Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда. 

Ушбу тарғибот лойиҳаси мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Хусусан, Пекиндаги йирик “Solana” савдо ва кўнгилочар марказида жойлашган катта 3D LED-экранда юртимиз туризм соҳасига бағишланган видеолавҳа намойиш қилинди.

Лавҳаларни томоша қилган пекинликлар ва хорижлик меҳмонлар мамлакатимизнинг туризм имкониятлари билан яқиндан танишиш, юртимиздаги тарихий шаҳарлар ҳақида бохабар бўлиш, миллий қадриятларимиз ҳақида маълумотга эга бўлиш имкониятига эга бўлди.

2008 йилда ишга туширилган “Solana” Пекин шаҳридаги йирик ва машҳур савдо ва кўнгилочар марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерга ҳар куни 100 мингдан зиёд хитойликлар ва хорижий меҳмонлар ташриф буюради.

Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти, гўзал маданияти ва урф-одатлари, тарихий обидалари ва замонавий тараққиётини ўзида акс эттирган бундай видеолавҳаларни Хитойнинг бошқа шаҳарларида ҳам намойиш этиш режалаштирилган.

Ли Шушен, “Beijing Yuanjingjie Media Co., LTD” компанияси директори:

– Авваламбор, Ўзбекистон халқини мустақиллик шодиёнаси билан қутлайман. Элчихона томонидан намойиш қилинган видеолавҳа кўпчиликка манзур бўлди. Бу ерга ташриф буюраётган минглаб хитойлик ва хорижий сайёҳлар мазкур видеолавҳа орқали юртингизнинг бетакрор шаҳарлари, маданий қадамжолари, сайёҳлик масканлари, Хитой фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз бориш имконияти ҳақида билиб олди.

Халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари абадий бўлсин. Юртингизнинг гўзал табиати, тарихий обидалари, бетакрор миллий таомлари ва замонавий ривожланишини кўриш мақсадида хитойлик сайёҳлар оқимининг ошиб боришига ишонаман. Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман. Юртингиз янада тараққий этиши, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб боришини истайман.

Ван Минсин, маҳаллий фуқаро:

– Бугун биз дўстларимиз билан “Solana” савдо марказига хордиқ чиқариш учун келдик. Бу ердаги катта экранда намойиш этилаётган Ўзбекистон ҳақидаги видеолавҳани томоша қилиб, мамлакатингизнинг гўзаллигига амин бўлдик. Менда Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги пайдо бўлди ва албатта, бориб, бу гўзалликни ўз кўзларим билан кўришни хоҳлайман.Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар кўп минг йиллик тарихга эга эканини биламан. Ўзбек халқи жуда меҳмондўст ва сахий. Менинг кўплаб дўстларим Ўзбекистонда бўлишган. Миллий таомларингиз жуда мазали ва хилма-хил. Хитойлик сайёҳлар учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз ва эркин саёҳат қилиш имкониятининг яратилгани жуда қувонарли. Ўзбекистон халқини мустақиллик куни билан чин дилдан табриклайман. Байрамни Хитойда сизлар билан бирга нишонлаётганимдан жуда хурсандман.