Маҳаллий ОАВлар адвокат Шердор Абдиқапаров маълумотига таяниб, Қирғизистонда бир қатор собиқ амалдорларга нисбатан жиноий иш доирасида айбловлар илгари сурилганини хабар қилди.
Маълум қилинишича, иш доирасида собиқ депутат Курманқул Зулушев ва Жогорку Кенешнинг собиқ раиси Нурланбек Тургунбек уулу ҳам айбланувчилар қаторида. Уларга оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ва давлат тўнтаришига уриниш каби оғир жиноятлар юзасидан айб қўйилгани айтилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар манбаларига кўра, гумонланувчилар Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тергов бош бошқармасида бир неча соат давомида сўроқ қилинган ва кейинчалик қўйиб юборилган.
Шу билан бирга, Камчибек Ташиэв унга қарши жиноий иш очилганини тасдиқлаб, аҳолини намойишлар ўтказмасликка чақирди.
“Агар кимдир айбдор бўлса, у жазога тортилади, айбсиз бўлса оқланади. Мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан адолатли суд тизимини яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Масалан, Кампиробод иши бўйича 25 нафар айбланувчи оқланган. Барчангиздан қонун доирасида ҳаракат қилишингизни сўрайман. Мени қўллаб-қувватлаш учун ҳеч нарса қилиш шарт эмас”, деди у.
Тергов тафсилотлари ҳозирча очиқланмаяпти. Бироқ иш «75 мактуб» номи билан маълум мурожаат билан боғлиқ экани айтилмоқда. Ушбу мурожаатда 75 нафар фуқаро Садйр Жапаров ва парламент раҳбариятига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш таклифини билдирган.
Эслатиб ўтиш жоиз, 10 февраль куни Камчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилган эди. Кейинчалик у мамлакатга қайтиб, президент билан учрашган ва давлат хизматида ишламаслиги маълум қилинган.
Ҳозирда мазкур лавозимни Жумгалбек Шабданбеков эгаллаб келмоқда.