. Юртга муносиблик фақат халқаро мусобақада ғолиб чиқиш ёки шоҳсупада байроқни кўтариш билангина чекланмайди. У ҳалол рақобатда, рақибга ҳурматда, мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаришда ва ўз вазифасини виждонан бажаришда ҳам кўринади. Спортчи учун бу — маҳорати ва интизоми билан юрт номини муносиб ҳимоя қилиш. Мураббий учун — шогирдларининг иқтидорини очиш ва уларни тўғри йўналтириш. Жамият учун эса ёшларнинг қобилиятини қадрлаш, уларга ишонч билдириш ва камол топиши учун зарур шароитларни яратишдир.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзингга ишон! Ўз устингда ишла! Ўз юртингга муносиб бўл!” деган даъвати фақат спорт майдонига тегишли эмас. У ҳар бир инсонга ўз қобилиятини англаш, уни меҳнат билан ривожлантириш ва эришган натижасини жамият манфаатига йўналтириш масъулиятини эслатади. Юрт салоҳияти спортчилар қўлга киритган медаллар, замонавий мажмуалар ёки ўтказилган мусобақалар билангина белгиланмайди. У ёшларга берилган имкониятлар, кашф этилган истеъдодлар ва уларнинг орзуларини рўёбга чиқариш учун яратилган шароитларда ҳам намоён бўлади. Бугун ўз кучига ишонган, мақсади сари қатъият билан интилаётган ҳар бир ёш эртанги куннинг муносиб вакилидир. Ана шундай авлод камол топар экан, байроғимиз яна кўп бор шоҳсупаларда баланд кўтарилади, юртимизнинг шуҳрати янги ғалабалар билан бойиб боради.
Параспортдаги ютуқлар ҳақида сўз борганда, масаланинг яна бир муҳим жиҳати — инсон қадри, унинг имкониятларини рўёбга чиқариш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган шароитларга эътибор қаратиш лозим. Зеро, параспорт инсоннинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган, иродасини тоблайдиган, ҳаётга интилишини кучайтирадиган катта имкониятлар мактабидир.
Параенгил атлетика бўйича терма жамоа бош мураббийи Сардор Абдухолиқов соҳадаги ўзгаришлар, спортчилар учун яратилган имкониятлар ва уларнинг натижаларга таъсири ҳақида сўз юритар экан, бугунги ютуқлар замирида Президентимиз эътибори, тизимли тайёргарлик ҳамда спортчилар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган шароитлар турганини таъкидлади.
Унинг айтишича, терма жамоа спортчиларининг қарийб 90 фоизини вилоятлардан етишиб чиққан спортчилар ташкил этади. Уларни йил давомида мунтазам ўқув-машғулот йиғинларига жалб этиш, тайёргарлик жараёнини узлуксиз ташкил қилиш катта имкониятдир. Масалан, Осиё ўйинларига 20 кун қолганда 60 нафар спортчидан иборат таркибнинг Японияга ўқув-машғулот йиғинига юборилиши тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамият касб этди. Бунинг самараси ўлароқ, спортчилар 145 та медални қўлга киритди. Мураббийнинг таъкидлашича, йилдан йилга яратилаётган шароитлар яхшиланиб, натижалар ҳам шунга мос равишда ўсиб бормоқда.
Мураббий параспортчиларни саралаш жараёнидаги ўзгаришларга тўхталар экан, илгари иқтидорли ёшларни аниқлаш учун мураббийларнинг ўзи чекка қишлоқ ва туманларга бориб, хонадонма-хонадон юрганини эслади. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида ҳам изланишлар тўхтамасди. Бугун эса вазият анча ўзгарган. Энг қувонарлиси, ота-оналарнинг ўзи фарзандини спортга олиб келмоқда. Улар болаларининг имкониятларига ишониб, келажагини спорт билан боғлашга интилмоқда.
Бу ўзгаришнинг ижтимоий аҳамияти жуда катта. Чунки илгари иқтидорли болаларни излаб топиш учун мураббийлар чекка ҳудудларга борган бўлса, бугун ота-оналарнинг ўзи фарзандини спортга етаклаб келмоқда. Демак, параспортга бўлган муносабат ҳам ўзгармоқда. Энг муҳими, оилалар фарзандларининг жисмоний имкониятларини тўсиқ эмас, тўғри йўналтириш ва меҳнат орқали ривожлантириш мумкин бўлган салоҳият сифатида қабул қилмоқда.
Аслида, инсон қадрини улуғлашнинг моҳияти ҳам шунда: ҳар бир инсоннинг қобилиятини кўриш, унинг орзу ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратиш. Имконияти чекланган инсонга фақат ижтимоий ёрдам олувчи шахс сифатида қараш эмас, унинг истеъдоди, меҳнати ва мустақил ҳаётга интилишини қадрлаш муҳим. Параспорт эса ана шу қарашларни ҳаётга татбиқ этишнинг ёрқин намунасидир.
Шу маънода, бугун спортга жалб этилаётган ҳар бир ёш, мураббийлар томонидан кашф этилаётган ҳар бир истеъдод, ота-оналарда шаклланаётган ишонч спортдаги келгуси ғалабаларнинг пойдеворини яратмоқда. Бу жараённинг натижаси фақат шоҳсупадаги медаллар билан ўлчанмайди. Спорт орқали ўз кучига ишонган, мустақилликка интилган, жамиятда ўз ўрнини топган инсоннинг ҳаётидаги ижобий ўзгариш ҳам улкан ютуқдир.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири