Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Қайд этилишича, эрталаб соат 07:00 дан 14:00 гача ўтказилган назорат тадбирлари давомида ўқувчиларнинг мактабларга автомобил ҳайдаб келгани билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайд этилган.
Қоидабузарлар орасида нафақат юқори синф ўқувчилари, балки 8–10-синф ўқувчилари ҳам бўлган. Айрим ҳолатларда ўқувчилар ўз ота-онасига тегишли ёки ижарага олинган автомашиналарни бошқариб келгани кузатилган.
Хоразм вилоятида эса битирув кечасига автомобил бошқариб келган қизлар ҳам аниқланган.
Айни пайтда байрам тадбирларини кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтказиш мақсадида минглаб Йўл-патруль хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимлари мактаблар атрофида кучайтирилган тартибда хизмат олиб бормоқда.
Масъул идоралар барча ота-оналар ва масъул шахслардан фарзандлар ҳаёти ва хавфсизлигига бефарқ бўлмасликни, вояга етмаганларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймасликни сўрамоқда.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.