Шу нуқтаи назардан, Кегейли туманида Хитой тажрибаси асосида Шинжон усулида пахта етиштириш бўйича амалга оширилган тажриба алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу тажриба сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, агротехник тадбирларни оптималлаштириш ва пахта ҳосилдорлигини кўпайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

50 гектар майдонда янги агротехнология синовдан ўтказилди

Жорий йилда Кегейли тумани "Ичанқалъа" овул фуқаролар йиғини ҳудудида хитойлик тадбиркорлар иштирокида 50 гектар майдонда Хитой технологияси асосида, Шинжон усулида пахта етиштирилди. Май ойида чигитлар томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиб, плёнка остига экилди. Айни пайтда бу майдонда пахта йиғим-терими давом этмоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, бу майдонда ҳар гектардан ўртача 72 центнер, яъни 7,2 тоннадан ҳосил олинаяпти. Ушбу кўрсаткич замонавий технологияларни маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш ва улардан самарали фойдаланиш истиқболларини ўрганиш учун муҳим тажриба ҳисобланади.

Шинжон усулининг асосий жиҳатларидан бири - экишдан бошлаб суғориш, озиқлантириш ва бошқа агротехник жараёнларни ўзаро уйғунлаштириш орқали ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдир. Бунда томчилатиб суғориш сувни тўғридан-тўғри ўсимликнинг илдиз зонасига етказиш имконини беради. Плёнка остида экиш эса тупроқ намлигини сақлаш, ёввойи ўтлар ривожланишини чеклаш ва экинларни парваришлашга кетадиган айрим харажатларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Сувни тежаш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш

Қорақалпоғистон шароитида пахта етиштириш жараёнида сув ресурслари билан бир қаторда меҳнат, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва техника харажатларидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Анъанавий усулда пахта етиштиришда ернинг шўрини ювиш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтларни йўқотиш ва бошқа агротехник тадбирлар учун катта миқдорда сув, меҳнат ва моддий ресурслар талаб этилади. Шинжон усулида эса қўлланилаётган технологик ечимлар бу харажатларнинг бир қисмини камайтириш имконини беради.

Хусусан, тажриба майдонида куз-қиш ойларида тупроқ шўрини ювиш учун сув сарфланмагани қайд этилмоқда. Минерал ўғитларни суғориш суви билан бирга ўсимликнинг илдиз зонасига етказиб бериш эса, озиқлантириш жараёнини самарали ташкил этишга ёрдам беради. Шунингдек, плёнка билан қопланган қаторларда ёввойи ўтларнинг камайиши ва қатор ораларини механизация воситалари ёрдамида қайта ишлашга бўлган эҳтиёжнинг қисқариши меҳнат ва техника харажатларини тежаш имконини яратади.

Ушбу ёндашувнинг иқтисодий самарадорлигини тўлиқ баҳолаш учун сарфланган сув миқдори, минерал ўғитлар ва ёқилғи харажатлари, ҳосилдорлик ва бир тонна пахта таннархини анъанавий усулдаги кўрсаткичлар билан қиёсий таҳлил қилиш зарур. Шундагина технологиянинг иқтисодий афзалликлари аниқ рақамлар билан асосланади.

Қорақалпоғистонда хорижий тажриба ва янги навлардан фойдаланиш кенгаймоқда

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фермер хўжаликлари томонидан жами 80 минг гектар майдонда пахта етиштириш ташкил этилган. Шундан 50 832 гектар майдонда 76x10 экиш схемаси қўлланилган. Шунингдек, 21 400 гектар майдонда Шинжон усулида пахта етиштириш йўлга қўйилган, 38 355 гектар майдонда эса хорижий селекцияга мансуб навлар экилган.

Бу кўрсаткичлар ҳудудда пахтачиликни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Бунда янги технологияларни фақат унумдорлик билан баҳолаш етарли эмас. Уларнинг сув сарфи, тупроқ унумдорлигига таъсири, ўсимликларни озиқлантириш самарадорлиги, техник хизмат кўрсатиш харажатлари ва умумий иқтисодий натижаларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Айниқса, шўрланиш даражаси турлича бўлган майдонларда технологиянинг натижалари алоҳида ўрганилиши керак.

Келгуси йил учун янги режалар

Кегейли туманида амалга оширилган тажриба келгуси йилда Шинжон усулида пахта етиштириш майдонларини кенгайтириш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Дастлабки режаларга кўра, хитойлик инвесторлар иштирокида туманда 3 минг гектар майдонда ушбу технология асосида пахта экиш кўзда тутилмоқда.

Ушбу режада шўр ювиш тадбирларисиз пахта етиштириш имкониятларини ўрганиш ҳам кўзда тутилган. Лекин бундай ёндашувни амалиётга кенг татбиқ этишда ҳар бир майдоннинг тупроқ шўрланиши, ерости сувлари сатҳи ва минерал таркиби, сув сифати ҳамда дренаж ҳолатини ҳисобга олиш зарур. Шўрланиш хавфи юқори бўлган ерларда шўр ювишдан бутунлай воз кечиш тупроқ ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис бу технологияни кенгайтириш илмий таклифлар ва тупроқ таҳлиллари асосида амалга оширилиши керак. 3 минг гектар майдонда режалаштирилаётган ишлар муваффақиятли ташкил этилса, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш ва пахтачиликда замонавий агротехник ечимларни кенгроқ қўллаш учун янги имкониятлар пайдо бўлади.

Илмий ёндашув ва иқтисодий самарадорлик - асосий мезон

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни таъминлаш нафақат юқори ҳосил олиш, балки ҳар бир гектар ер, ҳар бир куб метр сув ва сарфланган ҳар бир маблағдан оқилона фойдаланишни талаб этади.

Кегейли туманида Шинжон усулида пахта етиштириш бўйича олиб борилаётган тажриба ана шу мақсадларга хизмат қилади. Унинг натижаларини тизимли ўрганиш, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос жиҳатларини аниқлаш ва иқтисодий самарадорлигини ҳисоб-китоблар билан асослаш келгуси ишларнинг устувор йўналишларидан бўлиши керак.

Илмий асосланган ёндашув, илғор хорижий тажриба ва замонавий агротехнологияларни ўзаро уйғунлаштириш орқали Қорақалпоғистон Республикасида пахтачилик самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини тежаш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратилишига ишонамиз.

Маҳмуд МУХАНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари