Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига мурожаат йўллади.

Мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.

Президент ўз мурожаатида наркожиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, трансмиллий нарко-жиноятларга қарши курашишда иштирокчи давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотлар базаларини бирлаштирадиган, сунъий интеллект асосида ишловчи ягона рақамли платформани ишга тушириш таклиф этилди.

Қайд этилишича, нарко-бизнес нафақат гиёҳванд моддалар айланмаси, балки миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирувчи манба ҳисобланади. Бугун жиноий маблағларни ювишнинг катта қисми рақамли активлар ва офшор ҳудудлар орқали амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан, крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, офшор юрисдикциялар билан мажбурий маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда «номаълум манба» маблағларини автоматик блоклаш механизмларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ноқонуний маблағлар ҳаракатини дунё бўйлаб автоматик аниқлайдиган ва уларни қабул қилган молиявий ташкилотларни хавф тоифасига киритадиган «халқаро рақамли қора код» тизимини яратиш таклиф қилинди.

Президент синтетик наркотиклар тури ортиб бораётганини қайд этиб, бу борада доимий мулоқот майдонини шакллантириш, замонавий даволаш методика ва стандартларини биргаликда ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, гиёҳвандликка чалинганларни реабилитация қилиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Марказий Осиё наркологлар ассоциациясини ташкил этиш, унинг бош офисини Самарқанд шаҳрида жойлаштириш таклиф этилди.

Мурожаатда яна бир муҳим масала — айрим ҳудудларда наркотик етиштириш ва тарқатиш иқтисодий имкониятлар чеклангани, иш ўринлари етишмаслиги ҳамда ижтимоий тенгсизлик оқибатида сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Шу боис, нарко-трафик хавфи юқори бўлган ҳудудлар учун «махсус ривожланиш дастури»ни ишлаб чиқиш, инвестицияларни жалб этиш, инфратузилмани яхшилаш, таълим ва тиббиётни ривожлантириш орқали аҳолининг жиноий иқтисодиётга қарамлигини камайтириш бўйича комплекс чоралар кўриш таклиф қилинди.

Таъкидланишича, бундай дастур фақат ёрдам эмас, балки халқаро ҳамжамиятнинг умумий масъулияти сифатида қаралиши лозим.

Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Интерпол, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Жаҳон божхона ташкилоти ҳамда бошқа 20 дан ортиқ нуфузли халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этади.