Янги лойиҳага кўра, спорт зали, ошхона ва устахона ертўлада жойлашади, юқори қаватлардан эса синф хоналари сифатида фойдаланилади. Бу йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу ёндашувни жорий этиб, “пойтахт тажрибаси”ни яратиш топширилди.

Пойтахтда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шундан 3 таси Сергелида – Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади.

Ушбу кўлларни пойтахт иқлимини мўътадил сақлашга, одамлар пиёда сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришига хизмат қиладиган масканларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, “Жўн” каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километр қисмини бетонлаштириш бошлангани қайд этилди.

Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг ҳокимларига йил якунигача канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлагини ташкил этиш топширилди. Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтган 16 километрида ўзанни мустаҳкамлаш ишлари бошланиб, қўшимча 300 гектарда “яшил белбоғ”, сайилгоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилади.