Франциялик журналист Дидье Лабушнинг Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси минбарида айтган бу сўзлари сафаримизга ўзига хос якун ясади. Аммо бу самимий эътирофгача бўлган йўлда биз Франция ва Австриянинг медиа муҳити, журналистика таълими, ахборот агентликлари ҳамда газета тарқатиш тизими билан танишдик. Кўрдик, тингладик, таққосладик. Айрим тажрибаларга ҳавас қилдик, баъзилари ҳақида эса жиддий ўйланиб қолдик.

Сафаримизга “Олтин қалам” миллий мукофоти сабаб бўлди. Мана йигирма йилдирки, ушбу мукофот мамлакатимизда журналистик меҳнатга бериладиган энг нуфузли эътирофлардан бири бўлиб келмоқда. Ҳар йили Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида йил давомида яратилган энг муносиб ижодий ишлар сараланади, муаллифлар тақдирланади. Сўнгги йилларда мукофот миқдори билан бир қаторда нуфузи ҳам ошди.

Қолаверса, миллий мукофот хорижда ижод қилаётган ҳамкасбларимиз  эътиборига тушди. Чунки Ўзбекистон ҳақида чет эл нашрлари, теле ва радиоканалларида эълон қилинаётган холис, таҳлилий ва салмоқли материаллар муаллифлари ҳам танлов ҳайъати эътиборида бўлиб келмоқда.

2026 йилда “Ўзбекистон ҳақида хорижий ОАВда ёритилган энг яхши материал учун” номинациясида тақдирланган журналистлардан бири Франциядаги “Georama” нашриёти асосчиси Дидье Лабуш бўлди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси мукофотни ўз эгасига топшириш, шу баҳона француз ва австриялик медиа вакиллари билан мулоқот қилиш ҳамда келгуси ижодий ҳамкорлик учун алоқалар ўрнатиш мақсадида Франция ва Австрияда бўлди. Биринчи манзилимиз Париж эди.

Бизни мафтун этган Лувр

Франция — Европанинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида ўз ўрнига эга давлат. У Европа Иттифоқи ва НАТОнинг етакчи ­аъзоларидан бири, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси.

2025 йилнинг 12 майида Франция Президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни 1802 йилда Наполеон Бонапарт томонидан таъсис этилган “Фахрий легион” ордени билан тақдирлаган эди. Дунёнинг энг таниқли давлат ва жамоат арбобларига топшириб келинадиган ушбу юксак мукофот икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги даражасини ҳам ифодалайди, албатта.

Франция билан танишувимиз унинг маданий тимсолларидан бири — Луврдан бошланди. Лувр ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Аммо у ҳақда эшитиш бошқа, асрлар нафаси сақланган залларга қадам қўйиш бутунлай бошқа ҳиссиёт бахш этар экан. Сарой тарихи XII аср охирида қирол Филипп II Август даврида Парижни ҳимоя қилиш учун барпо этилган қалъадан бошланади. Асрлар давомида у ўзгарди, кенгайди, қироллик қароргоҳи, кейин эса инсоният яратган бебаҳо осори атиқалар жамланган музейга айланди.

2023 йилда музей сифатида очилганига 230 йил тўлган бу даргоҳнинг салобати фақат коллекциялари кўплиги билангина ўлчанмайди. Унинг энг катта қудрати ўтмишни бугун билан боғлай олганида.

Музей галереялари 75 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайди. Уларда инсониятнинг энг қадимги даврларидан бошлаб яратилган минглаб асарлар жамланган.

Музейнинг ўзи ҳам алоҳида санъат асари. Заллар деворларида Юнон, Рим ва Миср тарихига оид безаклар асл ҳолича сақланган. Музейга қадам қўйдингизми, бас, у сизни қаерданлигингиз, миллатингизу жинсингиз, ёшингиз нечада эканидан қатъи назар, ўзига мафтун этади, унга ошно бўлмай иложингиз йўқ.

Экспонатларга тикилганингиз сари тарих сизни ўз гирдобига тортиб кетади. Одамзоднинг буюклиги фақат осмонўпар бинолар ёки замонавий технологияларда эмаслигини чуқурроқ англайсиз.

Лувр хотирамда инсоният кечмишининг тилсиз, аммо ғоят таъсирчан солномаси ўлароқ муҳрланди. У ерда маъноси, юки енгил бирор экспонат йўқ — ҳар бирининг ортида давр тафаккури, изланишлари, қудрати ва тақдири мужассам. Бу улкан даргоҳда кўрганларингизни бир миллат ёки мамлакат миқёси билан ҳам ўлчаб бўлмайди. Унинг залларида одамзод нималарга қодирлигини, бу бебаҳо мерос ортида қанчалар теран тафаккур, юксак маданият ва улкан яратувчанлик мужассам эканини қалбан ҳис этасиз.

Биз бу улкан мажмуани уч-тўрт соат айландик, холос. Кўрганларимизни англашга, билганларимизни эслашга уриндик. Албатта, бу ерда бўлганимизни тасдиқловчи суратларга ҳам тушдик. Тан оламан, Лувр мени бутунлай ром этди...

Лувр залларида юрар эканман, хаёлимга Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази қайта-қайта келаверди. Яқинда хорижда яшайдиган ватандошимиз, таниқли журналист Сарвар Усмон билан ушбу мажмуани айланиб чиққан эдик. Мен у ерга ҳар кирганимда ўзим учун янги бир маъно, янги бир кашфиёт топаман.

Дунёнинг турли бурчакларида сочилиб ётган тарихий меросимизни излаб топиш, юртимизга олиб келиш ва замонавий музейчилик талаблари асосида яхлит тизимга жойлаш осон иш эмас. Бу улуғ ғояни илгари сурган давлатимиз раҳбарига ва уни амалга оширишга ҳисса қўшган барча инсонларга ҳурматим чексиз.

Лувр Франциянинг жаҳон тарихидаги ўрнини кўрсатса, Ислом цивилизацияси маркази инсоният тамаддунида бизнинг ҳам беқиёс ҳиссамиз борлигини намоён этади.

Эйфель минорасидан Парижга қуш парвози баландлигидан қараганда ҳам шу фикр хаёлимдан ўтди. Тарих ва бугунги кун бир-бирига уйғунлашган мегаполиснинг сирли, виқорли ва айни пайтда сокин қиёфасига узоқ тикилиб, одамзоднинг яратувчанлик салоҳиятига таҳсин айтмай илож йўқ.

Аммо сафаримизнинг асосий мақсади Париж манзараларини томоша қилишгина эмас эди. Бизни Франция ва Австрия медиасининг иш тартиби, журналистика таълими ва ўқувчи билан муносабат тажрибаси қизиқтирарди.

Французлардан нималарни ўрганамиз?

Шошилманг. Хорижга борган одам кўпинча “биз ҳам шундай қилишимиз керак” деган хулосага жуда тез келади. Менимча, бу анча баҳсли масала. Дунёда ҳар қандай миллат, халқ айричадир ва унинг ўзлиги ҳам ўзигагина мос бўлади. Демак, ҳамма ҳам турли соҳаларда эришилган тажрибалар, кўп йиллик ишлаш, у ёки бу борадаги фаолиятни таҳлил қилишга, улардан самаралисини олиб, фойдасизларидан воз кечишга ҳақли деб ўйлайман. Бир мамлакатда самара берган усулни бошқасига тайёр қолип сифатида кўчириш ҳар доим ҳам кутилган натижага олиб келавермайди. Тажрибани ўрганиш керак, албатта. Аммо унинг моҳиятини англаб, шароитимизга мосини олиш, фойдасизини эса четда қолдириш лозим.

Заминимиз шу пайтга қадар икки буюк Уйғониш даврига бешик бўлиб, дунё илм-фани ва тафаккурига сабоқ берган улуғ тарихга эга. Бугун Президентимиз илгари сурган Учинчи Ренессанс ғояси ана шу буюк анъананинг давоми сифатида бўй кўрсатяпти. Унинг дастлабки куртаклари ҳаётимизнинг турли жабҳаларидаёқ сезила бошлади. Демак, ўзгаларнинг ютуқларига ҳавас билан қарар эканмиз, ўз тарихимиз ва салоҳиятимизни ҳам унутмай, қаддимизни тик тутишга ўрганайлик!

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тиғиз иш дастури тузилди. Ҳар бир учрашувдан нимадир олишга, бизнинг шароитимизда фойда бериши мумкин бўлган жиҳатларни топишга интилдик.

Дастлаб Париж — Пантеон — Ассас университети ҳузуридаги Франция матбуот институтига бордик. Бу даргоҳда ­журналистика ва медиа соҳаси учун кадрлар тайёрланади.

Оммавий ахборот воситалари тарихи, сиёсий коммуникация ва журналистика соҳаси мутахассиси, профессор Фабрис д’Алмейда катта завқ билан таълим жараёни, талабалар учун яратилган имкониятлар, ўқиш ва амалиёт уйғунлиги ҳақида сўзлаб берди. Кейин университетнинг медиа маркази билан таништирди.

Бу ерда талабалар анча эркин муҳитда таҳсил олар экан. Уларнинг кийиниши ёки ўзини тутишига ортиқча аралашилмайди. Университетнинг деярли ҳар бир бурчагида китоб ўқиш, фикр алмашиш ва гуруҳ бўлиб ишлаш учун жой бор. Кимдир зинада ўтириб дарс қиляпти, бошқаси китоб ўқияпти. Мўъжаз кутубхона эса талабалар билан тўла. Бу ерда сокинлик ҳукмрон. Биз оёқ учида кирдик ва шу тахлит уни тарк этдик. Асосий масала ўқиш экани кўриниб турибди. Очиғи, ҳавас қилдик.

Журналистлик одатим тутиб, уларни ўзимиз билан таққослай бошладим. ЎзЖОКУ кутубхонасида ҳам мутолаа учун шароит бор, аммо китоб ўқиётган ёшлар ҳар доим ҳам бу ердагидек кўп бўлавермайди...

Аммо уларнинг студияси бизникидек муҳташам эмас. Бу жиҳатдан биз олдиндамиз. Умуман, биз ҳашамат, безак ва кўз-кўз қилишни яхши кўрамиз. “Евротаъмир”, “евроуслуб” деганда ҳам кўпинча қимматбаҳо безакларни тушунамиз. Аслида, европаликлар услубида ҳашаматдан кўра ҳар бир деталга эътибор, ҳар бир қарич жойдан унумли фойдаланиш, оддийлик ва ихчамлик устун туради. Институт студиясини зарурат туғилса, ярим соатда бошқа хонага кўчириш мумкин. Барча жиҳозлар ҳаракатчан ва ­қулай.

Профессорга “Институтни битирган мутахассис аниқ иш топа оладими? Битирувчиларнинг қанча қисми ўз соҳасида ишлаяпти?” деган саволларни бердим.

Ана шу муҳим саволларимга аниқ рақамлар ололмадим. Аслида, журналистика шундай касбки, факультетни тугатганлик ҳақидаги диплом олган одам журналист бўлди дегани эмас. Ҳамма гап диплом эгасининг касбга қанчалик лаёқатли эканида. Журналист билимни амалиётда қўллагани, излангани, ёзгани ва хато қилиб бўлса-да, ўргангани сайин шаклланади. ЎзМУ журналистика факультетини мен билан бирга тугатган 65 курсдошимизнинг деярли ярми бугун соҳада ишламайди. Жамиятда журналистларга талаб қанча, соҳа истиқболли касблар қаторида қоляптими деган саволлар жуда кўп.

Шунинг учун таълимда амалиётни кучайтириш ҳамма учун долзарб. Фабрис д’Алмейда талабалар амалиёти қандай ташкил этилишини батафсил тушунтириб берди. Бу ерда талаба вақтини бекор ўтказмайди. ­Замонавий медиа муҳитида пайдо бўлаётган янги касб ва йўналишлар ҳам таълим дастуридан четда қолмайди. Шаҳардаги медиа ташкилотлари институт фаолиятини кузатиб боради, қобилиятли талабаларга эса ўқиш давридаёқ эътибор қаратади.

Профессорнинг бир гапи бизга жуда таниш эшитилди. У журналистиканинг нони қаттиқ, меҳнати машаққатли, аммо меваси ширин эканини тушунадиган ёшларни соҳага кўпроқ жалб этишни исташини айтди.

Фабрис д’Алмейда билан мулоқот самимий ўтди. Айрим масалаларда қарашларимиз ҳамоҳанг экани ҳам сезилди.

Франс-Пресс ва журналистика қоидалари

Дастуримиздан дунёдаги энг йирик ахборот агентликларидан бири — Agence France-Presse билан танишув ҳам ўрин олган эди. Франс-Пресс — Франциянинг ўзига хос ташриф қоғозларидан бири.

AFP, Associated Press ва Reuters жаҳондаги энг йирик учта ахборот агентлиги қаторида туради. Бу ерда 1840 журналист агентликнинг дунё бўйлаб тўрт мингга яқин мижози учун туну кун ахборот тайёрлайди. Улар орасида таҳририятлар, телеканаллар, ахборот агентликлари, рақамли платформалар ва турли ташкилотлар бор. BBC ва Al Jazeera каби улкан аудиторияга эга компаниялар ҳам AFP материалларидан фойдаланади. Материаллар олти тилда тарқатилади.

Агентликнинг ҳуқуқий мақоми 1957 йилда Франция қонунчилиги билан мустаҳкамланган. AFPнинг акциядорлари йўқ. Таҳририй фаолиятда ахборотнинг аниқлиги, холислиги, тўлақонлилиги ва тезкорлиги асосий мезон ҳисобланади.

Агентлик даромадининг асосий қисми мижозлар обунасидан шаклланади. Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга вазифаларни бажаргани учун давлатдан компенсация олади. Бироқ давлат маблағининг жалб этилиши таҳририят ҳукуматга бўйсунишини асло англатмайди.

AFP халқаро янгиликлар, мультимедиа маҳсулотлари, фактларни текшириш ва профессионал ўқувлар йўналишида фаолият юритади.

Мулоқот аввалида мезбонлар Ўзбекистон ҳақида сўради. Агентликнинг Ўзбекистондаги муайян сабабларга кўра фаолияти тўхтаган ваколатхонасини қайта тиклаш масаласи ҳам кўтарилди. Элчихона ва уюшма вакиллари бу масалани тегишли идоралар билан муҳокама қилиш ва ечим топиш бўйича фикрлашиб олдилар.

Биз AFP мутасаддилари билан бугунги ахборот муҳитида холис, ҳаққоний ва текширилган маълумот тарқатишнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик. Агентлик ахборотни мижозларга тақдим этади. Ундан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни эса ҳар бир таҳририятнинг ўзи ҳал қилади. Аммо ўша ахборотнинг тўғри ва текширилгани ҳисобига мазкур агентликнинг мижозлари кўпайса кўпаймоқдаки, камаяётгани йўқ.  

Ахборотни текшириш жараёнида замонавий технологиялар, жумладан, генератив сунъий интеллект имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. Бу йўналишда Google билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аммо текширув биргина технологик восита ёки битта манба билан чекланмайди. Маълумот бошқа агентликлар хабарлари, очиқ манбалар ва воқеа жойидаги мухбирлардан олинган далиллар билан таққосланади. AFP глобал тармоғи орқали маълумотни бевосита воқеа жойидан олиш имконига эга.

