Бу йилги форумда дунёнинг 100 та давлатидан 4 мингга яқин хорижий меҳмонлар қатнашмоқда.

“Сизларнинг иштирокингиз халқаро миқёсда Янги Ўзбекистон тараққиётига бўлган ишонч тобора ортиб бораётганининг яна бир ифодасидир.

Форум доирасида биргаликдаги ҳаракатларимиз катта марраларга эришиш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда юртимизга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, шундан 123 миллиард доллари охирги беш йилга тўғри келмоқда.

Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган, тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали шерикликка тайёр инвесторлар учун доимо очиқмиз”,

– деди Президентимиз.

Фурсатдан фойдаланиб, тадбирда иштирок этаётган Албания Президенти Байрам Бегай, Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Беларус Бош вазири Александр Турчин, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзодага, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Янги тараққиёт банки, шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Европа инвестиция банки ҳамда хорижий банклар, компания ва ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирилди.