Инсон ҳаётида нима воқеалар бўлмайди дейсиз. Мен қатори ёши кексалар собиқ иттифоқ даврида туғилган бўлсак-да, кўп қийинчиликларни бошдан ўтказдик. Бироқ ота-онамиз ҳеч қачон нолимасликни, сабрнинг мукофоти борлигини болалигимиздан қалбимизга сингдирган. Аввало, тинчлик, омонлик бўлсин дейишган. Шунинг учун дуо қилганимизда ҳамиша тинчлик-хотиржамлик бўлишини Аллоҳдан сўраб келганмиз. Чунки тинчлик бўлмаса, кўнгилга ҳеч нарса сиғмаслигини катта ёшдаги одамлар жуда яхши билади.

Яратганга беадад шукрлар бўлсин, бугунги кунда телевизорда кўриб, эшитаётганимиз — бахтсизликлар, айниқса, сувсизлик, очарчилик каби синовлар биздан анча узоқда. Кечаси билан хавотирда ётмаймиз. Дарвозамиз очиқ қолиб кетса ҳам биров уйимизга бостириб кирмайди ва таҳдид қилмайди.

Бир пайтлар ёмғир, қор ёққанда лойга ботадиган чанг кўчаларимизга асфальт ётқизилди. Қишлоғимизнинг чекка жойларидаги уйларга ҳам тоза ичимлик сув келиб турибди. Аввалгидай фақат ўчоқда чой қайнатиб, овқат пишириш пайтлари аллақачон ўтиб кетди. Яшашимиз йилдан йилга яхшиланяпти. Хуллас, яна такрор айтамиз, тинчлик бўлса, одам қанча меҳнат қилса ҳам чарчамайди.

Шундай дақиқаларда ўтган ҳаётимизни эсласам, юрагим увушиб кетади. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: 1959 йил экан, онам бечора тандирга олов ёқиб, нон ёпиш учун тайёргарлик кўраётганида, пахта терими бошлангани сабаб бригадир ёниб турган ўчоққа сув сепиб, ўчириб кетган. Арзингизга ким қулоқ солади? Ҳеч ким! Нима эмиш, бригадир тепанинг топшириғини бажариши шарт, пахта мавсумида уй-рўзғор юмуши биринчи ўринда турмасмиш.

Яна бир нарса эсимга тушиб кетди. Ўқувчию талабалар пахта терими бошланиши билан пахтанинг қулига айланардик. Уларга қўшилиб ­ўқитувчию профессорларгача пахта теримига сафарбар этилиб, кунлик терим режаси сўраларди. Мактаб ўқувчиси ва талабалар далага пахта териш учун келдими, белгиланган режани бажариши, бажармаса штабга чақирилиб, албатта, жазосини олиши муқаррар эди. Овқат масаласи ҳам ўз ҳисобидан, тугунлик нон ва чойдан иборат бўлган. Яна туман марказига ишингиз тушса, йўлда орган ходимлари автобусдан тушириб, икки-уч кило бўлса ҳам пахта теришга мажбурлашига нима дейсиз? Арзингизни бир айтиб кўринг-чи, улар сизга қулоқ солишадими? Йўқ!

Собиқ иттифоқ даврида кечқурун колхоз идорасида йиғилиш бўлиб, пахта тераётган бригадаларга колхоздан биттадан вакил тақсимланиб жўнатиларди. Агар ўша вакил, бригадир режани бажармаса, “пахтанинг душмани” номини олиб, дашном эшитарди. Ҳатто ишдан олинарди. Биз, газета таҳририяти ходимлари ҳар шанба, якшанба кунлари бир жамоа бўлиб пахта терганмиз.

Ниҳоят Президентимизнинг сиёсий иродаси билан мажбурий меҳнат сингари иллатлар — 100 йиллик “пахта ­қуллиги” бутунлай бекор бўлди. ­Мактаб ўқувчиси ва олий ўқув юрти талабаси пахта майдонидан тўлиқ ўқишга қайтди. Одамлар қалбига ёруғлик кириб келди.

Шу ўринда яна бир бор лирик чекиниш қилсак. У пайтлари уйланадиган йигит, турмушга чиқадиган қизга никоҳдан ўтишига рухсат йўқ эди. Тўйлар эса бориб-бориб, қиш фаслига — январь, февраль ойларига тўғри келарди. Кечаси соат 12 да тўй бошланарди. Кундузи ишга халақит бермаслиги айтиларди. Ҳатто нафақа пулини икки-уч ойлаб ололмаган кунларимиз бўлган. Паспорт олиш учун ойлаб туман марказига қатнаганимиз ҳеч эсимдан чиқмайди. Бугун у кунларни эртакдай эслаймиз. Инсон қадри улуғлангани шу эмасми?

Ҳозир озгина интилган одам учун барча имкониятлар мавжуд. Мана, бозорларимиз тўкин. Айниқса, ун, нон сероблигига кўз тегмасин! Бир ҳовуч дон учун не азобларни кўрганимиз ёдимизда. Яратганга беадад шукр, тандирлар тўлиб нон ёпиляпти, миллий байрамларимиз ўз вақтида бўляпти, китобларни беркитиб ўқийдиган замонлар ўтиб кетди. Рўза тутасизми, диний арконларни бажарасизми, ҳеч кимнинг иши йўқ. Мадрасаларда таълим олаётган қори ўғил-қизларимиз заковати кўзимизни қувонтиради. Тўйларимизни айтмайсизми, пахта терими мавсумида ҳам тўйлар тўхтамайди, тўкин-сочинликда, ҳатто қишлоқларда ҳам замонавий тўйхоналарда ўтишининг ўзи бир бахт. Буларнинг барига шукр қилиб яшаб, бугунги ислоҳотларга биз, жамиятнинг фидойи инсонлари “лаббай” деб жавоб беришга тайёр туришимиз керак. Ана шундагина одамларнинг ҳалол меҳнати Ватан тараққиётига камарбаста бўлади ва юрт равнақи тезлашиб бораверади. Ватан шу йўсинда бунёд этилади.

Мардиқул СИДДИҚОВ,

фахрий журналист