Мулоқотда ўзбекистонлик медиа вакилларининг Францияда, бевосита AFP таҳририятида тажриба орттириш имкониятлари ҳақида ҳам фикр алмашилди. Агентликнинг Ўзбекистонда ўз мижозлари ва доимий фаолияти бўлиши мамлакатимиз ҳақида жаҳонга тарқалаётган ахборотларнинг ҳаққонийлигини таъминлашга ёрдам беради.

AFPнинг Европа йўналиши бош муҳаррири Жером Картилье ва унинг ҳамкасблари билан суҳбатдан кейин бир нарсага яна бир бор амин бўлдик. Ахборот тарқатиш воситалари қанчалик ўзгармасин, журналистиканинг олтин қоидалари эскирмайди.

“Kronen Zeitung”ни 6,6 фоиз австриялик ўқийди

Венадаги дастуримиз Австрия медиа академияси билан танишувдан бошланди. Қарийб қирқ йиллик тарихга эга академия журналист ва медиа ходимлари малакасини ошириш, уларга замонавий билим ва кўникмалар бериш билан шуғулланади.

Муассаса Германия, Швейцария, Украина ва бошқа Европа давлатларидаги медиа ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Академия ижрочи директори Николаус Коллер глобал ахборот маконидаги манипуляциялар, асоссиз хабарлар кўпайиши ва фактчекинг масалалари ҳақида сўзлади.

Унинг айтишича, Австрия парламентига ахборотни ким тарқатишидан қатъи назар, чалғитувчи ва ёлғон маълумотлар учун жавобгарлик белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси киритилган.

Зеро, битта ёлғон хабар йирик ахборот воситасининг йиллар давомида орттирган обрўсини бир кунда йўққа чиқариши мумкин.

Николаус Коллер академия асосан профессионал журналистлар билан ишлашини таъкидлади. Унинг фикрича, журналист ва блогер бир-бирини тўлдириши мумкин, аммо уларга бир хил таъриф бериб бўлмайди.

Сўз ва фикр эркинлиги ҳақида ҳар қанча бонг урмайлик, унинг асосий мезони инсон шаъни ва дахлсизлиги экани, қолаверса, қайсидир томоннинг буюртмаси ёки манфаати учун ёлғон, асоссиз хабарларни оммага тарқатиш борасидаги мукаммал тартибларга эҳтиёж борлигидан кўз юмиб бўлмайди.  

Кейин Австрия газеталар уюшмасига бордик. Очиғи, ташкилот фаолиятидан ҳам кўра, даврий нашрларнинг муштарак манфаатлар йўлида биргаликда ишлаши менга кўпроқ маъқул бўлди.

Ушбу тажрибани “Kronen Zeitung” газетаси мисолида кўриш мумкин. Нашр 600 минг нусхада чоп этилади. Таҳририятда 1200 ходим, жумладан, 250 журналист ишлайди. Газета Австриянинг тўққизта федерал ерида тарқатилади. Нашр босмахонадан чиққач, олти соат ичида обуначига етказилиши шарт. Энг узоқ етказиб бериш масофаси 900 километрга яқин. Шу сабаб газета мамлакатнинг турли ҳудудларидаги босмахоналарда бир вақтда чоп этилади.

“Mediaprint” ташкилоти нашрларни чоп этиш ва тарқатиш билан шуғулланади. Унинг тасарруфида мопедлардан тортиб, катта юк автомобилларигача бор. Газета тарқатиш жараёнига туну кун ўн мингга яқин киши жалб этилади.

Уюшмага аъзо нашрларнинг асосий тиражи обуна ҳисобига шаклланади. “Kronen Zeitung” нусхаларининг 85 фоизи обуначиларга етказилади. Аҳолиси ўн миллионга етмайдиган мамлакатда ҳар ўн беш австрияликдан биттаси мана шу газетани мунтазам ўқийди. Бундай нашрлар сони эса анчагина. Газетанинг бир донаси 2,52 евро туради.

