Хитой давлатидан пойтахтдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилган тиббий жиҳозларнинг фактура қиймати ҳужжатларга кўра 5,4 минг АҚШ доллари, нетто вазни эса 132,5 кг деб кўрсатилган. Аслида эса бошқача бўлиб чиқди.
Хусусан, божхона ходимлари томонидан ушбу юклар божхона кўригидан ўтказилганида ҳужжатларда товарлар ҳақида тақдим этилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди. Яъни, декларацияда жами 5 400 дона деб кўрсатилган стоматологик буюмлар аслида 82 500 дона эканлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, юклар орасида ҳужжатларда умуман қайд этилмаган қўшимча равишда 30 та комплект стоматологик жиҳозлар мавжудлиги ҳам аниқланди.
Ашёвий далил сифатида олинган тиббий жиҳозларнинг дастлабки қиймати 1 млрд. 40 млн. сўмни ташкил қилди ва ҳолат юзасидан ҳозирда текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.