Юртимизда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ва аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини яратиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Бу борада 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили Давлат дастури маҳаллаларни замонавий асосда ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Боғимайдон маҳалласи бугун ана шундай янгиланишлар натижасида мутлақо янгича қиёфа касб этган. 1987 йилда ташкил этилган ушбу маҳаллада ҳозир 41 та кўп қаватли уй, 1 минг 990 та хонадон мавжуд бўлиб, қарийб 5,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудудда аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилган. Хусусан, бу ерда 20 та болалар ўйингоҳи, 11 та воркаут майдончаси, 3 та мини-футбол майдони ва теннис корти ташкил этилган. 2 та мактабгача таълим ташкилоти қарийб 500 нафар болани қамраб олган.
Маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бугун бу ерда 70 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Бу эса ишсизликни қисқартириш ва оилалар даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, маҳалладаги 1 минг 48 нафар ёшдан 949 нафарининг бандлиги таъминланган.
Ҳудудда яшилликни асраш ва кўпайтиришга ҳам эътибор кучайтирилган. Шу мақсадда 2022 йилда экобоғ ташкил этилган. Қарийб 4,5 минг туп дарахтга эга ушбу боғ бугун кексаю ёш учун севимли дам олиш масканига айланган. Шунингдек, маҳаллада ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган “Нуронийлар маскани” ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бугун турар жойлар кириш қисмлари кузатув камералари ва қўриқлаш пультлари билан жиҳозланган. Ҳудудга кириб-чиқувчи шахслар ва автотранспорт воситалари замонавий технологиялар асосида назорат қилиб борилмоқда.
Президентимиз аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари билан мулоқот қилди. Обод ва файзли маҳалла жамият таянчи эканини таъкидлаб, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш доимо устувор вазифа бўлиб қолишини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада ташкил этилган сумалак сайлида иштирок этиб, маҳалла аҳли ва болажонлар билан суҳбатлашди. Шунингдек, спорт майдончасида машғулот олиб бораётган ёшлар билан учрашиб, жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзининг баркамол шахс бўлиб вояга етишдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.