Бу рақамлар бизни таққослашга, Ўзбекистондаги даврий нашрлар ривожи кўп жиҳатдан ўзимизга ҳам боғлиқ эканини англашга ундайди.

Биринчидан, биз кўп йиллар давомида газетани ўқувчига ўз вақтида етказиб бериш масаласини эътибордан четда қолдирдик. Афсуски, бу муаммони ҳали ҳам тўлиқ ҳал қилганимиз йўқ. Оила бюджетидан маблағ ажратиб обуна бўлган инсон газетани вақтида олмаса, кейинги йили яна обуна бўлишни истайдими? Албатта, йўқ.

Иккинчидан, нашрларни ҳудудлардаги босмахоналарда чоп этиш тажрибасидан кенгроқ фойдаланиш мумкин. Масалан, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари Тошкент, Самарқанд ва Марғилон шаҳарларидаги босмахоналарда чоп этилмоқда. Шу туфайли нашрларни асосий ҳудудларга ўша куннинг ўзида етказиш имкони пайдо бўлди.

Учинчидан, обуна ва тарқатиш борасида ҳали ҳам совет давридан қолган иш усулларига таянаётган жойларимиз бор. Газетани чоп этишдан кейинги барча ишни почта ёки матбуот тарқатувчи идораларга топшириб қўйиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Ҳозирги почта бўлинмаларининг моддий-техник базаси ҳатто саноқли нашрларни ўз вақтида етказиш учун ҳам етарли эмас. Етказиб бериш нархини кескин ошириш эса ўқувчи ва таҳририят зиммасига яна бир юк бўлиб тушади.

Бу масалада бир неча бор таклифлар билдирилди. Таҳририятлар келишиб, ягона йирик тарқатиш тизимини ташкил этса, харажатлар камайиши, етказиб берувчи ташкилотнинг моддий-техник базаси эса мустаҳкамланиши мумкин. Энг муҳими, ўқувчининг ишончи қайтади.

Яна бир камчилигимиз бор. Биз ўқувчи билан алоқани унутиб қўйдик. Ҳақиқий газетхонлар ҳали ҳам кўп. Улар минглаб топилади. Лекин улар бизни танимайди, биз эса уларни...

Бугун интернет имкониятлари катта. Ҳар бир таҳририят ўқувчилар фикрини мунтазам ўрганадиган бот ёки бошқа рақамли мулоқот майдонини яратиши мумкин. Газетанинг мазмуни, етказиб бериш сифати, ўқувчини қизиқтираётган мавзулар ҳақида бевосита муштарийнинг ўзидан сўраш керак.

Қолаверса, бугун ўқувчимиз фақат қоғоз газета муштарийсидан иборат эмас. У бизни телефонда, ижтимоий тармоқда, сайт ва ­видеоплатформаларда ҳам кузатяпти. Хуллас, қайси шаклда бўлмасин, ўқувчи фикрини билиш ва унга қулоқ тутиш зарур.

Одамлар асосий янгиликларни телефондан олаётгани рост. Бироқ газета жамиятдаги энг саводли ахборот мактабларидан бири бўлиб қолмоқда. Газета ўқиш фақат хабар олиш эмас, тилни ҳис қилиш, фикрни тартибга солиш ва саводни оширишга ҳам хизмат қилади.

Баъзан телеканаллардаги оддий титрларда ҳам ғиж-ғиж хатоларни кўрамиз. Шунда додингни кимга айтишни билмай қоласан киши.

Австрия газетасининг нархи 2,52 евро эканини айтдим. Бизнинг пулда ўттиз минг сўм атрофида бўлади. Шошилманг, мен ҳам Австриядаги иш ҳақлари миқдоридан хабарим бор. Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, “Kronen Zeitung” таҳририятида ўртача ойлик маош 3800 евро атрофида. Журналистларнинг йиллик даромади эса ўртача 91 минг еврога етиши мумкин.

