У терма жамоа сафида 1994 йилги Осиё ўйинларида ғолиб бўлган.
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси, 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи ва мураббий, футбол фахрийси Абдусамат Дўрмонов вафот этди, дея хабар бермоқда ЎФА.
Абдусамат Дўрмонов 1965 йил Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида “Сурхон”, “Локомотив”, “Пахтакор” ва “Нефтчи” клубларида тўп сурган.
У 1992−1994 йилларда Ўзбекистон миллий жамоасига чақирилган, 1994 йил Японияда ўтказилган Осиё ўйинларида ғолиб бўлган. 2002 йилда эса фаолиятини якунлаган.
Дўрмонов шундан сўнг “Нефтчи”, “Ёзёвон лочинлари” ва “Истиқлол” каби клубларда мураббий сифатида ишлаган. 2015 йилнинг декабрь ойидан буён “Нефтчи”да мураббий сифатида ишлаб келаётганди.