Бу рақамлар интернет инфратузилмаси ва рақамли медиа анча ривожланган, аҳолиси Ўзбекистондан бир неча баробар кам мамлакатдаги газетхонлик манзарасини кўрсатади. Дарвоқе, биргина Австрия газеталар уюшмасига ўнлаб худди шундай газеталар аъзо эканини айтиб ўтай. Демак, мамлакатда ҳар куни миллионлаб нусхада газета чоп этилади, уларнинг таҳририятларида минглаб инсон ишлайди ва ижод ­қилади.

Яна бир жиҳатни айтиш эсдан чиқаёзибди. Австрия реклама бозорида газеталарнинг улуши жуда катта экан, қойилмисиз? Бизга тақдим этилган рақамларга кўра, умумий реклама маблағларининг 31,2 фоизи газеталар ҳиссасига тўғри келади. Телеканаллар улуши эса 26,2 фоизни ташкил этади. Энди айтинг-чи, газеталар даври тугадими? Албатта, йўқ!

Ян Браату: “Идеал давлат йўқ…”

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Браату билан ўтган мароқли суҳбатни ҳам узоқ вақт унутмасам керак.

— ЕХҲТга аъзо 57 давлатнинг ҳар бирида ўзига яраша муаммо бор. Идеал мамлакат йўқ, — деди у суҳбат давомида.

Бу фикрда катта ҳақиқат бор. Чунки сўз эркинлиги бир марта эришиб, кейин хотиржам яшайдиган манзил эмас. У доимий ҳаракат, жамоатчилик назорати ва касбий масъулиятни талаб қиладиган жараён.

Ян Браату 2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. У юртимизда матбуот ва сўз эркинлиги соҳасида кечаётган жараёнларни кузатган, журналистлар ҳамда соҳа вакиллари билан учрашган.

Бизни Венадаги қароргоҳида қабул қилар экан, у Ўзбекистон сафари ҳақида ҳам тўхталди.

— Мен жараёнлар тез ва осон кечмаганини кўрдим. Умумий тушунчаларимиз бир-бирига яқин ва бундан хурсандман, — деди у.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов Ян Браатудан уюшма томонидан ЕХҲТга тақдим этилган Этика кодекси лойиҳаси ҳақидаги фикрини сўради. Вакил ҳужжат яхши таассурот қолдирганини, унда илгари сурилган таклифларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Сафаримизнинг асосий сабаби бўлган тантанали маросим Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида ўтказилди. “Ўзбекистон ҳақида хорижий ОАВда ёритилган энг яхши материал учун” номинациясида иккинчи ўринга муносиб топилган Дидье Лабушга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди.

Шу ерда ижод қилаётган хорижлик ҳамкасбларимизнинг янги Ўзбекистон ҳақидаги фикрларини эшитиб, қалбимизда ғурур уйғонганини яширмайман. “Euronews” телеканалининг Ўзбекистондаги мухбири бўлиб ишлаган Татьяна Полонская ҳам юртимиз ҳақида шундай илиқ гаплар айтдики, халқимиз таъбири билан айтганда, оғзидан бол томди.

Ҳар икки ижодкорга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолиги гувоҳномалари ҳам топширилди. Уларнинг юзидаги қувонч барчамизга юқди. Минбарга чиққан Дидье Лабуш эса сўзини кутилмаган бир жумла билан бошлади.

— Сизни Президентингиз билан табриклашга ижозат бергайсиз...

Тўғриси, хорижлик журналистнинг бу гапида хушомаддан асар ҳам йўқ, янги Ўзбекистонимизда кечаётган ўзгаришларга берилган холис баҳо эди, назаримда. Бундай самимий эътироф кишини қувонтиради, албатта. Айни пайтда менинг, журналист ҳамкасбларим зиммасидаги улкан масъулиятни ёдимизга солиб туради.

— Сизга ҳам раҳмат, биродар!

Ҳусан ЭРМАТОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сенатор

Тошкент — Париж — Вена — Тошкент